Грузия маданияти кунлари
  • 25 Май 2017

Грузия маданияти кунлари

Тошкентда Грузия маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги муносабатлар турли соҳаларда, жумладан, маданият ҳамда санъат йўналишида изчил ривожланиб бормоқда.

Бундай дўстона алоқалар икки мамлакатда ўтказилаётган қатор маданий анжуманлар, санъат фестиваллари, конференция ва симпозиумларда ҳам ўз аксини топмоқда.

Грузия маданияти кунлари доирасида ушбу мамлакат киноси кунлари ҳам бўлиб ўтаётир. Унда “Мен, бувим, Илико ва Илларион”, “Тикув машинали қиз”, “Кукарача”, -“Мандаринлар”, “Маккажўхорили орол”, “Моира” фильмлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Қизиқарли воқеаларга бой мазкур киноасарлар орқали грузин халқининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одат ҳамда анъаналари билан танишиш мумкин. Маданий анжуман грузиялик ва эстониялик киноижодкорлар ҳамкорлигида суратга олинган, 2015 йилда “Оскар” мукофотига номзод бўлган “Мандаринлар” фильми намойиши билан бошланди.

Тадбирлар давомида ташриф буюрувчилар грузиялик тасвирий ва амалий санъат усталарининг кўргазмалари, машҳур “Эрисиони” давлат академик халқ ашула ва рақс ансамбли ҳамда “Кўча мусиқачилари” гуруҳи концертидан баҳраманд бўладилар.

Грузия маданияти кунлари 28 май куни ниҳоясига етади.

Музаффар АКРАМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn