Курасава режиссёрлигида суратга олинадиган фильм сценарийси “Ўзбеккино”да муҳокама қилинди
  • 19 Февраль 2018

Курасава режиссёрлигида суратга олинадиган фильм сценарийси “Ўзбеккино”да муҳокама қилинди

“Ўзбеккино” Миллий агентлигида Япониянинг “Loaded Films Co.Ltd” компанияси вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Хабарингиз бор, ушбу компания ижодкорлари ўзбек-япон қўшма бадиий фильмини суратга олиш ташаббусини билдирган.

Шу муносабат билан япониялик таниқли кинорежиссёр Киёши Курасава бошчилигидаги делегация икки бор юртимизга ташриф буюриб, мазкур кинолойиҳани амалга ошириши бўйича дастлабки музокараларни олиб боришган эди.

Томонларнинг бу галги учрашувида асосан янги фильм сенарийси, тасвирга олиш объектлари, техник таъминот каби масалалар муҳокама этилди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фурқат Зокиров фильм сенарийси Бадиий кенгаш аъзолари томонидан ўрганиб чиқилиши ва шундан сўнг якуний ҳулоса тақдим этилишини маълум қилди. 

— Ўзбекистонда бугун қарийб барча соҳаларда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда, янгидан-янги имкониятлар очилмоқда, қулайликлар яратилмоқда, — дейди Фурқат Зокиров. — Меҳнаткаш ўзбек халқининг меҳмондўстлик, гъамхўрлик, очиқкўнгиллик, ҳалоллик, бир-бирига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш каби ҳислатлари эса неча-неча замонлар оша ўз қадри ва қийматини йўқотмай келмоқда. Мазкур лойиҳа ҳар икки халқнинг миллий манфаатлари талабларига жавоб берадиган етук киноасар бўлишини жуда ҳоҳлаймиз,. 

Японияликлар билдирилган ишонч ва дастак учун “Ўзбеккино” Миллий агентлигига миннатдорлик билдирдилар ва маҳаллий мутахассисларнинг сценарий юзасидан берадиган кўрсатмалари, албатта, инобатга олинишини маълум қилдилар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn