Тарихий меросимиз кўзгуси
  • 20 Май 2014

Тарихий меросимиз кўзгуси

Музейлар аждодларимизнинг бой маданий меросини тарғиб қилувчи,  кўп минг йиллик илдизлар билан боғлаб, ўзлигимизни намоён этувчи беназир маънавий хазинадир.

Шу боис юртимизда музейларда сақланаётган, шонли ўтмишимиздан шаҳодат берувчи осориатиқалар ҳамда мустақиллигимиз одимларини ўзида акс эттирган ноёб экспонатларни асраб-авайлаш, келажак ворисларига бус-бутун етказишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилиб келинаётган музейлар ойлиги тадбирларида қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, рассом ҳамда ҳунармандлар, халқ бадиий жамоалари, шунингдек, Зулфия номидаги давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, халқаро санъат фестиваллари ва спорт мусобақалари ғолиблари иштирок этмоқда.

“Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот” мавзуидаги кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда музейлар фаолиятини янада ривожлантириш, уларда сақланаётган осориатиқалар, ашёларни яқиндан ўрганиш, мазмун-моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ёшларимизнинг ҳар томонлама етук авлод бўлиб камол топишида, уларда она-Ватанимизга бўлган чексиз ғурур ва фахр-ифтихор туйғуларини шакллантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаб ўтдилар.

Кўргазмадан бетакрор экспонатлар — суратлар, амалий, фото ва тасвирий санъат намуналари, ҳунармандчилик ва меъморий асарлар, миллий кашталар ўрин олган.
— “Музейлар ойлиги” доирасида ўтказилаётган маҳорат сабоқлари, айниқса, биз, ёшларга катта мактаб сифатида қадрлидир. Кўргазмада ноёб экспонатларни кўришга муяссар бўлдик, — дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Нодира Дадамуҳаммедова. — Бу албатта, қадрият ва меросимизга бўлган ҳурмат туйғусини оширади, ўзлигимизни англашга даъват этади.

Тадбирда “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ижросида концерт дастури намойиш қилинди.

Д. СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn