Эзгу ислоҳотларнинг олтин даври
  • 20 Май 2017

Эзгу ислоҳотларнинг олтин даври

Ўзбекистон — буюк алломалар юрти. Табаррук диёримизда камол топган улуғ муҳаддислар, фозилу фузалоларнинг номини бутун дунёда яхши билишади. Бобокалонларимиз билан нафақат фахрланиш, балки уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш бурчимиздир. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори буюк мутафаккирлар -хотирасини абадийлаштириш ва илмий фаолиятини кенг ўрганишга оид ишлар силсиласининг янги босқичи сифатида тарихий аҳамиятга эга.

Чунончи, ушбу ҳужжатга биноан фаолияти йўлга қўйилган марказ ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Абу Исо  Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдек улуғвор мақсадларга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари 2016 йил 

11 октябрда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишган эди. Ўшанда мутасаддилар, қурувчилар, олимлар зиммасига бир неча вазифа қўйилди. Аввало, ушбу зиёратгоҳнинг мавжуд ҳолати буюк муҳаддис Имом Термизийнинг юксак мақомига мос эмаслиги, шу боис бу ерда тубдан таъмирлаш ишларини бажариш ҳамда замонавий яхлит ёдгорлик мажмуаси барпо этиш лозимлиги таъкидланди. 

Президентимиз 2017 йил 10 февралда Сурхондарё вилоятига навбатдаги ташрифи давомида яна мазкур зиёратгоҳдаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. 

Алломалар меросига қизиққан, шу йўналишда изланишлар олиб бораётган мутахассис сифатида мамлакатимизда табаррук зотларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиромдан бошимиз осмонга етади. Мустақилликдан аввал бутун умрини дину диёнатга бахшида этган бобокалонларимиз номини айтишга қўрқардик. Илму тафаккури билан -жаҳонга машҳур муҳаддислар, астрономлар, табибларимиз борлигини билардигу улар ҳақида лом-мим деёлмасдик. Эътибор беринг: тўққизинчи асрда дунёга машҳур олти нафар муҳаддис ўтган бўлса, шулардан уч нафари юртимизда туғилган, камолга етган. Булар Имом ал-Бухорий, Имом ал-Доримий, Имом ат-Термизийдир. Ўша давр эса ҳадисшуносликнинг “Олтин даври” деб эътироф этилишида ана шу аждодларимизнинг хизмати беқиёс аҳамиятга эга.

Бундан ортиқ баҳо, юксак муносабат бўлиши мумкинми?! 

Ўша даврда юзлаб муҳаддислар орасида юқори мартабага эришган олти улуғ имом энг машҳур, ишончли ва мўътабар ҳадис китобларини ёзган. Бу асарлар Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манбалардир. Бизга ғурур бахш этадигани мазкур “кутуби ситта”, яъни энг тўғри, ҳаққоний олтита ҳадис китобининг икки мусаннифи буюк ватандошларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизийдир. 

Имом Термизий ҳозирги Шеробод туманидаги Буғ қишлоғида милодий 824 йилда дунёга келган. Ул зот Термиз, Самарқанд, Марв ва Хуросонда таълим олгач, 26 ёшида илм ўрганиш илинжида олис юртларда бўлган. Йигирма йиллик сафари давомида Бағдод, Басра, Куфа, Макка, Мадина каби шаҳарларда бўлиб, кўплаб муҳаддису уламолар билан суҳбатлашади. Бирор ровийдан ҳадис эшитса, унинг асли ва далилини синчиклаб ўрганиб, қайта-қайта текширган. 

Термизийнинг қувваи ҳофизаси кучли бўлганлиги ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Жумладан, араб тарихчиси Шамсуддин аз-Заҳабийнинг (1274 — 1347) “Тазкират ул-ҳуффоз” (“Ҳофизлар ҳақида тазкира”) номли асарида ёзилишича, Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий Маккага бораётганида йўлда жуда кўп машҳур муҳаддислар билан учрашган. У улуғ олимларнинг биридан сабоқ беришини илтимос қилган.  Олим: “Бўлмаса, қўлингга қоғоз-қалам ол”, дейди. Аксига олиб, шу пайтда Термизий бобомиз қалам тополмай эшитган ҳадисларини гўё ёзиб бораётгандек, қўлларини қоғоз устида қимирлатаверган. Олим эса етмишга яқин ҳадислар ҳақида ҳикоя қилган. Шу орада у қоғозга қараб, ҳеч нарса қайд этилмаганини кўради ва Термизийга жаҳл қилиб: “Сен ҳали менинг вақтимни бекорга олмоқчимисан?” деб қаттиқ ранжийди. Термизий эса: “Сиз айтган ҳадисларни ёддан айтиб берайми?” дея ҳозиргина эшитганларининг барчасини айнан такрорлайди. Олим эса бундан ҳайратланиб, Термизийга тан берган, унга эзгу тилаклар билдирган. 

864 йилда Нишопур шаҳрида тарихий бир воқеа юз беради: қирқ йиллик хориж сафарларидан юртига қайтаётган Имом Бухорий ва Нишопурдаги олти улуғ муҳаддиснинг яна бири — Имом Муслим сафига Имом Термизий ҳам қўшилади. Уч буюк муҳаддиснинг бу тарихий учрашуви, маънавий қувватларнинг бирлашуви, мана, ўн икки асрдан буён ислом олами учун энг ишончли манбалар сифатида эзгуликка ва инсон камолотига хизмат қилаётган саҳиҳ ҳадислар тўпламларининг яратилишида беқиёс омил бўлган. 

Абу Исо ат-Термизий Имом Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош бўлиб, янада камол топади. Бир неча йиллик самарали илмий ҳамкорлик, аввало, уларнинг ўзига, қолаверса, халқимизга, ислом оламига, умуман, бутун инсониятга фойдали бўлди. Имом Бухорий шогирдининг мукаммал илми, маънавий салоҳияти ва бошқа кўплаб фазилатларига шундай юксак баҳо берган: “Мен Сиздан кўрган фойда Сиз мендан кўрган фойдадан кўпроқдир”. Ўз навбатида, Имом Термизий ҳам бир умр устозига жуда юксак ҳурмат ва садоқатда яшаб ўтган. Айрим манбаларда келтирилишича, у айнан буюк устози вафотидан сўнг жуда оғир ғам-қайғу ва изтироблар туфайли кўзи ожиз бўлиб қолган.

Абу Исо ат-Термизий ўндан ортиқ асарлар яратган. Улар орасида энг машҳури “Сунани Термизий” (“Саҳиҳи Термизий”) китобидир. Бу бошқа ҳадислар тўпламлари орасида тартиби энг ихчам, такрори энг оз асардир. Имом Термизий бошқа улуғ муҳаддислардан фарқли равишда ҳар бир бобнинг ҳадисини зикр қилгач, худди шу бобга тегишли ҳадис ривоят қилган саҳобаи киромларнинг исмларини санаб ўтган. Фиқҳ масалаларида фақиҳларнинг фикр-қарашларини кўп зикр қилган, далилларга ишорат этиб, худди ўша масалада бир-бирига зид ҳадисларни шарҳлаган. 

Азиз диёримиздан нафақат ҳадисшунослик, шу билан бирга, табобат, фалакиёт, фиқҳ, тилшунослик каби кўплаб соҳаларда ҳам етук олимлар етишиб чиққани одамни тўлқинлантиради. Собиқ Иттифоқ даврида касбимиз тақозоси туфайли Миср, Бағдод, Тунис каби шаҳарларда бўлдик. Ироқдаги марказий кўчалардан бири Маҳмуд Замахшарий, Тунисдаги муҳташам кутубхона эса Абу Али ибн Сино номи билан аталишидан қувониб, фахрландик. Ўша пайтларда алломаларга бундай эътибор у ёқда турсин, бу ҳақда ўйлашга ҳам ҳадиксирардик. Шунинг учун ҳам бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тўққизинчи аср ҳадисшуносликнинг “Олтин даври” деб эътироф этилишида улкан меҳнати сингган алломалар меросини ўрганишга қаратилаётган эзгу ишлар бу борадаги олтин даврни бошлаб берди, деб айтсак арзийди. Бундай азму шижоат ёшларимиз орасидан Бухорийлар, Фарғонийлар, Замахшарийлар, Ибн Синолар, Берунийлар, Хоразмийлар етишиб чиқишига улкан замин яратиши, шубҳасиз.  

Ахир, эсланг: мустабид тузум даврида масжиду мадрасаларимиз, алломаларимиз мангу қўним топган зиёратгоҳлар хароб аҳволда эди, ислом динидан фақат сохтадан-сохта хурофий маънолар изланарди. Йиллар давомида даҳрийлик сафсатаси билан халқимизнинг бош-кўзини айлантиришга уринишлар бўлгани ҳали унутилгани йўқ. 

Ана шундай зуғум тафти сўнмаган пайтларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жасорати билан 1990 йили мамлакатимизда Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонлангани, Тошкентда “Имом ат-Термизий мероси ва ҳозирги замон” мавзуида халқаро конференция ўтказилгани тарихий воқеа эди. Энг муҳими, собиқ тузум раҳбарларининг қаршилигига қарамай Ислом Каримов мазкур халқаро илмий анжуман иштирокчиларига табрик йўллагани халқимизнинг руҳини кўтарган, ғурурини тиклашга хизмат қилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев яқинда Олмазор туманида бўлганида ҳам улуғ муҳаддислар, хусусан, Имом Термизий ҳаёти ва фаолиятини катта эҳтиром билан тилга олиб ўтдилар. Бинобарин, Юртбошимиз ташаббуси билан фаолияти йўлга қўйилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифаларидан бири турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ҳамда шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни, илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини янада кучайтиришдан иборат. Бу эса уларнинг ислом қадриятлари ҳамда маданиятини тўғри англаши, турли ақида масалаларида йўлдан озмаслигида ҳам катта аҳамиятга эга. 

Убайдулла УВАТОВ, 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, 

тарих фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « «Нурли мангулик» Европа кинолари фестивали »