Она Ватаннинг азиз фарзанди
  • 17 Октябрь 2017

Она Ватаннинг азиз фарзанди

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Бухорода ҳам атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда. Жумладан, мазкур сана муносабати билан вилоят мусиқали драма театрида хотира кечаси ўтказилди.

Адибнинг қизи, академик Сайёра Рашидова, Шароф Рашидов ҳаёти ҳамда фаолияти ҳақидаги китоб муаллифи Саидакбар Ризаев, фалсафа фанлари доктори Гули Маҳмудова ва бошқалар қатнашган тадбирда халқимизнинг фидойи фарзанди ёди юксак эҳтиром билан тилга олинди. Шароф Рашидовнинг давлат ишларидаги жонкуярлиги, йўлбошчилик салоҳияти, юртга садоқати, одамларга нисбатан меҳру муҳаббатига оид кўплаб ҳаётий мисоллар келтирилди.

— Шароф Рашидовнинг Бухоро экин ерлари сув таъминотини яхшилаш, улкан насос станциялари ҳамда каналлар қуриш ташаббускори эканини биз, кекса авлод вакиллари яхши эслаймиз, — дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Бевит Жумаев. — Воҳада ирригация ва мелиорацияни ривожлантириш, саноатни йўлга қўйишда қатъиятли ҳамда шижоатли бу инсоннинг ҳиссаси бениҳоя катта.

Тадбирда сўз олганлар Шароф Рашидовнинг давлат ишлари билан банд бўлишига қарамай, баракали ижод қилганини ҳам эътироф этдилар. Унинг қаламига мансуб “ўолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романлари ва яна кўплаб шеър ҳамда бадиий-публицистик асарларида фидойи юртдошларимизнинг мураккаб даврдаги ҳаётлари ўз ифодасини топган. Бу асарларнинг тарбиявий аҳамияти ниҳоятда катта.

Хотира кечасида Ватан, тинчлик, истиқлолни мадҳ қилувчи куй-қўшиқлардан иборат бадиий дастур намойиш этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ўктам Барноев сўзга чиқди.

Истам ИБРОҲИМОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn