Бебаҳо маданий мерос ва сайёҳлик салоҳияти 
  • 24 Май 2017

Бебаҳо маданий мерос ва сайёҳлик салоҳияти 

Ҳар бир мамлакатнинг ўтмиши, бой маданий мероси унинг тараққиётида муҳим ўрин тутади. Дунё цивилизациясининг энг қадимий ва бой маданий марказларидан бири ҳисобланган юртимизда бугунги кунда тўрт мингдан ортиқ тарихий-меъморий обида ҳамда ёдгорликлар бор. Улар кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаяпти. Самарқанд, Хива, Бухоро, Шаҳрисабз, Термиз, Қарши, Марғилон каби кўҳна шаҳарларимиз жаҳон халқларини ўзига тобора жалб этаётгани Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти нечоғли юқори эканлигини яққол ифодаламоқда.

Дарҳақиқат, республикамизда сайёҳликни ривожлантириш, соҳа инфратузилмасини тобора кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар, комплекс чора-тадбирлар муваффақиятли рўёбга чиқарилаётир. Буни қадимий воҳа — Хоразм мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур ҳудуд ўзининг кўп асрлик тарихи, барчани ҳайратлантирадиган бебаҳо маданий мероси, диққатга сазовор жойлари билан дунёга маълуму машҳурдир.

Айтиш жоизки, Президентимиз жорий йилнинг 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифини Хивадаги Ичан-Қалъа мажмуасидан бошлаганди. Давлатимиз -раҳбари Хива шаҳрининг тарихий қисмида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари режаси, тарихий обидаларни реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишиб, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан суҳбатлашган эди. Шаҳарнинг туризм жозибадорлигини юксалтириш мақсадида сайилгоҳ кўчалар ташкил этиш ва кечки сайр имкониятини яратиш, уларда миллий урф-одатларимиз ҳамда кўнгилочар дастурларни намойиш қилиш бўйича қатор кўрсатмалар берганди.

Айни пайтда Хива ва “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасини халқаро туризм марказларидан бирига айлантириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Урганчдан Хивагача темир йўл қурилиши ҳамда Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. Келгусида бу йўлдан электропоездлар, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 19 майдаги “Хоразм вилоятидаги “Нуруллабой” тарихий мажмуасини реконструкция ва реставрация қилиш тўғрисида”ги қарори ҳам қадим воҳага хорижлик сайёҳлар эътиборини янада кўпроқ жалб этиш, Хиванинг тарихий-меъморий, туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, кенг жамоатчиликни халқимизнинг бой  мероси, маданияти ҳамда санъатининг ноёб намуналари билан таништириш, миллий маданият ва анъаналаримизни асраб-авайлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Бинобарин, унда “Нуруллабой” тарихий обидасини таъмирлаш юзасидан муайян чора-тадбирлар белгилангани ҳамда ижрога йўналтирилгани мазкур мажмуанинг янада сайқал топишини кафолатлайди.

“Нуруллабой” тарихий обидаси ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, у 1912 йилда Исфандиёрхон томонидан чет эллик меҳмонларни қабул қилиш мақсадида европача ва шарқона услубда бунёд этилган.

Сарой етти хонадан иборат бўлиб, эшик, дераза ҳамда паркет полларини немис усталари тузатишган. Қабулхона хоналари ички безаклари бири-биридан фарқ қилади. Бу хоналарнинг шифти ёғочдан бўлиб, геометрик шакллар ва ўсимликсимон нақшлар билан олтин суви бериб безатилган. Деворларидаги ганч ўйма нақшлари жуда нафис қилиб ишланган ҳамда тилларанг билан бўялган.

Қиш кунлари уни қиздириш учун Россиядан еттита чинни (фаянс) печка келтирилган. Меҳмонхонага электр қандиллар ўрнатилиши ўша давр учун яна бир янгилик бўлган. Улардаги электр чироқларни ёқишга Хивага ўн олти от кучига эга бўлган кичкина двигатель келтирилган. Хивада биринчи марта электр чироқ шу ерда ёқилган.

— Юртимиз тарихий обидаларини асраб-авайлаш, таъмирлаш, қадриятларимизни тиклаш, уларни келажак авлодга тўлалигича етказиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, — дейди Хива “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ахборот маркази бошлиғи Мақсудбек Абдурасулов. — Ватанимиз қиёфасини кўкка бўй чўзиб турган бу меъморий обидаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири ўз меъморий ечимига кўра такрорланмас. Мамлакатимиз кўрки ва мулки бўлиб келган бундай қадимий ёдгорликлар орасида “Нуруллабой” обидасининг алоҳида ўрни бор. Ушбу тарихий иншоот таъмирланиб, реставрация қилингач, кўркам қиёфа касб этиши, сайёҳларни ҳайратга солиши, шубҳасиз. Шу билан бирга, бу маскан ҳам ота-боболаримизнинг меъморчилик бобидаги улкан салоҳиятидан, ақл-идрокидан гувоҳлик беради, узоқ йиллар авлодларимизга ўтмишдан ҳикоялар сўзлаб, уларнинг кўзини қувонтираверади, қалбига ғурур бағишлайди.

Албатта, буларнинг барчаси юртимиз маданий меросини, бебаҳо қадриятларини кенг намойиш этиш орқали сайёҳлар эътиборини тортишга имкон яратади. Зеро, туризм истиқболли, сердаромад соҳа бўлибгина қолмасдан, дунёда Ўзбекистон шон-шуҳратининг ортишига ҳам хизмат қилади.

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn