«Аждодларингиз мероси беназир, бугунги ҳаётингиз қадри улуғ»
  • 17 Май 2014

«Аждодларингиз мероси беназир, бугунги ҳаётингиз қадри улуғ»

Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция якунланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи хорижлик олимлар ва экспертлар эътирофига сазовор бўлди.

Махсус мухбирларимиз Мамадиёр ЗИЁДИНОВ ва Мақсуд ЖОНИХОНОВ анжуман иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатлашди.

Ши ЮНЛИ,
Хитой Фан ва технологиялар университетининг тарих ва археология факультети раҳбари, профессор:
— Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Давлат раҳбарлари орасида фан, тиббиёт, таълим, ўтмишда яшаб ўтган буюк алломалар ҳақида конференция ташкил этиб, бу соҳалар бўйича эркин ва мазмунли маъруза қилганларини жуда кам учратганман. Ўзбекистон раҳбари олиб бораётган сиёсат, хусусан, мамлакатингизда илм-фанни ривожлантиришга катта маблағ сарфланаётгани эътиборга молик. Алоҳида айтишим керакки, Президент Ислом Каримов нутқидан ғоятда таъсирландим. Халқингизнинг бой илмий ва маданий меросга эга эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Тарихий аҳамиятга молик мазкур халқаро конференцияда иштирок этганимдан бахтиёрман. Шу боис таассуротларим бир олам, қувончим чек-чегарасиз. Юксак маданиятли ўзбек халқининг ўтмишини, илмий меросини тадқиқ қилиш, чуқур ўрганиш тарафдориман.
Анжуманда Президент Ислом Каримов Жаноби Олийларининг эътирофини қозонганимдан бошим осмонга етди. Ишонаманки, Ўзбекистоннинг изчил тараққиёти дунё тарихи зарварақларидан муносиб ўрин эгаллайди.

Юль ЯНССЕНС,
Лувен католик университети профессори (Бельгия):
— Мамлакатингиз Президентининг бу нуфузли анжумандаги маърузаси ўзининг долзарблиги, теранлиги ва умумбашарий ғояларга бойлиги билан ҳаммамизда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Ислом Каримовнинг юксак интеллектуал салоҳият соҳиби эканлигига яна бир карра гувоҳ бўлдик. У аҳоли эҳтиёжини яхши билади, юрт келажаги учун қайғуради. Шу боис таълим-тарбия тизимига, ёш авлодни ҳар жиҳатдан камол топтиришга алоҳида эътибор қаратади. Юртингизда бунёд этилган кўплаб замонавий лицей ва коллежлар — бунинг яққол тасдиғи.
Анжуман ҳар жиҳатдан юксак савияда ўтди. Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, Абу Али ибн Сино каби буюк алломалар меросини инглиз тилига таржима қилиш ўта муҳим вазифалардан бири саналади. Бу иш амалга оширилса, нафақат Европа, балки бутун жаҳон илм аҳли Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан мутафаккирлар ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлади.
Айни кунларда Ибн Сино асарларига шарҳлар ёзиш устида иш олиб бораяпман. Бунга ўзбек олимларини ҳам жалб этиш ниятидаман. Анжуман баҳонасида ана шундай имкониятга эга бўлганимидан беҳад мамнунман.

Роберт ван ГЕНТ,
Утрехтдаги Фан тарихи институти профессори (Голландия):
—    Конференция жуда ажойиб ва қизиқарли ўтди. Бу тадбир орқали Ўрта асрларда Шарқда яшаган алломалар тарихи билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдик. Айниқса, Президент Ислом Каримовнинг чин юракдан, ёниб-жўшиб сўзлаган нутқи менда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Анжуман доирасидаги тадбирларда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган олимларнинг маърузаларини тингладим, ўзлари билан юзма-юз мулоқотда бўлдим. Бу мен учун катта бахт.

Мансура ҲАЙДАР,
профессор, Индира Ганди номидаги миллий маданият марказининг илмий раҳбари (Ҳиндистон):
—    Давлат раҳбарларининг илмий анжуманларда ҳар жиҳатдан пухта асосланган маъруза билан сўзга чиқиши ноёб ҳодиса. Президент Ислом Каримов ўз нутқида нафақат Осиё ёки Шарқ, балки бутун дунё учун ўта муҳим масалаларни ўртага ташлади. У ҳам бўлса — ўтмиш алломалари меросини чуқур ўрганиш орқали илмий изланишларни янги босқичга кўтариш, айни пайтда, улардан замонавий тараққиёт ва юксак маънавият йўлида фойдаланишдир.
Таъкидлайманки, сизнинг ўтмишингиз шонли, аждодларингиз мероси беназир, бугунги ҳаётингиз қадри улуғ. Ишонаманки, улуғ бобокалонлари фидойилигидан ибрат олиб камол топаётган ёшларингиз мамлакатингиз буюк келажагини яратади.

Фуми ЁШИДА,
Япония миллий астрономик обсерваторияси илмий ходими:
— Ўзбекистон — табаррук замин. Бу юртда қадимий ва бой тарихга эга шаҳарлар кўп. Шулардан бири — кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанддир. Бу шаҳарга ўтган йили ҳам келгандим. Қаранг-а. Атиги бир йил ичида шунча ўзгаришлар! Шаҳарнинг янада чирой очган, ўтмиш ва бугунни уйғунлаштирган қиёфаси ҳайратимни оширди. Юртбошингиз ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар, илм-фан аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрликлар Ўзбекистон — тарихи улуғ, келажаги буюк давлат эканлигини яққол ифодалайди.

Габриель ПИРИКИ,
Словакия Фанлар академияси Шарқшунослик институти ходими, Словакия шарқшунослик жамияти раиси:
— Ўзбекистонга иккинчи марта келишим. Аввал менга Улуғбек мадрасаси ва Афросиёб обидаларини кўриш насиб этмаганди. Бу гал эса ушбу манзилларни томоша қилишга муваффақ бўлдим. Шарқ алломаларидан ал-Хоразмийнинг “Ал-жабр ал-муқобала” асарини ўқиганман. Анжуманда словакиялик олимлар томонидан француз тилига таржима қилинган ушбу асарларнинг бугунги кундаги аҳамияти, мазмун-моҳияти тўғрисидаги маърузам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотганидан беҳад мамнунман.

Эдгар КЛОЗЕ,
профессор, Бранденбург технология ва инновациялар тараққиётини қўллаб-қувватлаш институти  Кенгашининг бошқарув раиси (Германия):
— Ибн Сино, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек каби олимларнинг бой мероси бизнинг илмий ишларимизда ҳам ўз аксини топган. Айнан шарқшунослик кенг ўргатиладиган Германиядаги университетларда уларнинг асарларидан кенг фойдаланилади.
Мамлакатингиз Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ташкил этилган бундай нуфузли конференция дунёнинг бошқа жойларида камдан-кам ўтказилади. Тадбирдаги иштирокимиз биз, илм-фан фидойиларини жуда қувонтирди. Унинг ташаббускори саналган давлатингиз раҳбарига чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.

Шоҳид ТАСЛИМ,
Умуммиллий Ислом университети Халқаро тадқиқотлар академияси профессори (Ҳиндистон):
— Мафтункор Ўзбекистонга, эртакмонанд Самарқанд шаҳрига тез-тез келиб тураман. Бу ердаги тарихий обидалар, хусусан, Мирзо Улуғбек расадхонасини ҳар гал ўзгача ҳайрат билан томоша қиламан. Юртингизни ўз Ватанимдек қадрлайман. Қолаверса, университетда ўзбек тилидан сабоқ бериб келаман. Кўплаб алломаларингиз, хусусан, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларини севиб мутолаа қиламан. Талабаларим ҳам уларнинг аксарият рубоийларини ёддан билишади. Бундан ташқари, ёшларни номи юқорида тилга олинган улуғ алломалар ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқларга ошно этиш мақсадида юзлаб хонишларни ёзиб олганман. Масалан, ҳазрат Алишер Навоийнинг:
Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади,
деган мисралар билан бошланувчи ғазали асосида айтилувчи ашулани барча шогирдларим хиргойи қилишадики, бундан бошим осмонга етади. Мазкур конференциядаги маърузамнинг мавзуси ҳам Алишер Навоийнинг бой ижодий фаолиятига бағишланди.
Бундай катта илмий анжуманлар дунёнинг барча мамлакатларида ташкил этилавермайди. Конференция доирасидаги тадбирларда жаҳоннинг машҳур олимлари билан фикр алмашиш, муҳим маълумотларни тўплаш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn