Аждодлари аллома, авлодлари баркамол
Версия для печати
  • 10 Май 2014

Аждодлари аллома, авлодлари баркамол

Ўзбекистон — буюк алломалар юрти. Бу заминда туғилган, камол топган мутафаккирлар томонидан яратилган бебаҳо асарлар инсониятга олам ва одам, борлиқ тушунчаси, ҳаётнинг мазмун-моҳиятидан сабоқ беришда муҳим манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Улуғ бобокалонларимизнинг бой илмий ва адабий мероси олам узра довруқ қозонган бўлса-да, мустабид тузум даврида уларнинг табаррук номлари топталди, сўнгги манзилларига беписанд муносабатда бўлинди. Фақатгина истиқлолга эришилгач, муҳтарам Президентимизнинг азму шижоати туфайли азизларимиз хотирасига эҳтиром кўрсатила бошланди. Уларнинг асарларини тадқиқ этиш, халқимиз, айниқса, ёшларимизни бебаҳо дурдоналарга ошно қилиб тарбиялаш борасида ибратли ишлар қилинди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2014 йилнинг 15-16 май кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция ҳам улуғларга бўлган эҳтиромнинг яна бир яққол намунасидир.

Тарихдан маълумки, олиму мутафаккирларнинг камолот пиллапоясида мадрасаларнинг ўрни катта бўлган. Шу боис уларга оид айрим маълумотларга тўхталиб ўтишни лозим кўрдик. Хусусан, XV аср охири — XVI аср бошларида яшаб ижод этган етук адиб ва шоир Зайниддин Восифий ўзининг “Бадоеъ ул-вақоеъ” (“Нодир воқеалар”) асарида Шайбонийхон сулоласи вакилларидан Кучкунчихоннинг Самарқанддаги ҳукмронлиги даврида вайронага айланган меъморий бинолар, жумладан, мадрасалар, хонақоҳлар, ибодатхонаю масжидлар таъмирланганлиги, шаҳарда ободончилик ишлари амалга оширилганлиги ҳақида сўз юритади.

“Улар иморат ва таъмир қилиниб, — деб ёзади муаллиф, — шаҳид султон Улуғбек Кўрагоннинг мадраса ва хонақоҳигаки, рубъи маскунда унга тенг келадиган олий иморат бўлмаган эди, ўн мударрис тайин қилинди… Мадраса муаззам айвонининг баландлиги шу даражада эдики, агар Шарқ қуёши ўз нурлари торини пайванд қилиб, нурли юлдуз ясаганда ва янги ой илгагига илганда ҳам унинг болохонаси шарафасидан пастлик қиларди. Агар хаёл сайёҳи андиша дастёрлигида кунгураси тепасига қадам қўйганда, боши ломакон гумбази шифтига тегар эди”.

Зайниддин Восифий, шунингдек, мадрасанинг кўриниши, унинг ўз даврида тутган ўрни ҳақида ҳам маълумот берар экан, мударрислар хусусида бундай дейди: “Шу мударрислардан бири Мавлоно Амири Калон эдики… Инояти ихтиёрининг жилови сарфини талабалар тарбиятига йўналтирмоқни лозим топиб, диний жаҳолат қолдиқларини йўқотмак ва аниқ илмлар байроқларини ўрнатишга жидду жаҳд кўрсатдиким, залолат биносининг синмоғи унинг заминида илова эди. Бундай қатъий аҳд унга ваколат қилинган эди… Фазилат тарқатувчи фозиллар тарбияси билан банд эди. У билиш шарти муқаррар қилинган суфада олимларнинг олими — мударрис бўлиб дарс берар эди”.

Восифий халқ орасида тарқалган Муҳаммад Ҳавофий ҳақидаги қуйидаги маълумотни келтиради: айтишларича, Улуғбек мадрасасини қураётганларида мавлоно Ҳавофий унинг тезроқ битказилишига кўмаклашган. Бир куни у пўстинини тескари кийиб олиб ғишт уюмлари орасида ўтирган эди. Бир киши Мирзо Улуғбекдан сўради:
— Ҳазрат, бу улкан ажойиб мадраса тугай деб қолди. Унга кимни мударрис этиб тайинламоқчисиз?
Мирзо жавоб берди:
— Бу мадраса мударриси жамики илмларга моҳир ва барча фанлардан баҳраманд ва комил киши бўлиши керак.
Мавлоно Ҳавофий жойидан туриб, шундай деди:
— Бу мансабга мен тайин этилурман.

Ҳикоя қилишларича, Мирзо Улуғбек уни ёнига чақириб ҳар илмдан баъзи нарсаларни сўраган. Нимани сўрамасин, маъқул ва мақбул жавоб олган. Кейин унга қимматбаҳо кийимлар берган, азиз тутган ҳамда ўзи учун ҳам сабоқ олган.

Бундан кўринадики, мударрислар ҳам юксак талаб ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда муттасил изланишган. Дарслик, ўқув қўлланмалари яратишган, мураккаб асарларни ўрганишнинг турли усулларини жорий қилишган.

Юқоридаги фикрларнинг тасдиғи сифатида қуйидаги муҳим далилни келтиришни лозим топдик. Бу ҳужжат Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги мадрасасида таҳсил кўрган Шамсиддин Муҳаммад номига берилган санати (шаҳодатнома)си бўлиб, у 1435 йилда мадрасанинг бош мударриси Қозизода Румийнинг рухсати ва имзоси билан берилган. Унда, хусусан, бундай дейилади: “…Шамсиддин Муҳаммад ал-Балхий илм таҳсил қилиш учун ватанидан узоқ ерларга сафар қилишни ихтиёр қилди.

Самарқандда 16 йил чамаси истиқомат қилди. Унинг талаб водийсидан илмнинг тиниқ сувига ташналиги кун сари ортиб борди. Идрокли ва зийрак бўлғони учун дарсларни тез тушунар эди”, дейилади. Бу ерда таъриф этилган талаба Шамсиддин Муҳаммад асли Хуросоннинг Балх шаҳридан бўлиб, Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясига ўқишга келган. Бундан кўринадики, Мирзо Улуғбекнинг мадрасаи олиясининг шон-шуҳрати кўплаб мамлакатларга ҳам етиб борган. Шунинг учун ҳам у ерда фақат мовароуннаҳрликлар таҳсил олмай, балки Хуросон, Ҳиндистон, Рум ва бошқа Шарқ мамлакатларидан келганлар ҳам таълим олишган.

Шунингдек, ушбу сўзлар мадрасаи олияда таҳсил муддати 16 йил эканлигини ҳам исботлайди. Мазкур шаҳодатнома Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида Р10683 — Ш рақам остида сақланади.

Мадрасаларда Шарқ илмий доирасида ўчмас из қолдирган олиму фузалолар — Имом Бухорий, Нажмиддин Кубро, Шарафиддин Али Яздий, Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби алломаларнинг асарларига мурожаат қилиш, улар яратган илмий кашфиётлар билан талабаларни таништириш, асарларидан нусхалар кўчириш асосий вазифа эканлиги кўзга ташланади. Бу алломалар жаҳон фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшиши билан бир қаторда мадрасаларда ўқитилиши лозим бўлган дарслик ва қўлланмаларнинг муаллифлари ҳамдир.

Мухтасар айтганда, асрлар синовига бардош берган мадрасалар, у ерларда бобокалонларимиз томонидан ўтилган сабоқлар инсоният маънавий дунёсини бойитиб келган. Шундай экан, аждодларимиз маърифатига назар солмоқ кишини ҳушёрликка даъват этади ва уларга муносиб ворис бўлиш туйғусини тарбиялайди. Зеро, аждодлари аллома юртнинг авлодлари ҳам баркамол ва соғлом бўлиши муқаррар.

Маҳкамой ТУРСУНОВА,
Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети доценти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn