Нафосат ва гўзаллик сайли
  • 02 Июнь 2017

Нафосат ва гўзаллик сайли

Ҳар йили Наманганда анъанавий “Гул байрами” алоҳида кўтаринкилик билан нишонланади. Мазкур тадбир гулчию боғбонларни, бутун вилоят аҳли ва меҳмонларини нафосат сайлига чорлайди.

Истиқлол йилларида вилоятда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида кўчалар кенгайди. Замонавий тураржойлар, маданий-маиший ҳамда сервис йўналишидаги кўплаб шохобчалар барпо этилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва тавсиялари асосида шаҳар ландшафти бу каби янгиланишларга мос тарзда ўзгартирилмоқда. Жумладан, яқин вақтга қадар, асосан, истироҳат боғлари ҳамда хиёбонлардагина мавжуд бўлган гулзорлар эндиликда бутун шаҳарга кўчган.

— Жорий йилги нафосат сайлида Наманган шаҳри, туманлар, шунингдек, қўшни вилоятлардан ташриф буюрган 70 дан ортиқ ҳаваскор гулчилар, 46 та ташкилот, муассаса ва корхона боғбонлари ўзлари парваришлаган гулларини намойиш қилдилар, — дейди шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Анвар Абдулҳаев. — Улар томонидан анвойи чечаклар воситасида яратилган композицияларда мамлакатимиздаги бунёдкорликлардан тортиб, она-табиатнинг турфа кўринишларигача моҳирона ифодаланди.

Наманганда ўнлаб сулолалар гўзаллик яратишдек савобли ишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан, Исломобод маҳалласида яшовчи Қобилжон Қодиров оиласида учинчи авлод аждодлар ишини давом эттираётир. Сулола етакчиси Абдуқодир ота Насриддинов 1960 йили шаҳарда илк бор ўтказилган “Гул байрами”нинг ташкилотчиларидан биридир. Унинг набираси Обидхон Қодиров айни пайтда ярим гектар майдондаги иссиқхонада мингдан ортиқ турдаги гулларни парваришламоқда.

Беш кун давом этган байрам доирасида “Нуроний” чойхонасида кекса авлод вакиллари учун чой маросими, қизларнинг миллий либослар кўргазмаси, миллий ширинликлар ва шарбатлар кўргазмаси ташкил қилинди. Санъаткорларнинг дилтортар куй-қўшиқлари анжуманга алоҳида мазмун бағишлади.

Анъанавий байрам сўнгида олий ўринни қўлга киритган ҳаваскор гулчи ва ташкилот “Матиз” автомашинаси билан мукофотланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn