“Мен ким, Азим Суюнман, шоирлар деҳқониман”
“Мен ким, Азим Суюнман, шоирлар деҳқониман” Суратлар: Шомурот Шарапов /"Хал? сўзи"/
  • 22 Февраль 2018

“Мен ким, Азим Суюнман, шоирлар деҳқониман”

Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонада таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюннинг етмиш йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилояти Накурт қишлоғида туғилган. ТошДУ журналистика факультетини тамомлаб, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб, “Халқ сўзи” газетасида бўлим муҳаррири, “Ўзбекистон овози” ва “Голос Ўзбекистана” газеталарида бош муҳаррир  бўлиб ишлаган. Шоирнинг “Менинг осмоним”, “Зарб”, “Замин тақдири”, “Хаёлот”, “Зиё йўли”, “Жазо”, “Олис тонглар”, “Куйганим — суйганим”, “Қора кўзинг сенинг”, “Сарбадорлар”,  “Сайланма”, “Ўзлик”, “Шарқ ҳикмати”, “Эй дўст”, “Ватан фасллари”, “Муҳаббат ҳайратлари”, “Танланган асарлар” китоблари мухлислар ўртасида шуҳрат қозонган. Шоир шеърияти халқона оҳангларга бой.

Тадбирда сўз олган Азим Суюннинг дўсти, таниқли адиб ва шоир Абусаид Кўчимов унинг таржимаи ҳоли, оиласи ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

Иброҳим Ғафуров, Саъдулла Ҳаким, Хуршид Дўстмуҳаммад сингари ижодкорлар Азим Суюннинг ижоди, инсоний фазилатлари, ижтимоий фаолияти хусусида атрофлича атрофлича сўз юритишди.

Тадбир давомида Азим Суюннинг шеърларидан ўқилди. Унинг “Мен ким, Азим Суюнман” деган машҳур шеърини сизларнинг эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Мен ким, Азим Суюнман

Мен ким, Азим Суюнман, шоирлар деҳқониман,

Деҳқонлар ичра эса бир сийловли жониман.

Дону дуним сўз эрур, у оқ қоғозда унур,

Бошоқ каби товланур, эл-юртим хирмониман.

Хирмоним тўқ мағизли, уялмайди оғизли,

Туғмунчоқдай азизли, онамнинг маржониман.

Сара уруғдан сара, чала уруғдан чала,

Чалалик – чипқон яра, гар чала сомониман.

Ғанимларим бисёрдир – қуш, чигиртка айёрдир,

Тортиб кетар – тайёрдир, донсиз тегирмониман.

Деҳқоним, дон далангда, унмасин пуч-палағда,

Элни қилма алағда, унинг дастурхониман!

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn