Дўстликнинг олтин силсиласи
Дўстликнинг олтин силсиласи Фото: Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси
  • 26 Февраль 2018

Дўстликнинг олтин силсиласи

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Дўстликнинг олтин силсиласи” деб номланган адабий кеча бўлиб ўтди. 

Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Абдураҳмон Жомий ижоди ва фаолиятига бағишланган ушбу анжуманда юртимизда ўзбек ва тожик тилларида ижод қилаётган таниқли ёзувчилар, шоирлар, шунингдек, навоийшунос олимлар, олий ўқув юртлари талабалари, турли миллий маданий марказлар фаоллари қатнашди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзбеклар билан умумий этник илдизга эга 1,5 миллиондан ортиқ тожик яшайди. 247 та мактабда тожик тилида таълим берилади. Бу икки халқнинг тарихи чамбарчас боғлиқ, маданияти, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари яқин эканидан далолат беради.

Олимжон ДАВЛАТОВ, филология фанлари бўйича фалсафа доктори: 

— Жаҳон адабиёти тарихига назар соладиган бўлсак, зуллисонайнлик, яъни икки тилда ижод қилиш анъанасини кўрамиз. Айнан шу анъана ўзбек ва тожик адабиётида шаклланганлиги диққатга сазовор. Ўзбек шоирлари тожик тилида, тожик шоирлари ўзбек тилида баб-баравар ижод қилишган ва кўплари икки адабиётда ҳам мумтозлик мақомига эришган. Масалан, Мавлоно Лутфий, Саккокий, Навоий, Бобурдан бошлаб то Фитратгача мана шундай анъанани кўришимиз мумкин. Деярли ҳар бир асарда икки қардош адабиётнинг таъсирини кузатамиз. Бугунги кунда ҳам жуда кўп ўзбек ҳикоя ва романларида тожик мақоллари, тожик байтлари бор. Ўз навбатида, тожик адабиётида ҳам ўзбек мақол ва ўхшатмалари учрайди. Айтиш жоизки, бу икки тилда сўзлашадиган бир халқдир. Бу нодир ҳодисани биз асрашимиз керак ва янада ривожлантиришимиз зарур. Бугунги кунда тожик адабиётини қайси хориж тилларида кўп таржима қилинган деган саволга, албатта, ўзбек тилига деб айтамиз ва аксинча, ўзбек шоирлари асарларининг энг кўп таржималари тожик тилидаги намуналардир. Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Сирожиддин Саййид ва бошқа ўзбек ёзувчи ҳамда шоирларининг асарлари тожик тилларида чоп этилган ва севиб ўқилади.

“Дўстликнинг олтин силсиласи” анжумани ҳам икки дўст халқнинг ҳамжиҳатлиги ифодасига айланди.

Афтондил ЭРКИНОВ, филология фанлари доктори: 

— Азалдан ўзбек ва тожик халқлари бир ҳудудда яшаб, бир маданият, бир анъана асосида ўзларининг тарихларини бошларидан кечиришган ва натижада бу халқлар маданиятининг муштараклиги кўп маданий меросларнинг биргаликда яратилишига имкон туғдирган. Бунинг ёрқин мисоли сифатида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий фаолияти, дўстлиги, ижодий жиҳатдан бир бирига яқинлигини келтиришимиз мумкин. Бу ҳамкорлик Ўрта асрлардан бугунги кунгача давом этиб келади. Бугунги адабий кечада шунга ўхшаш жуда кўп фикр-мулоҳазалар янгради. 

Шарофат ЭРМАТОВА, Республика тожик миллий маданий маркази раиси: 

— Бугун биз катта байрамнинг иштирокчиларимиз. Тожик ва ўзбек халқлари ҳақида гап кетганда, қадимдан бир дарёдан сув ичганмиз, бир қўшнимиз ўзбек бўлса, бири тожик бўлиб, қиз бериб, қиз олганмиз, деймиз. Бу тарихимизу қадриятларимиз чамбарчасилигидан. Ана шу дўстлик анъаналаримиз ҳозирги кунда янги суръатда ривожланаётганидан беҳад бахтиёрмиз. Ўйлаймизки, ёшларимиз — Жомий, Навоий, Бобур авлодлари мана шу дўстликка муносиб ҳисса қўшадилар.

Тадбирда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари Жомий, Навоий, Бобур ғазалларидан ёд ўқишди. Ҳофизларнинг куй ва қўшиқлар кечага янада кўтаринкилик бахш этди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn