Инсоният барҳаёт экан, бу эҳтиёж мавжуддир
  • 07 Февраль 2018

Инсоният барҳаёт экан, бу эҳтиёж мавжуддир

Биз яшаётган XXI аср ўзининг минглаб атрибутлари билан Алишер Навоий даҳосини майдонга чиқарган XV асрдан илгарилаб кетди. Ўз ҳақ-ҳуқуқини таниганлик даъвосидаги инсонни цивилизациянинг мисли кўрилмаган бугунги даражаси ҳам қониқтирмаётганлиги сир эмас. Аммо қизиқ бир парадокс кишини ўйлантиради: нега биз яна боболарнинг меросига, хусусан, улуғ Алишер Навоийга эҳтиёж сезаверамиз?

Агар масалага инсоннинг руҳий эҳтиёжлари, инсониятнинг маънавий такомили, миллат тараққиёти манфаатлари нуқтаи назаридан қаралса, Навоийни ўқиш зарурияти чандон ортганлигини кўриш мумкин. Бу зарурият, энг аввало, Алишер Навоий шахси ва ижодида абадий инсоний идеалларнинг тажассум топганлиги билан изоҳланади. У тафаккур тадрижини шундай бир чўққига кўтариб қўйдики, бу чўққи вақт билан басма-бас тобора юксалмоқда — башарият бу чўққининг пойига етиши учун ҳали неча-неча асрлар йўл босиши лозим бўлади.

Алишер Навоий асарлари улкан фалсафий, ижтимоий, тасаввуфий мазмунидан ташқари, энг аввало, инсоний туйғуларни илоҳий сўз санъаткорлигида ифода этганлиги билан ҳар қандай ўқувчи қалбига яқиндир.

Эй кўнгил, душманлар онча макр ила фан қилдилар

Ким, вафолиғ дўстни жонимга душман қилдилар, —

деб ёзади шоир бир ғазалида. Унда ғоятда самимийлик, айни пайтда, ниҳоясиз дарду ҳасрат билан ифода этилган ҳолат қайси биримизга бегона экан?! Қайси биримиз умримизнинг муайян лаҳзаларида коинот гултожи саналмиш Одам Ато фарзандларининг эзгуликдан кўра ёвузликка устароқлигидан — иғво, ҳасад, фисқу фужур, манфаатпарастлик, ғийбат, чақимчилик, иккиюзламачилик, сохтакорлик, ёлғонни санъат даражасига кўтариб, “вафолиғ дўст”ларни жон душманимизга айлантирганликларидан азият чекмаганмиз?! Шундай фурсатларда қайси биримиз болаларча шарҳи ҳолга, болаларча тасалли ва паноҳга муҳтожлик сезмадик экан?!

Айламанг бекаслигимни таън бир кун, бор эди

Менга ҳам бир нозанин чобуксувор, эй дўстлар, —

ўқиймиз яна бир ғазалида. Алишер Навоий ижодига яқинлашишга ҳайиқиброқ турган ҳар қандай китобхон фавқулодда самимий изҳори дил, ҳасрат, илтижодан ларзага тушмаслиги мумкин эмас. Ана шундай мисраларда шоир қалби — бизга кўп ҳолларда олийшон поэтик анъаналарга, мислсиз улкан шахснинг ижтимоий дардларига, сўзнинг беқиёс жилваларига кўмилиб ётгандек туюладиган оддий инсоний қалб ярқ этиб кўзга ташланади. Улуғ шоир шеъриятига ана шундай оддий инсоний туйғулар ҳалқаси ила боғлангач, унинг бепоён фикрлар оламига, рамзлар дунёсига қадам ташлаш осон кечади.

“Одамий эрсанг, демагил одами, Оники, йўқ халқ ғамидин ғами”, яъни халқ ғамидан ғам чекмаган одамни инсон ҳисоблама, деган дастурни ўртага ташлаган адиб шахс ва омма манфаати ўзаро боғланган шундай нозик ҳалқани кўрсатадики, унда халқ манфаати йўлида югуриб-елиб юрибман, деб ёлғондан кўксига урганларга ҳам, нуқул ўз манфаатини ўйлаб кунж-ковакларда писиб юрганларга ҳам истеҳзо ва сабоқ бор.   

Шоир ижодий мероси саҳифалари одамийлик фанининг изчил дарсларидир. “Яхшилик тухмини сочқилким, будур деҳқонча сўз: “Ҳар неким эктинг бугун, ёрин (эртага) ҳамон тут ани кўз!”, “Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш!” дейдилар Ҳазрат яна. Инсон ўз-ўзини таниш, комиллик сари нечоғлик интилмасин, дунё ҳануз жаҳолат, фитна, адоват, қаноатсизлик дастида талош бўлаётган, қайсидир давраларда ҳануз туҳмат, чақимчилик, риё, ёлғон рағбатлантирилаётган бугунги кунда бу дастур қанчалик муҳим! Шоир ижоди яратувчиликка даъват, эзгуликка рағбат, инсонийликка чақириқ мотивлари билан йўғрилган бундай байтларга нақадар бой! Фақат бу асарларни кундалик турмуш пойгаларидан бир қадар тин олиб, ўткинчи дунё ҳою ҳавасларидан чекиниб қўлга олмоқ, кўнгил кўзи билан ўқимоқ лозим бўлади. Шунда кўнгил даламизнинг нақадар кенгайиб кетганлигини, унда хушифор еллар эсаётганлигини, руҳимиз енгиллашиб, ўз асл маскани сари парвоз этаётганлигини сезамиз...

Миллий истиқлол бизни ўз тарихимиз, миллий қадриятларимизга соғлом кўз билан қарашга ўргатди. Ана шундай қараш туфайли Навоийга, унинг асарларига бўлган муносабат ўзгарди. Унинг ижодий мероси чеклаш ва қисқартиришларсиз китобхонларга тақдим этилди, шоир асарларининг янги-янги талқинлари майдонга келди. Қуръон ва ҳадислар, тасаввуф таълимоти мутафаккир адиб асарларининг ўқ илдизини ташкил этиши баралла эътироф этилди... Навоийхонлик, навоийшуносликнинг янги бир даври бошланди. Бу янги давр улуғ бобомиз қолдирган фикр ва сўз инжуларига эҳтиёжнинг чандон ортганлиги билан ҳам характерланади.

Улуғ Алишер Навоий асарларига эҳтиёж, бу — ҳамиша Ҳаққа, абадий ҳақиқатларга, комилликка, кўнгилнинг ҳеч қачон ўзгармайдиган, эскирмайдиган тирик туйғулари ифодасига, сўз сирларини очишга бўлган эҳтиёждир. Токи инсоният барҳаёт экан, бу эҳтиёж мавжуд бўлиб қолаверади.

Нодира АФОҚОВА,

филология фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn