«Пушкин пайдо бўлган ҳар бир эшикда...»
  • 07 Июнь 2017

«Пушкин пайдо бўлган ҳар бир эшикда...»

Пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги хиёбонида рус шоири Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 218 йиллигига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Унда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, шоир ҳамда ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, миллий маданият марказлари вакиллари, ижодкорлар, педагоглар, талаба-ёшлар қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаётгани, уларнинг миллий байрам ҳамда маросимлари нишонланаётгани давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат ифодаси эканлигини таъкидлашди.

Кейинги йилларда ўзбек китобхонларига жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини она тилимизда тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, республикамизда миллий ва жаҳон адабиётининг етук намояндалари таваллуд саналарини кенг нишонлаш, китобхонлик байрамлари, адиб ҳамда шоирлар билан учрашувлар ўтказиш яхши анъанага айланганини қайд этиш жоиз. Мунтазам равишда ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ёш авлоднинг адабиётга бўлган қизиқишини кучайтиришда муҳим ўрин тутаётир.

— Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳа қатори маданий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги дўстлик янада мустаҳкамланиб бормоқда, — дейди Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев. — Юртингизда улуғ рус шоири Пушкин таваллудининг 218 йиллиги кенг нишонланаётгани ҳам бунинг яна бир ёрқин тасдиғидир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётганидан жуда мамнунмиз.

Ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда адабиёт ва санъатнинг алоҳида ўрни бор. Россияликлар ўзбек алломалари, шоирларини яхши билади, Ўзбекистонда рус тили ҳамда адабиёти ўрганилади. Москва шаҳрида Алишер Навоийга, Тошкентда Александр Пушкинга ҳайкал ўрнатилган.

Пушкиннинг эртак ҳамда достонлари, шеърлари, қиссалари ҳар биримизга болалигимиздан яхши таниш. Улуғ шоир асарларида ростгўйлик, ҳалоллик, эзгулик улуғланади. Меҳр-муҳаббат, самимият каби покиза туйғулар шоирга хос бўлган жўшқин сатрлар воситасида тараннум этилади.

Шоир ижодида мавзулар кўлами бағоят кенг. Чунончи, Ватан, бахт-саодат, ёшлик сурури тўлқинланган сатрлар ўқувчиларга завқу шавқ улашади. Пушкин асарлари Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир сингари таниқли шоир ва адибларимиз томонидан она тилимизга моҳирона ўгирилган.

Тадбирда буюк шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, ижодидан намуналар ўқилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекис-тон давлат академик катта театри актёрлари, Рус миллий маданият маркази қошидаги бадиий жамоа томонидан мусиқий композиция намойиш этилди.

Атоқли шоир таваллудига бағишланган ижодий кечалар мамлакатимизнинг барча ҳудудида давом этмоқда.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn