Жўрабек Муродов: ...Куйласа, чолғуси бир
  • 23 Январь 2018

Жўрабек Муродов: ...Куйласа, чолғуси бир

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлар, ички ва ташқи сиёсатдаги оқилона ёндашувлар қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда турли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бундай ҳолат минтақамизда жойлашган давлатлар аҳолисига қувонч улашиб, эзгу мақсадлар сари йўл очаётир. Бу ҳақда суҳбатлашиш учун Тожикистон халқ артисти, икки юртда ҳам миллионлаб мухлисларга эга бўлган хонанда Жўрабек МУРОДОВ билан интернет орқали боғландик.

— Ота-боболаримиз топиб айтганидек, икки халқнинг йиғласа, қайғуси бир, куйласа, чолғуси бир, — дейди Ж. Муродов. — Тарихдан маълумки, минг-минг йиллардан буён халқларимиз ўзаро қондош ва ёндош бўлиб, қуда-анда тутиниб асрлар юкини бирга тортган. Биз бир дарёдан сув ичамиз, бир далада экин экамиз. Исмимиздан ҳам, жисмимиздан ҳам ҳеч ким бизни бир-биримиздан ажрата олмайди. Ҳазрат Алишер Навоий бир тожикча ғазалида ёрни “чашмони туркинаву мижгони тожикона”, яъни “кўзлари турконаю киприклари тожикона” деб бежиз таърифламаган.

Улуғ шоирнинг бу сўзларини эслаганимнинг боиси, икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ўрни беқиёс бўлган. Аждодларимиз асос солган ушбу анъанага биз ҳамиша содиқ бўлишимиз керак. Шу маънода, бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақада жойлашган мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари таҳсинга сазовор. Бундай эзгу хатти-ҳаракатлар самараси туфайли бир неча соҳада ҳамкорлик қилинмоқда. 2017 йилнинг апрелида 25 йиллик танаффусдан сўнг Душанбе ва Тошкент ўртасидаги авиақатнов яна тикланди. Маданий алоқалар кенгаймоқда — 2017 йил май ойида Тожикистонда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари ўтказилди. 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари кўтаринки руҳда уюштирилди. 

Дунёда мамлакатлар кўп, халқлар ҳам турли-туман. Улар гоҳо айро тилларда сўзлашса-да, кўп асрлик умумий тарих, маданий-маънавий муштараклик элларни, дилларни боғловчи муҳим омил бўлиб келган. Хусусан, ўзбек ва тожик халқларининг ўхшаш урф-одат ҳамда санъати ана шундай маданий мулоқот шаклларини топиш, ютуқлар билан алмашишга имкон берган. Бугун ҳам бу каби анъаналар давом этмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари ўтказилгани ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. Маданият кунлари доирасидаги тадбирларда санъат усталари, шогирдларимиз дўстлик ва тинчликни улуғловчи куй-қўшиқларни ижро этишди. 

Яна “Замонавий Тожикистон” номли фотокўргазма, мўйқалам усталарининг ижод намуналари, ёзувчи ва шоирларнинг китоблари тақдимоти ҳам таассуротларга бой бўлди. Ташкил этилган турли байрам кечалари санъат намояндалари билан унутилмас учрашув онларини тақдим қилди. Бундай учрашувлар бардавом бўлиши чин маънода диллашувга замин яратади. 

Ахир аждодларимиз ҳамиша бирга касбу кор қилганлар, бошга тушган мусибатларни елкадош бўлиб енгганлар. Икки халқ минг йиллар давомида Наврўзни бирга байрам қилди. Сирдарё, Амударё бўйларини биргалашиб обод водийларга айлантирди. Сўнгги бир ярим асрлик мустамлака зулмини ҳам бирга тортди. Ниҳоят, истиқлолга ҳам бирга эришди.

— Жўрабек ака, 2017 йилда Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллиги кенг нишонланди. Унда сиз ҳам қатнашдингиз. 

— Бир гап айтай, мен болаликдан Комилжон ҳофизнинг қўшиқларини эшитиб улғайдим, шу инсоннинг соҳир овози туфайли санъатга меҳр қўйдим,  у кишига ҳавас қилиб тор чалишни ўргандим. Яна шуни мамнуният билан айтаманки, улуғ устоз билан кўришиш, суҳбатларини олиш, биргаликда концертларга чиқиш насиб этганини умрбод қувонч билан эслайман. Ўзбекистон раҳбари санъат ва адабиёт ихлосманди эканлигини яхши биламиз. Бу юртингизда олиб борилаётган маданий-маърифий ислоҳотлар тимсолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллиги нишонланиши ҳам ана шу эътибор ва эъзоз туфайлидир. Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистонда бўлиб, қатор тадбирларда иштирок этдим. Устозимнинг қабрини зиёрат қилдим. Бундан 31 йил муқаддам улуғ ҳофиз мангу қўним топган қабр ёнига кўчат ўтқазгандим. Бориб кўрдимки, у улкан дарахтга айланибди. Кўзларимга ёш келди. Юбилей муносабати билан уюштирилган тантанали маросимда сўзга чиқиб, бир нечта қўшиқлар куйлаганимдан беҳад мамнунман. Бизни дўст деб билган, қадрлаган, қўшиқларимизга бефарқ бўлмаган ўзбек халқига мингдан-минг раҳмат. 

— Ўтган йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўн биринчи бор ўтказилди. Унинг очилиш маросимидаги иштирокингиздан жуда хурсанд бўлдик. 

— Мен ҳам хурсанд бўлдим. Нега десангиз, Самарқанддек афсонавий шаҳарда, дунё билган “Шарқ тароналари”дек нуфузли анжуманда қатнашиш бахтига мушарраф бўлганимдан бошим осмонга етди. Ўзбекистон ҳукумати жаҳоннинг кўплаб машҳур санъаткорлари қатори каминани ҳам чорлагани дўстона лутфнинг ёрқин ифодасидир. Ушбу анжуманда бу гал 58 та давлат вакиллари қатнашганини эшитиб, лол қолдим. Тасаввур қилинг, иштирокчиларнинг ҳар бири ўз юртига бориб, таассуротларини ўртоқлашади, яқинларига кўрган-кечирганларини гапириб беради. Демак, бу ерда ким чиқиш қилган бўлса, унинг номи 58 та давлатда ҳам тилга олинади. Шу боис ушбу анжуман турли халқларни дўстликка чорлаш, истеъдодларни кашф этиш, тинчликни қадрлаш ва асраб-авайлашдек улуғвор ғоялари билан алоҳида эътирофга муносибдир.

— Сиз ўзбек мусиқа санъатига бўлган меҳр-муҳаббатингиз ҳақида доимо тўлқинланиб сўз айтгансиз. 

— Тўғри. Мен Ҳалима Носирова, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Саодат Қобулова каби санъаткорларнинг қўшиқлари таъсирида улғайдим. Камолиддин Раҳимов, Фахриддин Умаровнинг мухлисига айландим. Ортиқ Отажонов, Отажон Худойшукуров, Шерали Жўраев билан дўст тутиндим. Ҳозир ҳам жуда кўп ўзбек санъаткорлари, зиёлилари билан борди-келдимиз бор. Дийдорлашганда Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг ушбу сатрларини, албатта, эсга оламиз:

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун...

Айтмоқчиманки, ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик мустаҳкам дўстлик ришталари, умумий тарих, маънавий ҳамда маданий қадриятларга асосланган анъанавий яқин ва яхши қўшничилик алоқалари мустаҳкамланаётганини чуқур мамнуният билан таъкидлагим келади. Бу борада, такрор-такрор бўлса ҳам айтаманки, Президент Шавкат Мирзиёев барчага ибрат кўрсатмоқда.  

Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари:

Ишқ тили рубоб тилидек сир эмиш, 

Турку арабу юнонга бир эмиш,

деганлар.

Шундай экан, бизнинг бир-биримизни тушунишимиз дўстликни мустаҳкамлашдан бошланади. Қўшиқларимиз, куйларимиз, санъатимизгина эмас, қалбимиз ҳам дўстликни васф этса, бизнинг бир вужуд эканлигимиз абадулабад ўз қадрини йўқотмайди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn