Бебаҳо тажриба сабоғи
Бебаҳо тажриба сабоғи Фото: soglom.uz
  • 23 Февраль 2018

Бебаҳо тажриба сабоғи

Мутолаа куни ўқилган китоб

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов тавалудининг 100 йиллиги мамлакат миқёсида катта тантана билан нишонланди. Ушбу сана шарафига Ўзбекистон Президенти қарори асосида адибнинг “Сайланма”си ва “Замонамизнинг оташқалб фарзанди” сарлавҳали хотира китоби чоп этилди. Улардан ташқари турли ижодкорлар Шароф Рашидов ҳаёти ва ижодига мурожаат қилиб, бир туркум китоблар нашр этишди.

Улар орасида таниқли маданият арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Азиз Тўраевнинг “O’qituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган “Биз билан ва билмаган ҲАЗРАТИ ИНСОН” сарлавҳали китоби алоҳида диққатга сазовордир. Чунки бошқа муаллифлар илм йўлида тарихий ҳужжатлар ва далиллар асосида тадқиқот ўтказишган бўлса, Азиз Оппоқович эса бевосита Шароф Рашидов билан анча йиллар ҳамнафас бўлган даврни ёдга олиб, қалам тебратади. Бирор шахс ва замон ҳақида билвосита бошқалардан эшитиб хулоса қилишни ижод оламида “шўрвасининг шўрваси” деган таъриф билан ифодалайдилар. Лекин Шароф Рашидов ҳаёти ва ижодига бағишланган китобларни нашр этган муаллифларни заррача камситмаган ҳолда, А. Тўраевнинг хотиротларини ўша давр ҳақида асл манба сифатида қабул қилиш мумкин, деб ўйлаймиз.

Азиз Тўраев ихлос қўйган ўз устози ҳақида ёзар экан, одамлар оғзида юрган турли миш-мишларга барҳам беради, айнан ўша воқеалар ҳаётда қандай рўй берганлигини ишончли далиллар асосида тақдим этади. Натижада ҳаётий далиллар ёлғонни фош қилади. Шароф Рашидовнинг ўз халқи қайғусида қандай шижоат кўрсатганлиги, ул зот ҳамиша одамларимиз ҳаётини яхшилаш учун жон куйдирганлигини муаллиф кундалик фаолияти асносида ҳикоя қилади.

А. Тўраев бу мавзуга биринчи бор мурожаат қилиши эмас. 1991 йилда “Мулоқот” журналида “Холис баҳо қадри” сарлавҳали мақола билан чиқиш қилган. Демак, Азиз Оппоқович ўтган йигирма олти йил мобайнида шу мавзуда китоб ёзишни кўнглига тугиб юрган. Зеро, ўша илк мақола ҳам рост сўз айтиш заруратини ҳис қилган муштарийлар қалбига малҳамдек ёқиб тушганди. “Шундан англадимки, – дейди Азиз Тўраев, – халқимиз адолатни, ҳақиқатни хуш кўради. Рост сўз – инсоннинг зийнати. Элни ҳеч қачон алдаб бўлмайди, балки элнинг лаънатига қолиш мумкин. Шунинг учун дилингиз ва тилингиз бир хил бўлсин”. Муаллиф ушбу китобда ўзи айтган тамойилга тўла риоя қилган.

Азиз ака ўз битигида Шароф Рашидовнинг қандай меҳнаткаш оилада ўсганига эътибор қилади. Буни муаллиф қаердан билади дейсизми? У кишининг ёзишича, Шароф ака баъзи-баъзида меҳрибон ота-оналари ҳақида чексиз ҳурмат билан сўзлар экан. Эътибор қилинг, марҳум ота-оналарининг эзгу фазилатлари ҳақида миннатдор бўлиб сўз юритиши учун инсон қанчалик самимий бўлиши керак. Ана шу муҳитда улғайган инсон, албатта, ҳаёт қадрини дилдан англаган, инсонпарвар бўлиши табиий.
Шароф Рашидов юксак лавозимда ишлаётган пайтларида ҳам марказкомнинг маданият бўлими мудири билан биргаликдаги фаолияти мобайнида устозларга меҳр-муҳаббат муносабатини намоён этади. Муаллиф хулоса қилади: Шароф ака ёшлигида ўқитувчи бўлишни орзу қилган. Шу боис муаллимларга эҳтиром кўрсатади. Китобнинг навбатдаги боби “Маърифат аҳлининг жасур ҳомийси” деб аталиши бежиз эмас.

Хўш, Шароф Рашидов шунчалик самимий, фидойи инсон экан, нега уни ҳар хил айбномалар билан қоралаб ёзишди? Китоб муаллифи ана шу каби саволларга босиқ, вазмин оҳангда аниқлик киритади. Азиз аканинг гувоҳлигида Шароф Рашидов Акмал Икромовнинг номини оқлади. Ўзбекистоннинг битта тумани унинг номи билан аталди. Унинг ўғли Комил Икромов Москвада яшар ва рус тилида ижод қилар эди. Ёзувчининг Ўзбекистонга келиб-кетиши, юртимиз сарҳадларини эркин сайр қилиши учун алоҳида шароит яратилади. Шароф аканинг шахсан ташаббуси билан Комил Икромовнинг 3 та китоби ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди. Унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони берилди. Комилга Шароф Рашидович отасидан кўп меҳрибонлик кўрсатди. У набокор бу яхшиликларни билмади. Шароф аканинг шаънига биринчилардан бўлиб бўҳтонлар ёғдирди. Ўзини азият чеккан бир ночор қилиб кўрсатиб, кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, инсонга хос бўлмаган пасткашликлар қилди. Шу ўринда Шароф Рашидовнинг ибратли сўзлари ёдимга келди. “Одамларни билмоқчи бўлсанг, амал бериб кўр”. “Яхшилик қилсанг, уйингга етмай қоласан”. Уларни ўқиган китобхон ҳақиқий ҳаёт қандай эканини англайди ва ҳар қандай шубҳадан холос бўлади.

Амир Темурнинг мустабид даврда жаллод, золим ҳукмдор сифатида талқин этилиши, ўша замонда академик Иброҳим Мўминовнинг жасорати ва кейинчалик бу олимга қилинган ҳужумлар ҳақида узуқ-юлуқ гаплар эшитган эдик. Марказкомнинг масъул ходими бу воқеаларга бевосита гувоҳ бўлгани учун қоғозга туширган. Марҳамат, бўлган гапларни ушбу китобда ўқиб, энг ишончли маълумотларни олишингиз мумкин.

Шароф Рашидов Заҳириддин Муҳаммад Бобурга қандай муносабатда бўлган? Примқул Қодиров асарлари дунёга таралишида Ш. Рашидовнинг хизматлари нимадан иборат? Адабиёт, санъат ва кинематография соҳасида оламшумул тадбирларни айнан Тошкентда ташкил этишдан мақсад нима эди? Муаллиф аввал шу саволларни кўндаланг қўйиб китобхонни қизиқтирса, шахсан ўша дахлдор бўлган воқеалар орқали чин ҳақиқатни ҳикоя қилади. Яна такрор айтамиз, Азиз ака бу тарихни кимлардандир эшитиб эмас, ўзлари хабардор бўлиб қаламга олганлар.

“Ёшлик” журналининг ташкил этилиши, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг тақдири учун жон куйдириши ҳақидаги ҳикоялар китобхонни жуда қизиқтиради.
Шароф Рашидовнинг бош-қош бўлиши, халқ учун куйиб-ёниши ўз-ўзидан бўлмайди. Ул зотнинг суҳбат орасида муаллифга айтган қуйидаги сўзлари нақадар самимий: “Қандай ажойиб халқимиз бор-а, туну кун тинмай меҳнат қилса-да, тилидан шукроналик тушмайди. Бундай фидойи ва заҳматкаш элни қаердан топса бўлади. Биз уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш учун ҳам кўп иш қилишимиз керак. Улар юртни боқади, кийинтиради, иқтисодиётимизни юксалтиради. Биз уларнинг қадоқ қўлларини сиқиб, миннатдорчилик билдиришимиз керак. Токи улар ҳаётдан, қиладиган ишидан мамнунлик ҳис этсин. Янада баракалироқ ишласин”. Бу қанотбахш сўзлар китоб лейтмотивини ташкил этган ва шу боис рассом Ш. Одилов ана шу пурҳикмат сўзларни муқовага меҳр билан битган.

Бир қарашда республика раҳбарининг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Лекин Шароф Рашидов ҳам собиқ марказ олдида баъзан ожиз қолар, ўз республикаси учун имкон қадар қатъият билан курашар, ўрни келганда дипломатлик қуролини ишга соларди. У киши раҳбарликнинг дастлабки беш йилида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларини қайта тиклаганлигининг ўзи алоҳида тарих экан. Муаллиф бу борада раҳбар тутган тактика ҳақида муфассал ҳикоя қилади. Пировардида Ш. Рашидов бу икки вилоятни ривожлантириш мақсадида ўнга яқин янги лойиҳаларни амалга ошириш режасини марказдан тасдиқлатиб, маблағ ажратилишининг ҳам уддасидан чиқди.
Тошкент зилзиласидан кейин Ўзбекистон пойтахтини тиклаш ишларида Ш. Рашидовнинг хизмати алоҳида иштиёқ билан ёзилган. Азим Тошкентни дунёнинг нуфузли кентларидан бирига айлантиришда республика раҳбарининг ўрни беқиёсдир. Тошкентнинг бош майдони архитектураси ўша даврнинг энг кўркам ва чиройли меъморчилик намунаси сифатида эътироф этилиб, давлат мукофотини олганлиги бунинг исботидир. Дарвоқе, Ўрта Осиёдаги энг баланд телеминора ҳам у киши раҳбарлик қилган йилларда қад ростлаган эди.

Муаллиф Ш.Рашидовнинг “Болалар” сарлавҳали публицистик мақоласидан шундай иқтибос келтиради: “Болалар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин бизнинг айтадиган гапимиз шуки, болалар – бу ҳаёт дегани, бизнинг келажагимиз дегани. Шунга кўра Тошкентда юз берган фалокат кунлари Ўзбекистон пойтахтининг жажжи фуқаролари ҳақида қайғуриш биринчи даражали иш бўлиб қолди.”

Ўрта Осиёда ягона бўлган Тошкент Метрополитени қурилишининг ўзи алоҳида бир мавзу. Агарда ўша пайтлар ҳар бир қурилиш объекти фақат марказнинг кўрсатмаси асосида амалга оширилганлигини инобатга олсак, Тошкент Метрополитенини қуриш учун рухсат ва маблағ олиш қанчалик катта жасорат талаб этишини кўз олдимизга келтириш жудаям мушкул. Тан олиб айтиш керак, Метрополитен қурилиши ҳам, авваламбор, моҳир дипломат, уддабурон Шароф Рашидовнинг саъй-ҳаракатлари ва жасорати туфайли амалга оширилган эди.

Азиз Тўраев ўз китобида рашидовлар оиласи ҳақида ҳам алоҳида бобда ҳикоя қилади. Мазкур муқаддас хонадон ҳақида расмий ҳужжатларда олинган маълумотларга асосланмасдан, балки бевосита ўзлари хабардор бўлганлиги туфайли ишончли ҳикоя қоғозга туширилган.
1974 йил. Азиз Оппоқович Сирдарё вилоятида фаолият юритган пайтлар. Вилоятнинг биринчи раҳбари А. Тўраевни Тошкентга, марказкомга чақиришганлигини маълум қилади.  Шу тариқа 38 ёшли мутахассис қандай қилиб Шароф Рашидов қўл остидаги идорага ишга келганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Бу сатрларни ўқиб, ўша йилларда устоз-шогирд юрт учун, шу азиз Ватан учун қанчалик иштиёқ билан ишлаганликларини ўқиб, ҳавасингиз келади. Айнан шу ҳавас китобнинг мазмун-моҳиятини белгилаб берган.

Азиз Тўраев марказкомдан кейин ҳам олий таълим тизимида узоқ йиллар самарали фаолият юритдилар. Ҳозирги кунда ҳам жамоатчилик ишида тиним билмайдилар. Домланинг эътиборли фаолиятида Шароф Рашидов билан ишлаган йилларида орттирган тажрибалари бугун ҳам қўл келаётган бўлса, ажаб эмас.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
“Халқ сўзи” газетаси Бош муҳаррири ўринбосари.  

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn