Мазкурни ўқиган доно бўлмайди...
  • 16 Февраль 2018

Мазкурни ўқиган доно бўлмайди...

Китобда маъно-мантиқ бўлмаса сохта даъвогарлар кўпаяди

 

Мушоҳада

Мамлакатимизда кейинги йилларда китоб ва унинг мутолаасига давлат даражасида аҳамият қаратила бошланди. 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори китобнинг миллат маънавиятида нечоғли кучга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.

Оммавий ахборот воситалари орқали китоб тарғиботига кенг ўрин берилаётгани ҳам таҳсинга сазавор. Аммо бу дегани соҳада муаммолар ечим топиб, ҳаммаси изга тушиб кетди дегани эмас. Давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари шу қадар эътибор бериб турган эканлар, демак, олдинда қилинажак ишлар кўп. Дўконлардаги китоб нархлари ўртасидаги тафовутларни ҳал этиш, китобларнинг электрон вариантларини яратиш борасида муаллифлар билан самарали ва тизимли фаолият олиб бориш сингари масалалар қаторида чоп этилаётган китоблар савияси ҳам кўндаланг турибдики, мутахассисларнинг диққати доимий равишда бу муаммо ечимига қаратилмаса, кўзлаган мақсадимизга эришиш мушкул бўлиб қолаверади.

Яқинда 40 минг сўмга  “Бахтли ва фаровон ҳаёт билан руҳ хотиржамлигини таъминловчи фазилатлар” деб номланган китоб харид қилдим. Масъул муҳаррир — техника фанлари доктори, профессор Зокирхонҳожи Шокирхон ўғли Афзалов, тақризчилар — фалсафа фанлари доктори Зиёд Давронов, педагогика фанлари доктори Мамаражаб Тожиев, фалсафа фанлари номзоди Гулсанам Тиллаева. Шу жиҳат ҳам бу китобга қизиқишимни оширган эди. “Фалсафий-маърифий асар” деб тақдим этилаётган мазкур матбаа маҳсулоти титул саҳифасидаги “Бу китоб ҳар кимга керак, ҳар кунга керак” деб битилгани ҳам уни харид қилишга ундаган сабаблардан бири эди. 

472 бетлик салмоқдор нашрга сарлавҳаю таърифлар ҳам кам кўринган шекилли, муаллиф — фалсафа фанлари доктори, профессор Бўри Зиямуҳамедов яна бир манзума қўшиб қўйибдилар:

“Мазкурни ўқиган доно бўлади,

Жаҳолатдан чиқиб, онги тўлади”

Бай-бай, нимаики битибдурлар, демак, бари илму ҳикмат экан-да! Камига, Қадимда яшаб ўтган алломалар билан шу замон олимлари фикридан келиб чиққан ҳолда, муаллифнинг ўттиз йиллик тадқиқотлари натижасида ишлаб чиқилган ва Туронзамин халқларида шакллантириш зарур бўлган 13 фазилат туронликларнинг ахлоқ кодекси сифатида қабул қилинса, халқимиз ижтимоий ривож пиллапояларидан кўтарила бориб, бу дунёда бахтли ва фаровон ҳаётга ҳамда руҳий хотиржамликка эришиши муқаррар эканлигини исботлаш”дан иборат амалий мақсади ҳам бор экан. 

Бунча билим ва маърифат беришга ҳиммат қилган валломат ҳар томонлама етук, фозил, оқил ва комил бир аломат инсон бўлиши керак. Бу китоб билан танишиб, биология, фалсафа, педагогика, дидактика ва ҳоказо илмларнинг қаймоғи жамулжам бўлганини кўриб, камина ҳайрат бармоғини тишлади-қолди. Ахир, ўзингиз бир қаранг (имлоси китобдагидай): “Овқатни истеъмол қилганидан кейин у ошқозонга тушиб яхшилаб эзилиб бўтқага айланади, сўнг ингичка ичаклардан ўтиб йўғон ичакка тушади” (73);  магистрант “илмий раҳбари ёрдамида фандаги ечилмай турган муаммолор ичидан шу кунумизга зарур бўлганларини, яъни долзарб муаммоларни ажратиб олади”(193); “Иккинчиси, ўқув машғулотини лойиҳалаш ва уни амалиётда қуллаш жараёнида, албатта умуммажмулар назариясига асосланувчи, объектив борлиқга «мажму ёндашув» (системнқй подход) тамойили қонунларига амал қилиш” (396); “Акс ҳолда у устозининг ўғити ва китоб мазмунига тушунмайди” (173); “Ёзишда давом этинг!” (421)

Жами Туронзамин аҳолисининг ахлоқ кодекси бўлиши ваъда қилинган “Икки дунё саодатига эриштирувчи” 13 бандлик тўқима “фазилатлари”га ҳайронлик бир четда қолиб, “бўлажак жамият қомуси тамойиллари”дан бири қилиб Инжилдан “Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, чунки улар Худо ўғиллари дейилур”, деган парча берилганига ёқа тутамлайсиз.

  • Муаллифнинг “Инжилни ўқимаган одам Қуръони каримни тўлиқ тушуниб етмаслиги”(19) каби даъволари, Оллоҳ “Мен инсонни обид эмас, балки олим қилиб яратдим, билим излаган Мени топади” деб марҳамат қилган” (86) деб Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам йўқ гапларни ёзишдай қалтис ғайриисломий “кашфиёт”лари ёш китобхон онгини лойқалатишдан бошқасига ярамайди. У яна фан ва динни қовуштиришдай ҳориқулодда бир мушкулотни ечишга уринади: “Биз ҳам китобимизда бу икки билимни бир-биридан ажратмай, бирини биридан келтириб чиқариб, бирини бирига сингдириб, бирини бошқаси билан исботлашга ҳаракат қилдик”, деган эклектикага мойил гапларни тақдим этишдан ийманмайди. Илм далиллаш, дин тарғибот орқали бўлади, “бирини бошқаси билан исботлаш”га тиришиш эса отни ўрмалашга, қалдирғочни югуришга мажбур қилишдай беҳуда иш. Боз устига инсон ва унинг моҳияти ҳақидаги мулоҳазалар,  13 бандлик “бўлғуси ахлоқ кодекси”, “Янгича қараш — “Умуммажмулар (?) назарияси” ва “Ўқув машғулот лойиҳасини тузишга оид йўриқномалар” сингари бир-бирига мутлақо алоқасиз мавзулар бири тоғдан, бири боғдан қабилида бу китоб саҳифаларига тиқиштирилади. “Курравий динлар бўлиб ҳисобланган яҳудий, насроний ва ислом динларини ўзаро яқинлаштиришни ҳам кўнгилга тугиб қўйганмиз”, дея янада каттароқ ниятлари ҳам борлигини ҳам айтиб, ўта қалтис масалага – дин бобидаги янги даъволарга иддао қилади.

Янги чоп этилган бошқа бир – “Коинот тузилиши ва Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақида энг янги гипотезалар”(муаллиф — Юсуф Рўзи Байкандий)деб аталган китобга физика-математика фанлари доктори, профессор К. Насриддинов “Во ажаб” сарлавҳали сўзбоши ёзиб, “муаммога тизимли ёндашилгани”ни мамнуният ила қайд этган бўлса, ҳайратини яшира олмаган кимё фанлари номзоди, доцент Н. Севинчов асарни “теран фикрлар маҳсули” деб баҳолайди.

Шунча олқишлардан сўнг китобни ўқимай бўладими? 

Муаллиф Нострадамуснинг “Центуриялар”ига ўхшаб кетадиган бир услубда баён этган 31 та тахминининг биронтасини ҳам исботлаб ўтирмай,  олам аҳлини баҳраманд қилиш учун икки тақриз билан қўшиб рус ва инглиз тилларига ҳам таржима қилдириб чоп эттирибди. Тўғри, ҳар қандай илмий янгилик гипотезадан бошланади. Жўяли гипотеза тафаккур парвозига йўл очади, айниқса, космология соҳасида бирон янгилик усиз юзага чиқмайди. Хўш, Юсуф Байкандийнинг гипотезалари қай даражада асосли, унинг мантиғи ҳозиргача қўлга киритган ютуқларга асосланганлиги, янги билим ва тушунчалар беришдаги салмоғи қанча, хуллас, бу кашфиётлар тўғри бўлиб чиқса, нимага эришамиз? 

  • Муаллифнинг назарида, “коинотнинг –200 Сга яқин совуқлигида сув муз парчаларига айланган ва у атрофидаги чанг, қум ва турли элемент молекулалари, суюқ ҳолдаги газларни ўзига тортиб катталашаверган. Катталашишни олдинроқ (?) бошлаган” (8-бет). Унда, музлашдан аввал сув суюқ ҳолда бўлган экан-да? 

Замонавий астрономия фани бир-биридан узоқлашишиб бораётган галактикаларнинг спектрал таҳлили асосида коинот бундан 12-13 миллиард йиллар аввал “Буюк портлаш” орқали пайдо бўлган, деб таълим беради. Бизнинг муаллиф эса, “сахийлик” билан яна 15 миллиард йил қўшиб, коинотда “бундан 27,5-28 миллиард йиллар илгари бўшлиқ бўлмаган” дея ҳукм қилади. Асослашни эса, лозим ҳам топмайди, чунки бу — гипотеза-ку.  

  • Алқисса, орадан 7-8 миллиард йил ўтади. Кейин, ўзаро тортилаётган жисмлар газ молекулалари орасидан ўтаркан, қизиб оловланади, нима учундир, бу оловланишнинг тезлиги шунча катта самода атиги... товуш тезлигига яқин бўлар эмиш. Ишқилиб, буларга “тахминий аниқлик”(?) киритса ҳам бўлар эмиш (13-бет, Гипотеза №5).

Албатта, уларнинг ҳар бирига батафсил тўхтала олмаймиз ва бунга ҳожат ҳам йўқ. Ҳақиқат мантиғи билан хомхаёлнинг қатиғи омухта бўлиб кетган бу “янгилик”ларни гипотеза эмас, метатеза деб баҳоласак, ҳақиқатга яқинроқ бўлар эди. Гапни чўзмай, биргина 30-гипотеза билан қаноатлансак. Муаллиф бунда одамнинг руҳ-жони ҳақида сўз очади: “Одамлар ва бошқа жонли мавжудотлар атрофида биомайдон борлигини биламиз. У майдон таъсирида одамлар бир-бирига, ҳатто жисмларга ҳам ўзининг масофадан таъсир қила олишини кўп марталаб кўрганмиз. Демак, биомайдон энергияга эга. Бинобарин, энергия бордан йўқ бўлмайди. Инсон вафот этгач, у руҳ бўлиб унинг танасидан коинотга чиқиб кетади. Коинотда қайта-қайта ҳаёт юзага келгач, у руҳлар яна бошқатдан ўз эгаларига қайтадилар”. 

Изоҳга ҳожат бўлмаса керак.

Буюк Конфуций “Кўча гапига куч берганнинг мияси пуч келади”, деганидек, ҳар қандай тахминий гапни китоб ҳолида ўқувчи ҳукмига тақдим этмаслик учун инсоф ҳам керак. Диний, фалсафий, илмий ё маърифий жиҳатдан хато ва зарарли ҳам бўлган бундай китоблар чиқишига йўл қўймаслик учун эса матбаа соҳасида қилни қирқ ёрадиган мутахассислар ҳам уйқудан уйғонишлари лозим бўлади. Бугун мамалакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг замирида инсон манфаатлари ётади. Юксак инсонпарварликка йўғрилган бу юксак мақсад амалга ошиши учун чоп этилаётган ҳар бир янги китоб холислиги, дид-фаросат билан зийнатланган бўлиши кераклигини эса маънавият майдонида фаолият олиб бораётганлар унутмаслиги лозим. Зеро, бу майдон кимнинг оти кирса ўшаники чопадиган машқ майдони эмас, унда халқ тақдири, миллат келажаги ҳал этилади. 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

филология фанлари номзоди. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn