Иймон — қалб зийнати
  • 23 Январь 2018

Иймон — қалб зийнати

Гулистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018” танловининг ҳудудлараро босқичи ташкил этилди. 

Унда дастлаб Боёвут, Оқолтин, Сайхунобод, Мирзаобод туманлари ҳамда Янгиер шаҳри, иккинчи куни эса вилоятнинг бошқа ҳудудлари вакиллари ўз билим ва иқтидорини намойиш қилди. 

Танловда 18 ёшдан 25 ёшгача ва 26 ёшдан 40 ёшгача бўлган қатнашчилар иштирок этди. Белгиланган шартларга кўра, улар Қуръонни ёддан ўқиш ҳамда тажвид қоидаси асосида тиловат қилиш бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Таъкидлаш лозимки, эркаклар иштирокидаги баҳсларда 60 нафарга яқин қорилар қатнашди.

Якунда Қуръонни ёддан айтиш бўйича Шуҳрат Илҳомжонов, Абдулбосит Бобожонов, Муҳаммадсобир Абдухолиқов, Нажмиддин Каримов, тиловат қилиш — Қуръонни соф, гўзал ҳамда равон ўқиш бўйича Шахобиддин Аҳмадқулов, Аслиддин Мирзамиддинов, Муҳаммадризо Юсуфжонов, Одил Дўсматов юқори ўринларга сазовор бўлди.

Эътиборлиси, айни танлов хотин-қиз иштирокчилар ўртасида ҳам ўтказилди. Унда Гулистон давлат университетининг фалсафа кафедраси катта ўқитувчиси Ҳулкар Усмонова энг юқори натижа кўрсатиб биринчи ўринни эгаллади.

— Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018” танловининг ўтказилиши ҳақидаги хабарни эшитганимда жуда хурсанд бўлдим, — дейди Ҳ. Усмонова. — Боиси, Қуръоннинг фақат эзгулик ва яхшиликка етакловчи мазмун-моҳиятини  одамлар, айниқса, ёшлар онгига софлигича етказишда бундай танлов беқиёс аҳамиятга эга. Айниқса, мусобақада қатнашган аёлларимизнинг дунёвий билимлар билан диний сабоқларни ҳам асл ҳолича эгаллашга астойдил интилаётганлиги, динимизнинг софлигини сақлашга ҳисса қўшишни ўзларининг масъулиятли бурчи, деб билаётганликларидан, муқаддас Қуръони каримни соф, гўзал ва равон ўқишни ўзлаштирганликларидан қувондик. Ушбу хайрли иш юртимизда бораётган жадал тараққиёт одимларига руҳий қувват беради, тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг мустаҳкамлиги ҳамда динимизнинг софлигини сақлашга хизмат қилади.

Мусобақа якунида танловнинг навбатдаги босқичида иштирок этадиганлар номи эълон қилинди.

Fолибларга махсус шаҳодатномалар тақдим этилди.

Тақдирлаш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев қатнашди. 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn