«Ўзбек халқи буюк аллома ва мутафаккирлари мероси бутун инсониятнинг маънавий мулкидир»
  • 21 Май 2014

«Ўзбек халқи буюк аллома ва мутафаккирлари мероси бутун инсониятнинг маънавий мулкидир»

Маълумки, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида Тошкентда аккредитациядан ўтган хорижий мамлакатлар элчилари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.

“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлди.

Жорж КРОЛЛ,
Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Ислом Каримовнинг халқаро конференция очилиш маросимидаги нутқидан таъсирландим. Чунки мен тарихчиман, шу боис Президентнинг тарихни ўрганиш аҳамияти ва унинг муҳимлиги ҳақидаги фикрларидан хурсанд бўлдим. Мен Президентнинг ўзбек халқи буюк аллома ва мутафаккирларининг тенгсиз асарлари ҳамда илмий мероси фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки экани ҳақидаги фикрини тўла қўллаб-қувватлайман.
Ўйлайманки,  ушбу тадбир катта воқеа, айтиш мумкинки, дунё миқёсидаги воқеадир. Мен айнан бу ерда, Ўзбекистондаги ушбу илмий форумда қатнашганим ҳолда, элчи сифатида ўз мамлакатимни намоён этаётганимдан фахрланаман.

Марианн ПШЕЗЬДЗЕЦКИ,
Польшанинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Польшанинг вакили сифатида Амир Темурнинг Осиё қитъаси катта қисмини қамраб олган буюк давлат пойтахти бўлган чоғларда гуллаб-яшнаган Самарқанд шаҳри сингари Европада ўша кезлари Краков ҳам катта аҳамият касб этган шаҳар бўлганини айтишни истар эдим. 
Ушбу заминда яшаган ва ижод қилган буюк олим ҳамда мутафаккирларнинг номлари менга яхши таниш. Бироқ биз бугун бу ерда тинглаган чиқишлар ва маърузаларда, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг нутқида тилга олинган маълумотлар жаҳон цивилизацияси тараққиётига ўз таъсирини кўрсатган илмий муваффақиятларга бизларни янада яқинлаштирди. Гап шундаки, буюк аждодлар бутун инсониятга қолдирган бой мероснинг қамровларини бугун теран англашимиз зарур, токи улар олимларнинг ҳозирги авлоди илмий тадқиқот фаолиятининг илдам ҳаракатланишига янги туртки берсин.
Ушбу форумни юқори даражада уюштиргани ҳамда иштирокчиларнинг гўзал шаҳар — Самарқанд сафаридан орттирган унутилмас таассуротлари учун анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик билдиришни истайман.

Эдгарс БОНДАРС,
Латвиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Мен Ўзбекистоннинг жуда кўҳна ва бой тарихга эга эканлигини биламан. Инсоний ҳамда ақл-заковат салоҳиятини асраш ва ривожлантириш муҳим, албатта. Президент Ислом Каримов жуда тўғри қайд этганидек, таълим, маданият ва халқлар дўстлиги — инсоният тараққиёти учун муҳим омиллардир. Конференция жуда мазмунли бўлди. У замонавий илм-фанга алоқадор бўлган кўпгина долзарб масалаларни муҳокама этиш учун яхши имконият яратди.

Юрий ШТЕРК,
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари:
— Халқаро илмий форум — мамлакат ижтимоий ҳаётидаги катта воқеадир. Бу ўзбек халқининг буюк аждодлари хотирасига эҳтиром ҳисобланадики, уларнинг меросини авайлаб асраш, ўрганиш, ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказиб бериш зарурдир. Шуниси қувонарлики, конференцияда сиёсий ва илмий доиралар, шунингдек, Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия корпусининг вакиллари тўпландилар.
Қайд этишим жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқи, айниқса, тарихий ўтмиш ва замонавийлик ўртасидаги боғлиқликнинг мавжудлиги, ўз халқининг тараққиёти йўлида ўтмишдан ибрат олиш учун тарихни ўрганиш зарур эканлиги таъкидланган фикрлар менда катта таассурот қолдирди.

Муҳаммад Содиқ ДАУДЗАЙ,
Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Илмий конференция юксак даражада ташкил этилди. Ушбу форумдаги қатнашув, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга сафар хорижлик меҳмонларнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолади.
Президент Ислом Каримов буюк аждодларнинг хизматларига яна бир бор ҳурмат ва эҳтиром кўрсатгани ҳолда, жамият ҳаётида ўзгаришлар ва янгиланишлар жараёнлари ўз-ўзидан юз бермайди, дея жуда тўғри эслатиб ўтди. Улар халқнинг кўп асрлик маданий-маънавий анъаналарига асосланади.
Менинг назаримда, бундай халқаро тадбирларни ўтказиш мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстликни, бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш, ишонч ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn