Жаҳон олимлари нигоҳи — Самарқандда
  • 14 Май 2014

Жаҳон олимлари нигоҳи — Самарқандда

Азал-азалдан илму маърифат бешиги саналган юртимизда донғи оламга таралган машҳур алломалар, мутафаккирлар камол топган. Хусусан, қадимий Самарқанд неча-неча фозилу фузалолар учун камолот мактаби вазифасини ўтаган.

Чунончи, бу ерда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий каби улуғларимизнинг табаррук номлари билан боғлиқ беқиёс маърифий ва маънавий бунёдкорликлар амалга оширилганлиги ўша пайтнинг ўзидаёқ Ер юзида шуҳрат қозонган. Асосийси, айни пайтда ҳам ана шундай аждодларимизнинг бой маънавий мероси жаҳон олимлари, халқаро жамоатчиликни ўзига мафтун этиб келмоқда. 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида  халқаро конференция ташкил этилаётгани, мазкур нуфузли тадбирга дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан мутахассислар ташриф буюраётгани бунинг яққол исботидир.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу анжуманнинг рисоладагидек ўтиши учун тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилди. Жумладан, шаҳарнинг кўча ва хиёбонлари янада ободонлаштирилиб, тадбир билан боғлиқ тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро анжуман доирасида ўтказиладиган тадбирларни батафсил ёритиш мақсадида Матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилиб, маҳаллий ва хорижий журналистлар учун барча шарт-шароит яратилди. Таржимонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари фойдаланадиган мазкур марказ компьютер, принтер, ксеронусха, факс каби зарур ускуналар билан таъминланди. Компьютерлар интернетга уланди.

— Ушбу анжуман истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида маънавий юксалиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир юксак ифодасидир, — дейди Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети профессори Суюн Каримов. — Зеро, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ улуғ аждодларимизнинг муборак номларини тиклаш, уларнинг сўнгги манзилларини обод этиш, қутлуғ саналарини нишонлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилди. Мазкур конференция туфайли хорижликлар Шарқ мутафаккирлари даҳосини яна бир карра англаш баробарида, навқирон Ўзбекистонимизда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлардан ҳам воқиф бўладилар.

Дарҳақиқат, аждодларимиз дунёвий илмлар соҳасида жаҳон тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшганларки, бу биргина тилшунослик соҳасида ҳам кўзга яққол ташланади. Ана шундай алломалардан бири, XI асрда яшаб ўтган, жаҳон қиёсий тилшунослиги ва туркийшунослигининг асосчиси Маҳмуд Кошғарийдир. Етти, саккиз тилни мукаммал билган олимнинг нафақат Кошғар мадрасаларида, балки Бухоро ва Самарқандда ҳам таҳсил олганлиги ҳақида маълумотлар бор. 15-20 йил давомида туркий қавмлар яшаган катта ҳудудни кезиб чиқиб, уларнинг келиб чиқиши, номланиши, жойлашиш ўринлари, урф-одатларини ва тил хусусиятларини синчковлик билан ўрганди ва 1072 йилда Бағдод шаҳрида машҳур “Девону луғотит турк” асарини ёзди.

Анжуман давомида шу каби алломалар қолдирган бой маънавий мерос хусусида хорижликларнинг ҳам маъруза қилишлари кутилаётгани, шубҳасиз, барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини бахш этади.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn