Китобга боғланган кўнгил
  • 23 Июнь 2017

Китобга боғланган кўнгил

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мутолаа маданияти, айниқса, оилавий китобхонликнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни алоҳида таъкидлангани юртимизда китобга, китобхонга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирмоқда.

Хатирчилик Жалолиддин Юсупов кўзга кўринган матншунослардан. Икки юздан ошиқ монография ва мақолалар ҳамда уч китоб муаллифи, улуғ шоир Бобораҳим Машрабнинг икки девонини нашрга тайёрлаган. 

— Ўттиз икки йил мактабда ишладим, — дейди у. — Китобларни тайёрлаш учун ҳам умримнинг ўттиз икки  йилини сарфладим. Ҳали одамларга номаълум бўлган кўп қўлёзмалар, шоирлар, олимларимиз бор. Уларнинг китобларини ҳам юзага чиқаришимиз керак. Шу эзгу амаллар орқали ёшларни бебаҳо меросимиз билан таништириб, уларнинг комил инсон сифатида шаклланишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз. 

Жалолиддин ака айни пайтда Румий “Маънавий маснавий”сининг Машраб талқинидаги “Мабдаи нур” асарини нашрга тайёрлаш билан банд. Бу юмуш заҳматларини таърифлаш осон, билъакс бошдан кечирмоқ мушкул. Боиси у кишидан қадим туркий, форсий ва араб тили, имло, графика ҳамда арузни пухта билишни талаб этади ва уч-тўрт манба, қўлёзмалар солиштирилиши асосида юзага чиқади. Олис қишлоқдаги илм-фан фидойисининг саъй-ҳаракатлари ибратга лойиқдир.

— Отамнинг икки сандиқ китоби бор эди, — дея сўзида давом этади Ж. Юсупов. — Уларни очиб ўқиш, баҳра олишга қўрқар эдик. Жон ширинлигидан эмас, китоб — қўлёзмалардан ажралиб қолишдан ҳадиксирардик. Шу боис отам биз учун -китобларни танлаб берар эди. Уларни ўқиб, ҳаёт мағзини чақишни ўргандик, оқ-қорани танийдиган бўлдик. Бунинг учун отамдан бир умр миннатдормиз.   

Китоб билан дўст тутинган кишилардан яна бири Кармана туманидаги Калавот маҳалласида истиқомат қилувчи Бурҳон Жўраевдир. Унинг хонадонидаги китоб фонди бугунги кунда ўн минг нусхадан кўпроқни ташкил этади. 30 — 40 йил илгари нашр этилиб, обуна йўли билан сотувга чиқарилган “Жаҳон адабиёти”  ва “Ажойиб кишилар ҳаёти” сериясидаги асарлар, турли мавзу ҳамда йўналишдаги қомуслар Бурҳон аканинг бир хона ва даҳлиздан иборат кутубхонасидан жой олган. Бундан ташқари, оқсоқол 1975 йилдан 1995 йилгача бўлган даврдаги  “Шарқ юлдузи” ҳамда “Ёшлик” журналларининг тўлиқ тахламига эга. Қисқача айтганда, “етти пуштига етади” иборасини китобга татбиқ этсак, Бурҳон Жўраевнинг “бойлиги” ҳавас қилгулик.   

— Бир куни янгангиз гўшт олиб келиш учун Кармана бозорига жўнатди, — дея хотирлайди Бурҳон ака. — Китоб дўкони шундоқ йўлимизда. Иш вақти тугаб, сотувчи кетишга чоғланаётган экан. Китоб олавериб, қадрдон бўлиб кетганмиз, қайта очди. Гўштга аталган пулга Абдулла Ориповнинг “Юзма-юз”ини олиб, пул учун яна уйга қайтдим... 

Бурҳон ака беш фарзанд улғайтирган, ҳаммаси олий маълумотли. Уч ўғилдан тўнғичи кончи-муҳандис, ўртанчаси педагог, кенжаси Шерзод Жўраев эса ҳарбий, яқинда капитан унвонига лойиқ топилибди. 

— Отам ҳам, онам ҳам оддий касб эгалари, — дейди Б. Жўраев. — Ҳар куни кечқурун  достон ўқиб берарди. Ўша йиллар ўзбек достонлари чоп этила бошланган, янгиси топиб келинган кун уйимизда байрам бўларди. Кутубхонамизга шу  йўсинда асос солинган эди. 

Бурҳон аканинг маълумоти ўрта. Электрик касбини эгаллаган. “Оғир йиллар эди, ўқий олмадим”, деб ўксинмайди. Доим китобга ошно тутингани боис тафаккури бой, билими кенг. 

 — Кўпчилик Бурҳон аканинг ўз кутубхонасидаги ҳамма китобларини ўқиганлигига шубҳа билан қараб, “Ҳа, энди почта маркасини тўпловчиларга ўхшаган бир коллекционер-да”, деб ўйлашади. Туман газетасининг собиқ муҳаррири Эргаш Ёқубов ҳам шундай фикрда эди, — дейди адиб Одил Ҳотамов. — Бир куни мавридини топиб, Лев Толстойнинг “Болалик” қиссасидан савол берди. Бурҳон ака жавобининг охирида ўша қисса 1852 йил илк бор “Современник” журналида чоп этилгани ва шу муносабат билан адибнинг Некрасовга ёзган мактуби мазмунигача айтиб берганида Эргаш аканинг тан беришдан ўзга чораси қолмади.

Бурҳон Жўраев 2000 ва 2001 йиллари “Кармана овози” газетаси билан ҳамкорликда тумандаги мактаб ўқувчилари ўртасида  “Зукко ёш китобхон”  танловини ўтказди. Ўзи тузган саволларга аниқ жавоб берганларга ўн донадан китоб совға қилди. 

— Акангизнинг туғилган кунига 1973 йилдан буён танишлари китоб совға қилишади, — дейди у кишининг турмуш ўртоғи Хадича Жўраева. — Ўша нашрдан уйимизда мавжуд бўлса, алоҳида ажратиб қўядилар. Шундай китоблардан юздан ошиғи тўпланиб қолган экан. Танлов ўтказиб, ғолибларга китоб, пенсиясидан пул мукофоти берибди. “Кармана овози”дан ўқиб билибман.

Энди мақоламиз  аввалидаги китоб мутолааси ва оилавий китобхонлик мавзуига қайтсак. Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши китобсеварлар ҳамда ноширлару ижодкорларни ўйлантириб келаётган кўплаб муаммолар ечимида дастуриламал бўлмоқда. Шу асосда турли танловлар, китобхонлик кечалари, учрашув ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Албатта, бу китоб ҳамда унинг мутолааси кундалик ҳаётимизда ахлоқнинг ажралмас меъёрларидан бирига айланиши давлат сиёсати даражасига эга бўлганлигидан далолат. Зеро, китобга боғланган кўнгил яратувчан, иллатдан йироқ бўлади.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn