Навоий ва замонамиз
  • 08 Февраль 2018

Навоий ва замонамиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мажлисларда, учрашувларда алоҳида эҳтиром ва урғу билан ёдга оладиган мисралари бор. Бу Алишер Навоийнинг қуйидаги шоҳбайтидир:

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан ўтказилган ислоҳотлар, ҳаётга татбиқ этилган Фармон ва қарорлар, бу йил тадбиркорлик, инновациялар ҳамда технологиялар ривожи йўлида амалга оширилаётган  ишлар бевосита юқоридаги мисралар ғояси билан ҳамоҳангдир.

Алишер Навоий ёзган барча асарларни мустақиллик даврига келиб деярли тўлиқ ўқишга муяссар бўлдик. Сиёсий-мафкуравий зўравонликлар боис аввалги нашрларда тушириб қолдирилган ҳамд ва наътлар тикланди. Дунёқарашлар, асарлар, санъатлар қатимидаги тасаввуф билан боғлиқ қарашлар янги авлод олимларимиз томонидан чуқур ва атрофлича тадқиқ этила бошланди. Бу тадқиқотлар, наинки навоийшунослик, балки умуман сўнгги босқич ўзбек адабиётшунослик фанининг умумбашарий ютуқлари қаторига кўтарилади. Дастлабки, мукаммал 20 жилдлик ҳамда унинг янги нашри устидаги меҳнат ўзбек матншунослик фанини янги босқичга олиб чиқиши баробарида, Навоий даҳосининг чексиз қирралари билан мукаммал танишиш имкониятларини яратди.

Буларнинг барчаси Навоий ва замонамиз деган  масалага — Навоий ижоди, ғояларининг замонавий аҳамияти, қиммати деган масалага янада яқинроқ бўлиш, уларни идрок ҳамда тарғиб этиш имконияти ва заруратини туғдиради. Ҳаётимизда муҳим бўлган ислоҳотлар амалга оширилмоқда; илм-фанга янгича муносабатлар зарурлиги алоҳида таъкидланаяпти. Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академиясининг ташкил этилиши, умуман, Ислом инсониятнинг умумбашарий қадриятлари шаклланишидаги бош омиллардан бири бўлганига ва у келгусида ҳам инсоният тараққиётида ҳамда тинчлигида, шубҳасиз, муҳим ўрин тутажаги, Президентимиз энг юксак минбарлардан туриб халқаро миқёсдаги эътиборни тортиши, бу, ўзбек халқи, миллатининг нуфузи жаҳон миқёсида кўтарилиб бораётгани ва тан олинаётганидан бир муждадир. Мана шу ва ХХ асрнинг бошқа кўпдан-кўп муаммолари ўрганилиши, ҳаётга теран ҳамда таъсирчан сингдирилишида Навоий асарлари, қаҳрамонлари, ғоялари биз билан, замонамиз билан камарбастадир.

Бугунги куннинг ўткир ва глобал муаммоларига жавоб топишда айнан Навоий асарлари ёрдамга кела олади.

Улуғ бобомиз ўз ҳисобидан “Ихлосия” ва “Низомия” мадрасалари, “Шифоия” тиббийгоҳи, ўнлаб кўприклар, работлар қуриб бергани, юз-юзлаб илм толибларини моддий мадад, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб тургани жаҳон миқёсидаги улкан сармоядорларга, ҳатто, ўзимиздаги янги мулкдорларга ибрат эмасми?!

“Лисон ут-тайр”даги Симурғ тимсоли Аллоҳни кўришга интилган қушлар ниятининг амалдаги натижасида ифодаланган ғоя; буюк “Хамса”дан тортиб, бошқа барча асарларидаги дину диёнат ва дунёвий мақсадларга уйғун гуманизм ҳамда юксак ахлоқни тараннум этувчи манзумалари; “Ҳайрат ул-аброр”даги инсон ва яшамоқ моҳиятининг юксак фалсафий тараннуми, ўз давридаги дардли муаммоларнинг гўзал бадиий ечимлари бизнинг замонимиз учун ҳам тааллуқли бўла олади.

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этиш, бу масалаларга  давлат миқёсидаги эътибор, нашрлар ҳақида ғурурлансак арзийдиган ишларимиз оз эмас. Дунёнинг қайси бир мамлакатида, буюк адиби ижодини ўрганган адабиётшуносга “Қаҳрамон” деган юксак унвон берилган? Бизда адабиётшунос олимамиз Суйима ўаниева шундай унвонга сазовор бўлди. Таълим-тарбиядаги дастлабки — боғчадан тортиб, докторантурагача бўлган барча босқичда Навоий ҳаёти ҳамда ижоди астойдил ўрганилади. Лекин, шунга қарамай, кенг китобхонлар оммаси ва ҳатто, кўплаб адабиёт муаллимларигача Навоий ижодини умуман билиш (хусусан, “Хамса” достонлари); асарнинг, асосан, мазмунинигина идрок этиш; ғазаллар ва улар асосида яратилган қўшиқлардаги айрим сатрларнигина чала-чулпа англаш билан кифояланиш давом этмоқда.

Навоийнинг кенг халқ оммаси томонидан тушунилишини осонлаштириш бугунги адабиёт илми, илмий-эстетик педагогиканинг долзарб муаммолари бўлиб келмоқда. Буларнинг илмий-амалий ечимларини топишимиз зарур. Бунинг учун “Навоий сари олға” дейилгудек бўлса, фикр кўпларга эриш туюлиши ҳам мумкин. Лекин, бундан қатъи назар, Навоий маҳоратини, асарлари қудратини янада чуқур билиш зарургина эмас, шарт. Бусиз ҳақиқий ўзбекман дейишга камида истиҳола қилишга тўғри келади. Биз ижтимоиёт, маданият, иқтисодиёт, сиёсатнинг барча соҳасида Ватан ўртага қўяётган талабларни амалга оширган ҳолда, Навоийни чуқур ва теран тушуна олсаккина, буюк миллат бўла оламиз.

Навоий ҳақида олиб борилаётган илмий ишларимиз қимматидан, ҳажмидан, улардаги тор соҳа мутахассислари англаб етадиган даражадаги салмоқдан нолимасак бўлади. Бу йўналишларда эътиборли тадқиқотлар амалга оширилмоқда.

Гап бу ўринда Навоий асарларидаги маҳорат ва қудрат гўзаллигини кенг китобхонлар оммаси томонидан ўзлаштира олиш зарурати ҳақида бормоқда. Навоийга муносабатда мана шу муаммога алоҳида эътибор берилмас экан, аҳвол эскилигича қолавериши мумкин. Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш масалаларига бағишланган қарори бошқа муҳим вазифалар қатори мана шундай масалаларга ҳам эътибор беришга ундайди. Тўғри, Навоийни бугунги китобхон яхши тушунишига ёрдам берувчи ишлар йўқ эмас. Хусусан, сўнгги йилларда бу борада И. Ҳаққулов бир қатор хайрли ишларни амалга оширди. “Хамса” шоҳбайтлари талқини ва бошқалар, 

Б. Тўхлиев раҳбарлигида Навоий ғазалларининг насрий баёни, шарҳ ва изоҳлардан иборат китоблар яратилди. 

Н. Комилов, Н. Жумахўжа, В. Раҳмонов, К. Муллахўжаева, Д. Юсупова ва бошқаларнинг бу йўналишдаги ишлари эътиборлидир.

Яна бир масала. Қатор мамлакатларда элчихоналаримиз мавжуд. Уларнинг фаолияти доирасида долзарб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий масалалар, маданий алоқалар ҳам йўлга қўйилган экан, замондош ижодкорларимиз, Навоий сингари буюк мумтоз шоирларимиз асарлари таржимаси, уларни кенг тарғиб ва ташвиқ этиш ҳам алоҳида ўрин тутмоғи керак. Мамлакатлараро муносабатларда дипломатиянинг кучи етмайроқ турган улкан ишларни у ёки бу ёзувчининг таржима қилинган қадрли асари амалга ошириши мумкин.

Биз кўпинча, у ёки бу асарларимиз бошқа тилга ўгирилишининг ўзиданоқ қувонамиз. Бу тўғри ва асосли, албатта. Лекин таржимада ҳам таржима борлигини унутмаслигимиз керак.

Навоий асарларини ўгириш муаммоси ҳақида икки оғиз сўз. Бу иш осон эмаслиги барчага аён. Шу маънода, унга журъат этганларга, айниқса, ёш таржимонларга раҳмат дейишимиз керак. Лекин, бу ўринда, ниҳоятда жиддий масала келиб чиқади. Бу таржиманинг савияси масаласи. У бўш ёки саёз чиқиб қолишидан жуда эҳтиёт бўлишимиз керак. Бу масъулиятли вазифада тажриба жуда қалтис иш. Саёз, бўш тажриба Навоийга қизиқиш, меҳрни мустаҳкамлаш ва кучайтириш ўрнига, акс натижа бериб қўйишини унутмаслигимиз даркор.

Умуман, республикада, таржима билан алоҳида ва махсус шуғулланадиган ташкилот ёки ассоциация тузилиши зарур. Фидойи таржимонларга эҳтиёж кучли. Бу ҳақда узоқ йиллардан буён такрор-такрор айтилаяпти, лекин иш жойидан силжиганича йўқ. Ва ниҳоят, яқин-яқинларгача республикада жамоатчилик асосида баҳоли қудрат фаолият кўрсатиб турган Навоий қўмитаси бор эди. Ташкилотни қайтадан тиклаш навоийшунослик фаолиятини нафақат республика, балки халқаро миқёсда янада жонлантириш имкониятини яратган бўлар эди.

Бахтиёр НАЗАРОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn