Бобурни ёд этиб
Бобурни ёд этиб Фото: Динара ЧИРКОВА/ “Халқ сўзи”/
  • 15 Февраль 2018

Бобурни ёд этиб

Мамлакатимизда улуғ мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллиги кенг нишонланди. Таълим муассасаларида, зиё масканларида, маҳаллаларда уюштирилган илмий-амалий анжуманлар, адабий учрашувларда ул зотнинг бой маънавий мероси, давлат бошқарувидаги тутуми, оиладаги ўрни хусусида сўз борди.

Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган Андижон вилоятида шоиру ёзувчилар, талаба-ёшлар, бобуршунос олимлар шоир ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. 

Шу куни  умумтаълим мактабларида, коллеж ва лицейларда Бобур ҳаёти ва ижодига оид иншолар ва расмлар кўрик-танлови ташкил этилган бўлса, олий ўқув юртларида илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Бобур уй-музейи ва “Боғи Бобур” мажмуасида анжуманлар уюштирилди. Шоир адабий мероси тасвири акс эттирилган махсус “Библиобус” орқали вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бобокалонимизнинг маънавий мероси тарғиб этилди. Шунингдек, одамлар гавжум жойларда, транспорт воситаларида, меҳнат жамоаларида “Бобурни ёд этиб”  мавзуидаги акция ўтказилди. Унда фаол иштирок этганлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида уюштирилган адабий-мусиқий тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маънавият тарғиботчилари, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, таржимонлар, талаба-ёшлар, журналистлар иштирок этди.

Унда Бобур асарларидаги эзгу ғоялар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгида миллий қадриятларимизга эҳтиром, юрт тараққиётига дахлдорлик туйғуси ва мустаҳкам фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбир доирасида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” фильми намойиш қилинди, “Кўзумнинг ёшини дарё қилибсен” деб номланган китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Унда иштирокчилар Бобурнинг ҳаёти ва ижодига оид адабиётлар билан танишдилар. 

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам буюк аждодимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллиги кенг нишонланди. Хусусан, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур — шоир, саркарда ва давлат арбоби” деб номланган анжуман ўтказилди.

— Бобур нафақат саркарда, балки тарихчи ҳамдир, — дейди мазкур муассаса ўқитувчиси Икром Холмуродов. — Унинг “Бобурнома”дек тарихий, бадиий мемуар асари жаҳоннинг жуда кўплаб тилларига таржима қилинган. Бобокалонимизнинг тарих ва маданиятимиз олдидаги хизматлари беқиёс. Бу буюк инсоннинг мероси ҳамон авлодларни лол қолдирмоқда.

Тадбирнинг бадиий қисмида Бобур ғазаллари ва рубоийларидан намуналар ўқилди.

Бухоро вилоятида ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди куни муносабати билан адабий учрашувлар, бадиий кечалар давом этаяпти. Мумтоз адабиётимизнинг ёрқин тимсолига бағишланган асосий анжуман Бухоро давлат университетида уюштирилди. 

Кечада профессор-ўқитувчилар, адабиёт ихлосмандлари, талаба-ёшлар қатнашди. Тадбирда Бобур лирикаси, унда тараннум этилган умуминсоний ғоялар ҳақида сўз юритилди. Университет филология факультети талабалари томонидан шоир ҳаёти ва ижоди тўғрисида адабий-мусиқий композиция намойиш этилди.

Наманган вилоятидаги таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида халқимизнинг икки буюк сиймоси — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди саналарига бағишланган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Вилоят ахборот-кутубхона марказида Наманган шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган адабий-бадиий, мусиқали кеча, бобуршунос олимлар, ижод аҳли вакиллари иштирокидаги учрашув, суҳбат ва мулоқотлар қизғин мушоирага айланиб, дилларга олам-олам завқ улашди. Ушбу тадбирларда адабиёт ихлосмандлари ва кенг жамоатчилик вакиллари Бобур давридаги адабий муҳит, у қолдирган бой мероснинг ўзига хос қирралари ҳақидаги маърузаларни тингладилар.

Бундай анжуманлар бошқа ҳудудларда ҳам бўлиб ўтди.

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn