Соҳибқирон назарига тушган қишлоқ
  • 27 Июль 2017

Соҳибқирон назарига тушган қишлоқ

Қашқадарё вилояти марказидан 17 километр Жануби-ғарбда Қовчин қишлоғи жойлашган.

Бу қишлоқда Абул-Муъин ан-Насафий зиёратгоҳи бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида мазкур қадамжони кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, бу ерда кутубхона ташкил этиш, аллома асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берган эди.
Кексаларнинг айтишича, қадимда ҳудудда Қум, Қайрабод, Ёмчи, Ибсан, Жумабозор деб аталган  қишлоқлар бўлган. Кейинчалик уларнинг барчаси Қовчин қишлоғига бирлаштирилган. Қишлоқнинг Қовчин деб аталишига сабаб у ерда яшаётган аҳолининг кўпчилиги қовчин уруғига мансуб. Топономик олим Д. Абдураҳмонов ўзининг  “Қовчин сўзининг тарихи ҳақида” деб номланган мақоласида: “Ҳақиқатан ҳам, қовчин сўзининг уруғ номи эканлиги аниқ. Бу уруғ, бошқа ерлар билан бирга, Қашқадарё водийсида ҳам кўчиб юрган. “Қовчин” эпчил ва кучли деган маънони беради”, дейди. Қовчин уруғига мансуб кишилар табиатан жасур бўлганликлари туфайли  Соҳибқирон Амир Темур ва Бобур қўшинларида кўпчиликни ташкил қилган. Бу ҳақда Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарларида ҳам қайд этилган.
Зиёратгоҳ машҳур калом илмининг вакилларидан бири Абул-Муъин ан-Насафий (1027-1114)  номи билан аталади. У ҳақида тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов раҳбарлигида нашр қилинган “Ўзбекистон — буюк алломалар юрти” номли китобда шундай дейилади:  “ У (Абул-Муъин ан-Насафий)нинг ан-Насафий нисбаси билан аталиши хусусида эса барча тарихнавислар якдиллик билан бир хил ёзганлар. Шу билан бирга, баъзи манбаларда ан-Насафийнинг бир қанча муддат Самарқандда яшаганлиги ва сўнгра узоқ йиллар Бухорода муқим истиқомат қилганлиги ҳақида ҳам хабарлар келтирилган. Унинг вафоти ҳақида эса аксар манбаларда 1114 сана берилади. Шунга кўра, аллома Абул-Муъин ан-Насафий узоқ умр кўриб, 87 ёшида вафот этган. Унинг қабри Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида жойлашган”.
Ан-Насафий Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган мотуридия таълимоти тўғрисидаги китоби билан катта шуҳрат қозонган.
Абул-Муъин ан-Насафий зиёратгоҳида хитой ипак қоғозида битилган қўлёзма Қуръони карим мавжуд. Бу Қуръони каримнинг бўйи 60, эни 41 сантиметрни ташкил қилади. Китобга уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метру 60 сантиметр бўлган лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 йил (милодий йил бўйича 1851 йил)  ёзиб қолдирилган. 12 қатор шеър лавҳда ўйиб битилган.
Истиқлол туфайли юртимиздаги зиёратгоҳ ва қадамжоларга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, улар кўркам ва обод манзилларга айлантирилди. Ана шундай масканлардан бири — Абул-Муъин ан-Насафий зиёратгоҳининг янада обод қилиниши  аждодларга бўлган юксак эҳтиром ифодасидир.


Руҳиддин АКБАРОВ.
Қарши тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn