Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди
  • 29 Январь 2018

Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди

Пойтахтимизда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутасаддилари ва ёшлар қатнашди.

Кўргазмада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардан ташриф буюрган уста-ҳунармандлар ўзларининг ёғоч ўймакорлиги, миниатюра, зардўзлик, заргарлик, миллий либослар, кулоллик, кандакорлик, наққошлик каби йигирмадан ортиқ йўналишлардаги амалий санъат маҳсулотларини намойиш этдилар.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ҳалқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, тизимдаги муаммоларни бартараф этиш, ушбу соҳа билан шуғулланишни истаганларга имтиёзли кредитлар бериш, ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса халқмизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаб қолиш ва янада бойитишда муҳим ўрин тутаётир.

— Ҳунармандчилик — халқимизнинг маънавий мероси ва бойлигидир, — дейди пойтахтлик ҳунарманд Мадина Қосимбоева. — Унинг барча турини тарғиб этиш, асраб-авайлаш ва ёрларга ўргатиш жуда муҳим. Зеро, бу одамларни ҳалолликка, меҳнатга, яхшиликка чорлайди. Айни пайтда мен ҳам маҳалламиздаги кўплаб ёшларга каштачиликнинг сир-асрорларидан сабоқ бериб келаяпман. Бу эса уларни касбга ўргаш билан бирга, бўш вақтларини мазмунли ўтказишда жуда қўл келади. Бугунги тадбирда биз, ҳунармандлар ўзаро тажриба алмашиб, ишимизни янада кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишб олдик.

Кўргазма доирасида, шунингдек, дизайнер-ҳунармандлар иштирокида миллий либослар намойиши ҳам бўлиб ўтди. “Уста — шогирд” анъаналари асосида ҳунар эгаллаган ёшлар ҳамда тажрибали уста-ҳунармандлар томонидан миллий ҳунармандчилигимизнинг турли йўналишларида маҳорат дарслари ўтказилди. 

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn