Боқий меросимиз намойиши
  • 27 Май 2017

Боқий меросимиз намойиши

Шу кунларда қадимий ва навқирон Бухоро шаҳри Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивалига мезбонлик қилмоқда. 

Бухорони йирик туристик марказга айлантириш, халқ амалий санъатини дунёга танитиш, миллий қадрият ҳамда анъаналаримизни асраб-авайлаш каби олижаноб мақсадларга қаратилган мазкур тадбир нафақат республикамиз аҳли, балки хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотаяпти. Унда чет давлатлардан 

54 нафар ҳунарманд, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан эса 700 нафардан зиёд халқ амалий санъати усталари иштирок этаётгани бунинг тасдиғидир. Тадбирда хорижий дипломатик корпус вакиллари, юзлаб сайёҳлар қатнашаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

— Бухорога оиламиз билан илк бор келишимиз, — дейди германиялик сайёҳ  Клаус Вайнбергер. — Омадимиз бор экан, “Ипак ва зираворлар” фестивалини томоша қилиш имкониятига эга бўлдик. Юртингизда азалий урф-одатлар, миллий қадриятлар кўз қорачиғидек асраб келинаётгани диққатга сазовор. Халқингиз жуда меҳмондўст, илтифотли экан. Ҳар қадамда шарқона руҳни ҳис этасан, киши.

Фестиваль 26 май куни эрталаб “Арк” қалъаси олдидаги “Регистон” майдонидан иштирокчиларнинг тантанали юриши билан бошланди. Тадбирнинг очилиш маросими эса сўлим Лабиҳовуз бўйидаги Нодирдевонбеги мадрасаси майдонида бўлиб ўтди. -Шарқона либослардаги йигит-қизлар, миллий эртаклар қаҳрамонлари кийимидаги болалар, фольклор-этнографик дасталари қатнашчилари, карнай-сурнай садолари анжуманга байрамона руҳ бахш этди. Дарвоқе, бу галги тантанали юриш иштирокчилари сафида миллий-маданий марказлар вакилларини ҳам кўриш мумкин эди. Ташкилотчиларнинг фикрича, бунда рамзий маъно бор. Яъни турли анъаналар ўзаро -уйғунлаштирилган.

— Фестивалда қатнашаётганимдан ниҳоятда хурсандман, — дейди  АҚШлик меҳмон, “Санта-Фе — Бухоро” биродарлашган шаҳарлар қўмитаси раиси Кэрол Робертсон Лопес хоним. — Мана, бир неча йилдирки, Бухоро Санта-Фе билан биродарлашган шаҳар саналади. Шу боис бухоролик ҳунармандлар АҚШдаги кўплаб нуфузли кўргазмаларда ўзбек халқ амалий санъатини намойиш этишган. “Ипак ва зираворлар” фестивалига тўхталсак, бу ажойиб байрам. У юртингиз маданиятини дунёга янада кенгроқ танитишга хизмат қилади, албатта.

Дарҳақиқат, фестиваль ҳунарманду зираворчи деҳқонларнинг ўз маҳсулотларини намойиш этиш, тажриба алмашиш, маҳоратларини ошириш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтаяпти. Шу сабабли, марғилонлик ҳунарманд Равшанбек Иброҳимов ҳам мазкур тадбирга келишни канда қилмайди.

— “Ипак ва зираворлар” анжумани бизга ҳамкорлар топиш, касб маҳоратимизни оширишда қўл келаяпти,— дейди у. — Кўриб турганингиздек, атлас матоларимизга хорижликлар ҳам талабгор бўлишмоқда.

Тадбир асносида кулоллик, мис кандакорлиги, зардўзлик, хаттотлик каби қатор йўналишларда маҳорат сабоқлари ташкил этилаяпти. Таниқли фольклор дасталарининг чиқишлари, “Ўзбек ипаги — дунё нигоҳида” шоу-дастури, “Созлар навоси” концерти, палов сайли, халқ ўйинлари, тасвирий ва амалий санъат галереяси, рассомлар кўргазмаси, миллий фильмлар намойиши каби тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Фестиваль доирасида, шунингдек, “Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Тоҳир ИСТАТОВ (ЎзА) 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn