Ўн минг йиллик битиклар
  • 23 Июнь 2017

Ўн минг йиллик битиклар

 Ундан келажак авлодлар ҳам баҳраманд бўлиши жоиз. “Сурхон” давлат қўриқхонасидаги Зараутсой дараси қадимий гўшалари, қоятошлардаги расмлари билан диққатга сазовор бўлиб, улар қарийб ўн минг йиллик тарихга эга. Мазкур санъат асарлари шунча вақт ўтишига қарамасдан, яхши сақланиб турибди. Бу жойни сайёҳлар эътиборини тортувчи муҳим масканлар сирасига киритиш мумкин.

Бироқ сўнгги пайтларда ушбу ноёб дурдоналар ҳимояга муҳтож бўлиб қолмоқда. Бунга шамол, қуёш нури каби табиий омиллар қаторида айрим “сайёҳ”ларнинг ўзбошимчалик билан расмларга шикаст етказаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

2004 йилда “Зараутсой” жамоатчилик марказига асос солиниб, унинг зиммасига бебаҳо меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга асл ҳолича қолдириш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш каби бир қатор вазифалар юклатилган эди.

Айни пайтда бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Тарих, маданият, санъат ва ўлкашунослик бўйича асарлар нашр этилиб, турли тадбирлар уюштирилаяпти. Фикримизча, булар етарли эмас. Бунинг учун, масалан, экотуризмга қаратилган аниқ мақсадли амалий чора-тадбирларни рўёбга чиқариш лозим. Чунки охирги йилларда дунё миқёсида сайёҳликнинг мазкур тури жадал ривожланмоқда. Ҳозирги кунда бу соҳа жаҳон иқтисодиётида нефть ва автомобилсозлик саноатидан кейин учинчи ўринни эгаллаб тургани, дунё ялпи ички маҳсулотидаги улуши 10 фоиздан ошгани, тармоқда меҳнатга қобилиятли аҳолининг 8 фоизга яқини иш билан банд экани, туризм хизматлари жаҳон экспортининг 7 фоиздан кўпроғини ташкил этиши бунга яққол мисол бўла олади. Булар орасида экотуризмнинг улуши ортиб бораётгани, айниқса, эътиборга лойиқдир.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг 41 фоизи яхши сақланган хушманзара ва табиий ландшафтларни кўриш истагини билдираётганини инобатга олсак, экотуризмни тараққий топтириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлиги ойдинлашади.

Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан жамоатчилик фикри ўрганилганда, Зараутсой ёдгорликларини асраб-авайлаш учун бу ерда алоҳида қўриқлаш тизимини яратиш зарурлиги маълум бўлди. Қолаверса, дарада маданий-этнографик, ғоршунослик, даволаш-соғломлаштириш каби экотуризм турларини шакллантириш имкониятлари мавжуд. Бинобарин, сайёҳликнинг ушбу турларида анъанавий ҳордиқ чиқариш ёки маиший қулайликлар эмас, балки табиат манзаралари муҳим ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Зотан, бу ҳужжатда ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, тармоқни бошқаришни тубдан такомиллаштириш юзасидан кўплаб вазифалар белгилаб берилдики, уларнинг ижроси Зараутсойдек сайёҳлик учун қулай бўлган қадимий манзилларни обод этишга хизмат қилади.

Э. ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси координатори,

А. ХОЛМИРЗАЕВ,

«Зараутсой» жамоатчилик маркази раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn