«Фавворалар сайли»
  • 02 Май 2017

«Фавворалар сайли»

Мамлакатимизда ўтказилган шу номдаги ёшлар оммавий-маданий тадбирлари барчага ўзгача кайфият бағишлади.

Юртимизда қалбларимизни ўзгача қувонч ва ҳаяжонга соладиган турли саналар, кенг миқёсда нишонланадиган байрамлар кўп. Масалан, Мустақиллик куни, Наврўз байрами, Конституция куни, Хотира ва Қадрлаш куни, Халқаро хотин-қизлар куни, Янги йил, Ҳайит айёмлари... Ҳар бирининг ўрни бўлак. Мамлакатимиз ҳаётида яна бир муҳим сана борки, у ҳам ўзига хослиги билан барчага алоҳида кайфият, кўтаринкилик, хурсандчилик улашаяпти, десак, муболаға эмас. Гап ҳар йили 1 майда ўтказиладиган “Фавворалар сайли” ҳақида кетмоқда. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 апрелдаги “Тошкент шаҳрида “Фавворалар сайли” ёшлар оммавий-маданий тадбирларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан ушбу сайил, мана, тўртинчи йилдирки, кўтаринкилик билан уюштириб келинмоқда.

Сайил баҳона биз ҳам пойтахтимизнинг “Фавворалар сайли” тадбирлари уюштирилаётган масканларга ошиқдик. Қуёш нури чарақлаб, оҳиста эсаётган баҳор шабадаси дилларни тетиклаштиради, ён-атрофни чулғаган ям-яшил дов-дарахтлар, турфа -гуллар кўзни қувонтиради. Бундай кўркам манзара сайилда фаол қатнашган нуроний отахону онахонлар, турли ёш вакиллари, иқтидорли йигит-қизлар, спортчилар, талабалар, ўқувчилар, Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳри меҳмонлари ва хорижлик сайёҳларга байрамона кайфият улашган.

Пойтахт оҳанрабоси

Пойтахтимизда жойлашган давлат муассасалари, музейлар, банклар, ресторан ва кафелар ёнида, бозорларда, ўқув муассасаларида, истироҳат боғлари ҳамда халқ сайиллари ўтказиладиган жойларда бири-биридан чиройли 60 дан ортиқ фавворалар мавжуд бўлиб, улар ҳудудда жозибали микроиқлим яратган. 

Тиббиёт мутахассисларининг айтишича, фавворалар олдида сайр қилиш саломатлик учун фойдалидир. Мусаффо сув кишига ҳузур-ҳаловат бағишлаб, кайфиятини кўтаради, чарчоқни олади. Фаввора суви жилосини кузатадиган инсонларда қон айланиши ва мия -фаолияти яхшиланади, асаб тизими тинчланади.

Барча қулайлик мавжудлиги туфайли фавворалар атрофи болажонлар, ёшлар ва фахрийлар, пойтахтимиз меҳмонлари билан ҳамиша гавжум. Бундай хушманзара жойларда мактаб, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, талабалар учун сайёр дарслар ўтказилади, учрашувлар белгиланади, келин-куёвлар ва кўплаб сайёҳлар суратга тушади.

Завқ олиш сири 

“Фавворалар сайли” пойтахтимиздаги 13 та манзилда ташкил қилинди. Унда санъаткорлар, шоир ҳамда ёзувчилар, сўз усталари, кино ва театр актёрлари қатнашди. Шунингдек, ёш шоирларнинг мушоиралари, Тошкент шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ҳамда санъат мактаблари ўқувчилари ва ёш рассомларнинг ижодий ишлари кўргазмаси, “Камолот” ЁИҲ фаолларининг турли танлов ҳамда викториналари уюштирилди.

Маърифат маркази ва Симпозиумлар саройи, “Болажон” маданият ва истироҳат боғи, “Интернэшнл Тошкент” меҳмонхонаси, Хадра майдони, “Истиқлол” санъат саройи орқа майдони ҳамда бошқа ҳудудларда фавворалар ёнида барча мириқиб ҳордиқ чиқарди. 

Биз даставвал ҳаммамиз учун энг азиз ва мўътабар саналган Мустақиллик майдонидаги сайилда иштирок этдик. “Эзгулик аркаси” олдидамиз. Фавворалардаги мавжланиб юқорига кўтарилиб, ўйноқлаб тушаётган сув қалбларга олам-олам завқ улашаяпти. Набираси билан ташриф буюрган отахон ўз таассуротини ўртоқлашди. 

— Шайхонтоҳур туманида истиқомат қиламиз, — дейди ўзини Шокарим Шоҳабибов деб таништирган нуроний. —  “Фавворалар сайли”га набирам бошлаб келди. Қаранг, метрога тушсак, бизга бепул экан. Биз, кексаларни ҳар томонлама ўйлаб, ана шундай -ғамхўрлик кўрсатаётганларга мингдан-минг раҳмат. Мана, набирам Сарваржон ҳам жуда хурсанд. 

Ёшлар илҳоми

Байрам сайилларида Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази аъзолари ҳам фаол қатнашди. Унинг директори Тамара Мирсоатованинг айтишича, пойтахтимиздаги барча фаввора олдида ушбу марказ тўгараклари ўзининг кўргазмаларини намойиш этди.  Тўқиш, кулоллик, рассомлик, дурадгорлик, либослар дизайни тўгараклари аъзолари маҳсулотлари сайилдаги каттаю кичик эътиборидан четда қолмади. 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри ёнидамиз. Ушбу мажмуа биноси рўпарасидаги мусиқали фаввора мусиқа садолари остида бамисоли камалакдек жилоланади. Махсус барпо қилинган саҳнада куй-қўшиқлар янграяпти, ёшлар билан қизиқарли ўйинлар ташкиллаштирилди. 

— Синфдошларим билан “Фавворалар сайли”га келдик, — дейди пойтахтимизнинг 225-умумтаълим мактаби ўқувчиси Саид Иброҳимов. — Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ. Мустақиллик майдони, Симпозиумлар саройи олдида ўтган сайилларда ҳам қатнашдик. Тадбирлар бизга жудаям маъқул бўлди. 

Биз жойлардаги тадбирларда иштирок этиб, ортга қайтар эканмиз, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй олдида анчадан буён ишламай ётган фавворага ҳам орзу-умидлар билан қараб ўтдик...

* * *

Самарқанд шаҳрининг Кўксарой ва Театр майдонлари, Амир Темур хиёбони, Шоирлар боғи, Университет хиёбони, Йўлбарслар хиёбони, Самарқанд темир йўл вокзали майдони каби ўнга яқин масканлардаги фавворалар атрофида эрта тонгдан маданий дастурлар, концерт томошалари, рассомларнинг рангтасвир асарлари кўргазмалари намойиш этилди. 

Шаҳарнинг Даҳбед ва Регистон кўчалари чорраҳасидаги мусиқали фаввора ёнидамиз. Бу ердаги шакл берилган дарахтлар, ям-яшил майсалар, анвойи гулларни кўриб, дилингиз яйрайди.

Архитектор ҳамда тарихчи олимлар, тиббиёт ходимлари фаввораларнинг яратилиш тарихи, уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида гапириб берди. Ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ўтказилди. 

— Гўзал Ўзбекистонга иккинчи саёҳатим мана шундай сайилга тўғри келганидан жуда мамнунман, — дейди япониялик Хадучи Мацуро. — Самарқанднинг узоқ тарихга эга улуғвор мажмуаларини томоша қилиб, ҳайратланамиз. Одамларингиз юзидаги яхши кайфият, кўтаринкиликни айтмайсизми?! Ҳаммаси юртдаги хотиржамлик, фаровонликни яққол ифодалайди. 

Сайилларда вилоятнинг таниқли санъаткорлари, ёш ижрочилар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари чиқишлари, театр ижодкорлари томонидан тайёрланган саҳна асарлари намойиш этилди. Тажрибали рассомлар ҳаваскор мусаввирлар учун маҳорат сабоқларини ўтдилар. Турли спорт мусобақалари, интеллектуал танловлар, расмлар кўргазмаси ташкил қилинди.

Бундай замонавий фавворалар наинки Самарқанд шаҳрида, балки вилоятнинг Пастдарғом, Пайариқ, Ургут, Нуробод ва бошқа туманларида ҳам қурилмоқда. Фавворалар сайли доирасида ушбу ҳудудларда ҳам тадбирлар ўтказилди.

Халқимиз азалдан байрамларни, хурсандчиликни хуш кўради ва қадрлайди. Байрамларимиз меҳмонлар, миллий мусиқа садолари, куй-қўшиқлар, рақслар билан хушчақчақ ва жўшқин руҳда ўтади. “Фавворалар сайли” ҳам бундан истисно бўлмади.

Умуман, “Фавворалар сайли” тинчлик, шукроналик ҳамда ёшлик байрами сифатида мамлакатимизда кенг нишонланди. Зеро, ана шундай эзгу кайфият барқарор юртда тараққиёт бардавом бўлади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn