Мусаввир топган гўзаллик
  • 15 Октябрь 2017

Мусаввир топган гўзаллик

Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвонсаройида рассом Аслиддин Калоновнинг “Акварель жилоси” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишланган ушбу кўргазмада рассомнинг 50 дан ортиқ ижодий ишлари намойиш қилинмоқда.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, график, рангтасвирчи рассом Аслиддин Калонов мамлакатимиз замонавий санъатида ўз ўрни ҳамда овозига эга ижодкор ҳисобланади. Унинг ижодида тасвирий санъатнинг турли жанрлари, жумладан, мойбўёқ, акварель, гуашь, темпера, оддий қалам, тушь-пероларда ишланган асарлар билан бир қаторда, литография, линогравюра ва офорт техникасини ҳам учратиш мумкин. Рассомнинг “Айдаркўл соҳили”, “Буғдойзор”, “Пахтазор”, “Анҳор бўйи”, “Ёмғир. Нурота. Эски шаҳар” номли асарларини эса Ватан ҳақида куйланган қўшиққа менгзаш мумкин.

Айни пайтда Аслиддин Калонов Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Миниатюра ва китоб графикаси” кафедраси доценти ҳамдир. Кўплаб республика ҳамда халқаро танловларда қатнашган ижодкорнинг асарлари нафақат юртимиз, балки Германия, АҚШ, Канада, Франция, Туркия, Нидерландия каби мамлакатлар музейлари ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда.

Кўргазма 31 октябрда якунланади.

Гавҳар САОДАТОВА.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn