Юртни мадҳ этган шоир
  • 28 Апрель 2017

Юртни мадҳ этган шоир

Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг номи ҳамиша ҳурмат билан тилга олинади. Зеро, у ёрқин истеъдоди, бетакрор шеърлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшган ижодкордир.

— Ватан, ота-она, дўстлик, меҳр-муҳаббат, қадр-қиммат мавзуларини қай бир шоир қаламга олмаган, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршидабону Қўчқорова. — Бироқ улар орасида Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари алоҳида ажралиб туради. У миллат шоири сифатида қадр топди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимиздаги Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида барпо этилажак Адиблар хиёбонида атоқли ўзбек ижодкорлари қаторида Муҳаммад Юсуфнинг ҳайкали ҳам қўйилишини эшитиб, биз, андижонликлар бениҳоя қувондик.

26 апрель куни мамлакатимизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган шеърият мухлисларию ижод аҳли Марҳамат туманининг Қорақўрғон қишлоғида жойлашган Муҳаммад Юсуфнинг ота ҳовлисига тўпландилар. Дастлаб ижодкорнинг қабри зиёрат этилди, хотирасига атаб Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг меҳмонлар шоирнинг болалиги ўтган хонадони, таълим олган мактабида бўлдилар, оила аъзолари, дўсту ёрлари билан суҳбатлашдилар.

Муҳаммад Юсуф таваллуди муносабати билан уюштирилган тадбирлар шу куни вилоят мусиқали драма театрида давом этди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn