«Самарқанд — маданиятлар учрашадиган макон»
Версия для печати
  • 16 Май 2014

«Самарқанд — маданиятлар учрашадиган макон»

Самарқандда бўлиб ўтаётган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари афсонавий шаҳардаги Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳамда шу каби кўплаб тарихий обидаларни катта қизиқиш ва ҳайрат билан томоша қилишмоқда.

Шунингдек, жаҳоннинг нуфузли таълим даргоҳларидан ташриф буюрган шарқшунос олим ва мутахассислар гуруҳларга бўлинган ҳолда, улуғ алломаларимизнинг ибратомуз фаолияти, бетакрор асарларига оид маърузаларини ўртоқлашишаяпти. Мухбирларимиз улардан айримларининг фикрлари билан қизиқди.

Фредерик СТАРР,
Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси (АҚШ):

— Дунё давлатлари тарихига қизиққанлигим боис Ўзбекистон алломалари ҳақида етарлича маълумотга эгаман. Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани, маданияти ривожига қўшган ҳиссаси жаҳон халқларига яхши маълум. Бу эса, конференцияда иштирок этган Президент Ислом Каримов таъбири билан айтганда, халқингизнинг доимо бошини баланд кўтариб яшашга ҳақли эканлигини кўрсатади.
Ўзбекистон нафақат ўзининг буюк алломалари, балки достончилиги, бахшичилик мактаби билан ҳам маълуму машҳур. Самарқанд, Хива, Бухоро сингари қадим ўтмишга эга шаҳарлари борлиги ҳам бу заминнинг маданий меросга бойлиги ҳамда бетакрорлигидан далолат беради. Шу боис юртингизга доимо ҳавас қиламан.

Кюдзо КАТО,
таниқли япон археолог олими, “Дўстлик” ордени соҳиби, Термиз шаҳрининг Фахрий фуқароси:

— Президент Ислом Каримовнинг маърузасини мароқ билан тингладим. У кишининг бу заминда олиб бораётган тадқиқотларимни эътироф этишларидан бошим осмонга етди. Таъкидланганидек, қарийб уч минг йиллик тарихга эга юртингизда ўрта асрлардаёқ илм-фан, хусусан, астрономия, математика, тиббиёт ҳавас қиладиган даражада ривожланган. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу ўлка савдо-сотиқ ишларида ҳам етакчилик қилиб келган.

Бугун давлатингиз раҳбари ташаббуси билан таълим, соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган эътибор ва унинг юксак самаралари дунё миқёсида ўз эътирофини топиб улгурган. Барча соҳада изчил олиб борилаётган ислоҳотлар бу юртда буюк боболарига издош ёшларнинг камол топишига хизмат қилади, албатта. Ўзбекистонда рўй бераётган улуғвор ва тарихий ўзгаришлар ҳавас қилишга арзигуликдир.

Эйжи МАНО,
Рюкоку университети профессори, Марказий Осиё тарихи соҳасида таниқли мутахассис, бобуршунос олим (Япония):

— Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу анжуман мавзуси нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқлари учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Шу боис мазкур тадбирни тарихий аҳамиятга молик, деб бемалол айта оламан. Ўзимга келсак, Бобурийлар тарихини чуқур ўрганганман. Айниқса, Бобур ёзган асарлар билан яқиндан танишман. Ҳозир “Бобурнома” бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб бораяпман. Ҳатто Заҳириддин Бобур тарихи ва асарларига оид шахсий кутубхонам ҳам бор. Анжуман давомида ўзбек бобуршунослари билан тадқиқот мавзуимга доир изланишларимни ўртоқлашиб, улардан ҳам бир қанча янги маълумотлар олишга эришдим.

Халид бин Муҳаммад ал-МУСАББИҲИ,
Қирол Абдулазиз номидаги жамғарма котиби (Саудия Арабистони):

— Ушбу афсонавий шаҳарда ўтадиган конференцияга таклиф этилганимдан ниҳоятда мамнунман. Келишдан олдин интернет орқали бу муаззам заминнинг тарихи билан қизиқиб, ҳайратомуз маълумотлар топдим. Бу ерга етиб келгач, англадимки, чиндан ҳам, Ўзбекистон — алломалар юрти экан. Конференциянинг очилиш маросимида Президент Ислом Каримовнинг маърузасини катта қизиқиш ва эътибор билан тингладим. У кишининг ҳар бир аллома ҳақида жўшиб гапиришларига, улуғларнинг асарларидан мисоллар келтиришларига ҳавасим келди. Ўз тарихини чуқур билган, мутафаккирларининг асарларини севиб мутолаа қиладиган бундай шахслар дунёга камдан-кам келади. Шу маънода, мен Самарқандга ташриф буюрганимдан нечоғли бахтиёр бўлсам, давлатингиз раҳбарининг фикрларидан кўп нарса олганимдан шунчалик шодман.

Яна шуни айтишим керакки, ажойиб сафаримиз давомида одамларнинг меҳмондўстлиги, чор-атрофнинг саранжом-саришталиги, ободлигидан кўзим қувнади. Яйрадим. Тинч ва осуда юртга ана шундай гўзаллик ва жозиба ярашади. Улкан муваффақиятларингизга ҳеч қачон кўз тегмасин, дея ният билдираман.

Фируз Александр СЕФРИ ЗАНД,
“Архитектура тадқиқотлари Сефри гуруҳи” компанияси раҳбари (Буюк Британия):

— Самарқанд — дунёдаги қадимий обидаларга бой шаҳарлардан бири. Бу ерга учинчи марта келишим. Кейинги йилларда шаҳар жуда ўзгариб кетибди. Оламга машҳур тарихий обидалар қайта реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилибди. Равон ва кенг кўчалар, Шарқ ва ўарб архитектураси уйғунлашган бино ҳамда иншоотлар, айниқса, киши диққатини тортади. Кўчаю хиёбонлардаги яшил майдонлар, бетакрор гулзорлар, осмонга бўй чўзган фаввораларга қараб кишининг кўзи тўймайди.

Михаил САЧ,
профессор, Абу Али ибн Сино номидаги Шарқ тиббиёти маркази директори (Исроил):
— Президент Ислом Каримовнинг маърузасини ҳайрат ва ҳаяжон билан тингладим. У кишининг ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур анжуман улуғ алломаларга бўлган юксак эҳтиромни кўрсатади. Бу ҳурмат ва эъзоз бугун ўсиб келаётган авлод учун ҳам алоҳида ибрат намунасидир. Зеро, бобокалонлари аллома юртда комил фарзандлар тарбияланиши, шубҳасиз. Мен сафар давомида кўплаб касб-ҳунар коллежларида бўлиб, йигит-қизлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг билимдонлигига, хорижий тилларни яхши ўзлаштирганлигига ҳавасим келди.

Давлатингиз раҳбари ўз чиқишида Абу Али ибн Синони “Жаҳон тиббиёт фанида катта бурилиш ясаган буюк олим”, дея алоҳида таърифлади. Чиндан ҳам, шундай. Аллома қаламига мансуб “Тиб қонунлари” асарининг қиймати шунчалик юксакки, унинг XII асрдаёқ кўплаб тилларга таржима қилингани фикримиз исботидир. Ушбу асардан  ҳанузгача Европа университетлари тиббиёт факультетларида асосий қўлланмалардан бири сифатида фойдаланилмоқда.

Биламизки, Абу Али ибн Сино фақатгина тиб илмида эмас, фалсафа, астрономия, кимё, физика, география, мусиқа ва адабиёт соҳаларида ҳам баракали ижод қилган. Бу эса унинг илм-фанга беқиёс меҳр-муҳаббат қўйганлигидан далолатдир. Бугун биз ана шундай аллома юртида ташкил этилган нуфузли анжуман иштирокчиси эканимиздан хурсандмиз.

М. ЗИЁДИНОВ,
М. ЖОНИХОНОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn