«Мамлакатингизда маънавий юксалиш йўлида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар ҳар жиҳатдан ибрат олишга арзийди»
  • 15 Май 2014

«Мамлакатингизда маънавий юксалиш йўлида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар ҳар жиҳатдан ибрат олишга арзийди»

Аввал хабар берганимиздек, бугун Самарқандда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро илмий конференция ўз ишини бошлайди.

Шу муносабат билан кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарга АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Нидерландия, Франция, Италия, Испания, Бельгия, Венгрия, Швеция, Япония, Миср, Малайзия, Саудия Арабистони, Кувайт, Латвия каби мамлакатлардан олимлар, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари, экспертлар ташриф буюришди.
Самарқанддаги махсус мухбирларимиз Мамадиёр ЗИЁДИНОВ ва Мақсуд ЖОНИХОНОВ уларнинг фикрлари билан қизиқди.

Луижи АККАРДИ,
Рим университети профессори (Италия):
— Ўзбекистонга иккинчи марта келишим. Бундан олдин ҳам юртингизда меҳмон бўлганман. Ўтган вақт мобайнида бу ердаги ўзгариш ва янгиланишларни кўриб жуда қувондим. Аввало, мамлакатингиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган халқаро анжуманга таклиф қилинганимдан қанчалик ғурурланган бўлсам, афсонавий Самарқандга қадам қўйганимдан ҳам шунчалик мамнунман. Очиғи, Ўзбекистондаги улуғвор ўзгаришлардан ҳайратландим. Самарқанд ҳам бутунлай ўзгарибди. Кенг кўчалар, муҳташам бинолар, кўзни қамаштирувчи обидалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Анжуманнинг бу қадимий шаҳарда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, олам узра маълум ва машҳур Шарқ алломаларининг аксарияти ушбу заминда таваллуд топган ёки сабоқ олган. Масалан, Мирзо Улуғбекни олайлик. Комил ишонч билан айтаманки, ушбу мутафаккирнинг номини билмайдиган одам Ер юзида бўлмаса керак. Унинг “Зижи Кўрагоний” асари Осиё ва Европа мамлакатларида кенг тарқалган. Тан олиб айтишим керакки, Ўрта асрларда ёзилган бирор астрономик асар бунчалик шуҳрат қозонмаган.
Италияда Ўзбекистон билан илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилиш кучли. Хусусан, Тошкентда очилган Турин политехника университети таълим соҳасидаги фаол ҳамкорлигимизнинг амалий намунасидир. Мамлакатингизда маънавий юксалиш йўлида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар ҳар жиҳатдан ибрат олишга арзийди.

Эрик ФОССА,
Ницца шаҳридаги астрономия университети профессори (Франция):
— Бухоро, Хива, Самарқанд каби афсонавий шаҳарлар хусусида кўплаб мақола ҳамда асарлар орқали яхши танишман. Самарқандга пойтахтингиз Тошкентдан тезюрар “Афросиёб” поездида келдик. Турли мамлакатлардан ташриф буюраётган меҳмонлар билан суҳбатимиз ниҳояланиб-ниҳояланмай, бир зумда тилларда достон Самарқандга етганимизни билмай ҳам қолибмиз. Гўзал шаҳарни кўз билан кўриш бошқача экан. Бу ердаги ҳар бир бино — тарихий обидалар ҳам, бугунги замонавий мактаб, коллеж, лицейлар ҳам кишининг диққат-эътиборини тортади. Демак, аждодлардан мерос бўлиб қолган маънавий пойдевор бугун Президент Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона ва доно сиёсат туфайли янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Эътиборимни тортган ҳолатлардан яна бири шуки, бизни кутиб олишга чиққан ёш йигит-қизлар хорижий тилларда жуда эркин гаплашишар экан. Улар бугун навқирон юртингизда рўй бераётган ислоҳотлар ҳақида тўлқинланиб сўзлаб беришмоқда. Бу эса аждодлари аллома бўлган диёрнинг авлодлари ҳам улуғ бобокалонларига ўхшаб камол топаётганлигига исботдир.
Конференция мобайнида ушбу муқаддас заминдан етишиб чиққан кўплаб улуғ мутафаккирларнинг бой илмий меросига яна бир бор мурожаат қилиб, уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси хусусида фикр алмашиш имконига эга бўламиз.

Амина АДХЕР,
Европа тиббиёт ассоциацияси илмий лойиҳа директори (Германия):
—    Ўнлаб ўзбек алломаларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси улкандир. Жумладан, Мирзо Улуғбек қолдирган мерос халқингизнинг жаҳон аҳлига бебаҳо инъоми, дейиш мумкин. Унинг кўплаб илмий рисолалари, сиёсат ва иқтисодиёт соҳасидаги фаолияти, илмий ва маърифий мероси бугунги авлод учун ҳам катта сабоқ бўлиб хизмат қилмоқда. Алломанинг жаҳон илм-фани, айниқса, астрономия ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир.
Мамлакатингизда аждодларингизнинг бой меросини ўрганиш, тарғиб қилиш, маданий ёдгорликларни таъмирлаш ва асраб-авайлаш, таълим, фан ҳамда маданият соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самараларини бераётгани таҳсинга лойиқ.

Магида МАХЛУФ,
Қоҳира университети профессори (Миср):
— Конференция туфайли Самарқанддаги тарихий обидаларни, хусусан, меъморий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилаяпмиз. Регистон, Шоҳи Зинда мажмуалари, Амир Темур мақбараси ва Улуғбек расадхонасини томоша қилиб олам-олам завқ олаяпмиз.
Ўзбекистон қисқа фурсатда дунёда ўз муносиб ўрнини топгани, обрў-эътибор қозонгани, нуфузи юксалиб бораётгани Президент Ислом Каримов юритаётган узоқни кўзлаган сиёсат самарасидир. Давлатингиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатингиз тарихини, аждодларингизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни ёш авлодга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон мустақиллиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Мен болалигимданоқ Имом Бухорий каби кўплаб буюк мутафаккирлар улғайган Ўзбекистонни кўришни орзу қилардим. Мана, бугун ушбу мақсадимга етдим. Буюк аждодларингиз қолдирган ноёб ва ўта муҳим мерос асосида бугун дунё мамлакатлари илм даргоҳларида, мактабу университетларда таълим берилмоқда. Юртингизда ана шундай моддий ва маънавий меросни замон талаблари асосида чуқур ўрганиш ҳамда ундан халқингизни баҳраманд қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан ўрнак олса, арзийди.
Қисқаси, қувончим чексиз, таассуротларим бир олам. Шу боис мазкур халқаро конференция ташаббускори Президент Ислом Каримовга самимий миннатдорлик изҳор этаман.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn