Аждодларимизнинг бебаҳо мероси — абадиятга дахлдор маънавий хазинадир
  • 16 Май 2014

Аждодларимизнинг бебаҳо мероси — абадиятга дахлдор маънавий хазинадир

Кеча Самарқанд шаҳридаги Қабуллар уйида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Сингапур, Малайзия, Кувайт, Миср, Саудия Арабистони, Россия, Озарбайжон каби элликка яқин давлатдан нуфузли ташкилотлар ҳамда таълим тизими раҳбарлари, олимлар, мутахассислар, экспертлар қатнашди.

Конференция ўрта асрларда юртимизда яшаган алломаларнинг илмий, маърифий ва фалсафий меросини ўрганиш, уларнинг замонавий илм-фан шаклланиши ва ривожланишига қўшган ҳиссасини идрок этиш, бу борадаги халқаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига бағишланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов халқаро конференциянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.
ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани минтақавий бюроси директори Хуберт Гизен ўрта асрлар Шарқ алломаларининг дунё тамаддунида тутган ўрни, илм-фан ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Мамлакатимизда миллий қадриятларни тиклаш, бой тарихимизни ўрганиш, фан ва таълим тизимини ривожлантиришга қаратаётган эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Конференцияда ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти, ижоди, уларнинг тарихий мероси ҳамда илмий мактаблари фаолияти ҳақида видеофильм намойиш этилди.
Бинобарин, юртимизда ўзининг юксак салоҳияти, кенг дунёқараш ва ноёб истеъдоди, мислсиз кашфиётлари туфайли жаҳон аҳлини ҳайратлантириб келаётган улуғ алломалар камол топган. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг асарлари орадан неча асрлар ўтса ҳамки, дунё тамаддунида ўз улуғворлигини сақлаб келмоқда.Шу билан бирга, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида қадр-қиммати билан абадиятга дахлдор илмий, маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, кенг миқёсда ўрганиш, халқимизга етказишга катта эътибор берилмоқда.

Бу эса озод ва обод Ўзбекистонимизнинг азиз фарзандлари — фаол, интилувчан, иқтидорли ва маънавий фазилатларга эга, замонавий билим ҳамда касбларни чуқур эгаллаган — эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлмиш ёшларни камол топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимиз мустақилликка эришгач, адолат ҳамда юксалиш мезонларини мужассам этган ўзига хос ва мос тараққиёт йўлини аниқ белгилаб олди. Унинг туб моҳияти демократик ҳуқуқий давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга йўналтирилган кўламли ислоҳотларни амалга оширишдан иборатдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ. Бунда эса, табиийки, аждодларимиз фаолияти, ҳаёти, ўлмас мероси юксак марраларни кўзлаган ёшларимиз учун ибрат мактабидир.

Ўрта асрларда она-заминимиздан етишиб чиққан минглаб олиму фузалолар, буюк мутафаккирлар, шоирлар башарият илм-фан ва маънавият осмонининг ёрқин юлдузлари бўлиб порлагани ҳеч кимга сир эмас. Буюк аждодларимизнинг математика, физика, кимё, астрономия, этнография, тиббиёт, тарих, адабиёт, ахлоқ, фалсафа каби кўплаб соҳаларга оид асарлари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Термиз ва бошқа шаҳарлардаги осориатиқалар бутун жаҳоннинг бебаҳо мулки ҳисобланади.

Хусусан, алгебра фанига асос солган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий илмий кашфиётлари, фундаментал тадқиқотлари билан умуминсоний тараққиётнинг беқиёс янгиланишлар даврини бошлаб берди. Бугун дунёда кенг фойдаланиладиган ҳисоб-китоб амаллари, замонавий технологиялар фаолияти ана шу бобокалонимиз яратган қоидаларга асосланади. ал-Хоразмий астрономия, география ва тарих соҳаларида ҳам умрбоқий асарлар ёзди. У фанда биринчи бўлиб қутб координатларини қўллаган ва Ер юзининг шарқий яримшари харитасини тузган эди.

Шунингдек, Аҳмад Фарғонийнинг китоблари ҳам асрлар давомида дунё олимлари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиб келмоқда. “Астрономия асослари” номли асари ўн иккинчи асрда лотин ва иврит тилларига таржима этилгани, кейинчалик Италия, Германия, Франция, Голландия ҳамда АҚШ каби кўплаб мамлакатларда қайта-қайта чоп қилингани мазкур китоб соҳа равнақига нақадар мислсиз таъсир кўрсатганлигини намоён этади.

Умуман, алломанинг Ер шарсимон шаклдалигини ифодалаган қарашларини орадан саккиз юз йил ўтиб амалда исботлаган машҳур сайёҳ Христофор Колумб “Ер меридианининг бир даражаси миқдори ҳақидаги ал-Фарғоний ҳисобларининг тўғрилигига тўла ишонч ҳосил қилдим”, дея дастхат қолдирганининг ўзиёқ ал-Фарғоний илмий тафаккури асрлар чегараларидан ўтган ниҳоятда гениал олим эканлигини тасдиқлайди.

ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, 1998 йилда Аҳмад Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди. Бу буюк аждодимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, халқимиз илмий меросининг яна бир эътирофи бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қува ва Фарғона шаҳарларида мутафаккир ҳайкаллари бунёд этилди, Фарғона давлат университетига Аҳмад Фарғоний номи берилди.

Ўрта асрларда Шарқ илм-фани ривожини Хоразм Маъмун академиясида амалга оширилган кашфиётлар, ихтироларсиз тасаввур этиш мушкул. Айниқса, ушбу академия ташкилотчиси ва раҳбари бўлган Абу Райҳон Берунийнинг серқирра фаолияти диққатга сазовор. Аллома ватандошимиз математика, астрономия, геодезия, фармакология, кимё, ботаника, география, этнография, тарих ва фалсафа каби соҳаларда 150 дан зиёд асарлар яратиб, нафақат ўз даври, балки бугунги юксак технологиялар асри учун ҳам зарур бўлган кашфиётларни тақдим этган.

Фахр билан айтамизки, ЮНЕСКО шафелигида Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги нишонлангани, унинг фаолияти қайта ташкил этилгани юртимизда аждодлар хотирасига иззат-икром кўрсатиш ҳамда илм-фан ривожига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Ҳозир мазкур қадимий ва навқирон илм масканида Хоразм тарихи, унинг ўзига хос маданияти, экологияси, ер ва сув ресурсларини ўрганиш бўйича илмий изланишлар фаол олиб борилмоқда.
“Медицина” атамасида ўз шону шуҳратини муҳрлай олган Абу Али ибн Синонинг илмий мероси ҳам ғоят бой ва серқиррадир. У фаннинг турли соҳаларига оид 450 дан ортиқ асар ёзиб қолдирган. Бобокалонимиз томонидан ишлаб чиқилган айрим даволаш усуллари ҳозир ҳам замонавий тиббиётда қўлланиб келинмоқда. Кўплаб мамлакатларда кўчалар, ўқув ва тиббиёт муассасалари унинг номи билан аталгани, халқаро миқёсда аллома шарафига медаль ва мукофотлар таъсис этилгани — унинг инсониятга қилган яхшиликлари, эзгу хизматларига бўлган миннатдорлик белгисидир.

Президентимиз Ислом Каримов 1998 йил 6 ноябрда ЮНЕСКОнинг халқаро Абу Али ибн Сино олтин медали билан тақдирланди. Бу олий мукофот халқимизнинг умумбашарий цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссаси ва хизматининг тан олиниши, давлатимиз томонидан тарихий, маданий, маънавий меросни асраб-авайлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилган ишларнинг муносиб баҳоси бўлди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг севимли набираси Мирзо Улуғбек, таъкидлаш керакки, дунёни ўзгартирган, барчани улуғвор орзуларни рўёбга чиқаришга ундаган, коинот сирларини ечишга қўл урган, дунё тарихининг буюк ва ардоқли сиймосидир. У юртимизнинг бир қатор шаҳарларида мадрасалар бунёд этди, Самарқандда ҳавас қилгулик илмий муҳитни, ҳозирги тилда айтганда, замонасининг 200 дан ортиқ йирик ва таниқли олимлари фаолият юритган, ҳозир “Улуғбек академияси” дея тилга олинаётган машҳур илм-фан даргоҳини ташкил этди. Улуғбек илмий меросининг гултожи унинг “Зиж”идир. “Зижи Улуғбек”, “Зижи жадиди Кўрагоний” номлари билан шуҳрат қозонган бу асарда 1018 юлдузнинг ўрни ва ҳолати аниқлаб берилган. Юлдузларнинг баландлиги ҳамда улар орасидаги масофа, қуёш ва ойнинг ҳаракати, тутилиш вақтлари баён қилинган. Ҳайратланарли томони шундаки, у амалга оширган ҳисоб-китоблар замонавий технологиялар орқали аниқланган кузатув натижаларидан деярли фарқ қилмайди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1994 йил мамлакатимизда “Мирзо Улуғбек йили” деб эълон қилинди. Ўша йили Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Париж шаҳридаги ЮНЕСКО қароргоҳида буюк алломанинг илмий мероси ва унинг аҳамиятига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди.

Бугунги кунда дунёда буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром билдириш, бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш асло камайгани йўқ, аксинча кенг миқёс ва кўлам касб этиб бормоқда. Бунинг исботини турли мамлакатларда аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ҳамда бадиий асарлар яратилгани, улар хотирасини ёд этиб ёдгорликлар барпо этилганида кўриш мумкин. Бельгияда Ибн Синога, Латвияда Ибн Сино ва Мирзо Улуғбекка, Япония, Россия ҳамда Озарбайжонда Алишер Навоийга, Мисрда Аҳмад Фарғонийга ҳайкаллар ўрнатилгани бежиз эмас.

Анжуманнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилишида ҳам ўзига хос маъно бор. Истиқлол йилларида Самарқанд ўзгача тароват ва маҳобат касб этмоқда. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан Самарқандда улкан бунёдкорликлар рўёбга чиқарилди. Шаҳар марказида Соҳибқирон бобомизнинг салобатли ҳайкали қад ростлади. Улуғбек расадхонаси ва мадрасаси қайта таъмирланди. Президентимиз Фармонига мувофиқ, 1996 йил 18 октябрь куни Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан мукофотланди. Шундан буён бу кун юртимизда Самарқанд куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

ЮНЕСКО Бош конференцияси қарорига мувофиқ, 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги тантаналари бўлиб ўтди. Ушбу қутлуғ тўй арафасида шаҳар янада гўзаллашди. Ўнлаб ижтимоий-маиший иншоотлар, кўркам боғлар, хиёбонлар барпо этилди. Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Бибихоним ва Шоҳи Зинда ёдгорликлари ҳамда Улуғбек расадхонасини бир-бирига боғловчи кичик ҳалқа йўлининг қурилиши шаҳар аҳли ҳамда сайёҳлар учун яна бир қулайлик яратди.
Президентимиз раҳнамолигида Самарқанднинг асл тарихий қиёфасини тиклаш, иқтисодий салоҳиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар жадал ва қизғин босқичга кўтарилмоқда. Шаҳар аҳолиси ҳамда меҳмонларга ҳар томонлама муносиб шароит яратиш мақсадида бунёд қилинган магистрал йўллар, боғу хиёбонлар, таълим муассасалари ва спорт майдончалари, тиббиёт масканлари ҳамда меҳмонхоналар кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.

Самарқанд шаҳрида яна бир муҳташам мажмуа — Қабуллар уйи барпо этилди. Регистон майдонида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Самарқанд халқаро аэропорти ва темир йўл вокзали атрофи ободонлаштирилди.
Халқаро анжуман иштирокчилари Улуғбек ва Афросиёб музейлари билан танишдилар. Амир Темур мақбараси, Расадхона сингари муаззам обидалар уларда катта қизиқиш уйғотди. Хорижлик меҳмонлар Президентимизнинг узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқилона сиёсати ва унинг самараларини алоҳида эътироф этдилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг нафақат маънавий юксалиш йўлидаги муваффақиятлари, шу билан бирга, ижтимоий ва гуманитар ривожланиш борасидаги ютуқлари таҳсинга сазовор эканлигини таъкидлашди. Ушбу анжуманда табаррук номлари тилга олинган мутафаккирлар мероси жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётгани қайд этилди.

Истиқлол йилларида боболарига муносиб авлодга таълим-тарбия беришда Ўзбекистон ибратга молик ислоҳотларни муваффақиятли тарзда ҳаётга татбиқ этмоқда. Етук, интеллектуал салоҳиятли ёшларимиз инновацион ғоялари, лойиҳалари, ишланмалари билан мамлакатимизнинг жадал тараққиётини таъминлашга астойдил киришганлари ҳар бир соҳада кўзга яққол ташланмоқда.

Шак-шубҳасиз, ана шундай ёшларнинг билимли ва кенг дунёқараш соҳиби бўлиб шаклланишида Президентимизнинг таълим соҳасини тубдан янгилашга қаратилган ислоҳотлари мустаҳкам пойдевор бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш даркор. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада тарихий аҳамиятга эга. Албатта, қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, кўзда тутилган марралар, орзу-ниятларнинг рўёбга чиқиши учун унинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиши лозим.

Фуқароларимизнинг сифатли таълим олишига оид ҳуқуқлари, аввало, Конституциямиз орқали мустаҳкамлаб қўйилган. Чунончи, Асосий Қонунимизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”, дея қайд этилган. Ана шу тамойилдан келиб чиқиб, ўтган йиллар давомида таълим тизимини ислоҳ қилишга оид бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши туфайли умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг қиёфаси кўркамлашиб, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. 12 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилиши ёшларнинг чуқур билим эгаллаши, қизиқиши, имконияти ва салоҳиятидан тўлиқ фойдаланган ҳолда муносиб касб танлаши, шу орқали жамиятда ўз ўрнини эгаллашида муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда яшаётган барча-барча ёшлар — менинг болаларим, менинг фарзандларим!” деган сўзлари, эртамиз эгаларининг муносиб келажагини таъминлаш борасидаги беқиёс ғамхўрликлари ҳар жабҳада ўз ифодасини топаётир. Мана бу рақамларга эътибор беринг: бугунги кунда мамлакатимизда 9779 та умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш доирасида 2004 — 2009 йилларда республика бўйича 8500 дан зиёд мактаб қурилди ва капитал таъмирланди. Уларнинг аксарияти қишлоқларда жойлашган. Гарчи Давлат дастурида қамраб олинган вазифалар адо этилган бўлса-да, мамлакатимизда умумтаълим мактабларини қуриш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларининг деярли барчаси ZiyoNet электрон-ахборот порталига уланган, ушбу муассасаларда таълимни етти тилда олиб бориш, 2013 йилдан бошлаб биринчи синфданоқ чет тилларни ўргатиш тизими йўлга қўйилди.

Қувонарлиси, республикамиздаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлардаги ўқув-ишлаб чиқариш хоналари ҳамда лабораториялар энг илғор техник ускуналар билан жиҳозланган. Уларда таҳсил олаётган, касб-ҳунар сирларини ўрганаётган ўғил-қизларимизга тажрибали педагоглар, жумладан, фан докторлари ва номзодлари сабоқ бермоқда.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, бунда ҳар бир битирувчининг иш жойини олдиндан белгилаш, коллеж ўқувчиларининг амалиётини бўлғуси иш жойида ўташини ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилаётир. Масалан, уч томонлама тузилган шартномалар асосида битирувчиларни иш билан таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бундай ўзига хос тажриба бугун халқаро миқёсда ўрганилаётгани бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди, албатта.

Анжуманнинг ялпи мажлисида АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор Фредерик Старр, япониялик бобуршунос олим, Рюкоку университети профессори Эйжи Мано, Қоҳира университети профессори Магида Маҳлуф, “Абу Али ибн Сино — Франция” уюшмаси президенти, профессор Марк Боннел, бельгиялик профессор Юль Янссенс, Нидерландиянинг Утрехт университети доценти Вильфрид де Грааф, Япониянинг Токаи университети профессори, шарқшунос олим Масатака Такешита, Хитой Фан ва технологиялар университети тарих ва археология факультети раҳбари, профессор Ши Юнли, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе ва бошқалар ўрта асрлар Шарқ алломаларининг ҳаёти, илмий фаолияти ҳақида маърузалар қилишди.

Халқаро конференция шўъба мажлисларида давом этмоқда.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» махсус мухбирлари.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn