Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради
  • 28 Апрель 2017

Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради

Мусиқа — қалбларга ўзгача кайфият, хотиржамлик улашувчи, дилларни дилларга таржимонсиз боғловчи, инсониятни фақат эзгуликка чорловчи, шу билан бирга, халқлар ўртасидаги дўстлик ҳамда ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамловчи қудратга эга. Шу жиҳатдан мамлакатимизда санъат ривожига қаратилаётган улкан эътибор соҳадаги халқаро ҳамкорликнинг тобора кенгайишида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Куни кеча “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида таниқли дирижёр Владимир Спиваков раҳбарлигида бўлиб ўтган Россия Миллий филармоник оркестрининг концерти бунинг яна бир тасдиғига айланди.

Унга турли вазирлик ва идоралар, жамоат тузилмалари, юртимиздаги халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатик корпус вакиллари, санъатшунослар, маданият ва санъат арбоблари, ўқитувчилар, талабалар таклиф этилди.

Маълумки, шу йилнинг 4-5 апрель кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон — Россия ўртасидаги ўзаро алоқаларни иқтисодий соҳа билан бирга, ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий жабҳаларда ҳам янада кенгайтиришга келишиб олинди. Шунга мувофиқ, юртимизда россиялик таниқли санъат вакиллари томонидан ижодий кечалар уюштирилаётир. Чунончи, бундан бир неча ҳафта аввал Россия Федерацияси халқ артисти, Мюнхен филармоник оркестри бош дирижёри Валерий Гергиев бошчилигида Санкт-Петербургнинг Мариинский театри филармоник оркестрининг концерт дастури намойиш этилган бўлса, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида россиялик балет усталари билан ҳамкорликда “Кармен-сюита” мусиқий дастури тақдим қилинди.

Таниқли дирижёр ва созанда Владимир Спиваковнинг ушбу концерти ҳам икки мамлакат ўртасида мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорликнинг яна бир амалий ифодасидир. В. Спиваков 1944 йилда Россиянинг Черниковск шаҳрида таваллуд топган. Илк муваффақиятига ўн уч ёшида Санкт-Петербургдаги “Белые ночи” фестивалида эришган. Жаҳоннинг кўплаб давлатларида ўтказилган яккахон ҳамда дунёнинг машҳур оркестрлари таркибидаги концертлари моҳир созандага катта -шуҳрат келтирган.

Халқаро мусиқашуносларнинг фикрича, оҳангларни нозик тарзда идрок этиш, мусиқий асар муаллифининг ижодий ғоясини теран англаш, куйнинг руҳи ва фалсафасини тингловчига моҳирона етказа олиш В. Спиваков ижодида устувор ўрин тутади.

1979 йилда дирижёр томонидан “Виртуозы Москвы” камер оркестрининг ташкил этилиши унинг ижодида янги саҳифа очди. Ушбу ижодий жамоанинг концертлари АҚШ, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция, Испания каби давлатларда катта муваффақият билан ўтказилди. Айни пайтда В. Спиваков кўпгина давлатларнинг машҳур созандалар жамоалари, Италиянинг “Санта-Чечилия” академияси, Милан шаҳридаги “Ла Скала” опера театридаги оркестрлар таркибида концертларда дирижёрлик қилди. Ўтган вақт мобайнида унинг ижросидаги мусиқалар ёзилган қирқдан зиёд компакт-диск мухлислар эътиборига ҳавола этилган. В. Спиваков 1994 йилда ота-онасиз, мураккаб тақдирли ва хаста болаларга кўмак кўрсатиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, улар ижодини янада ривожлантириш мақсадида хайрия жамғармасини ташкил этган.

У юртимизда учинчи маротаба концерт берди. Ушбу мусиқий кечада Россиянинг Катта театри опера труппаси солисти, халқаро танловлар совриндори Анна Аглатова (сопрано), Москва шаҳридаги Е. Колобова номидаги “Новая опера” театри -солисти Василий Ладюк (баритон), Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Рамиз Усмонов (тенор) сингари моҳир санъаткорлар ҳам ўз чиқишларини намойиш этди.

— Ўзбек халқининг мусиқани ғоят теран ва назокатли ҳис этиши мамлакатингизда санъатнинг кўплаб йўналишлари бўйича узоқ йилларга эга мактаблар мавжудлигидан далолатдир, — дейди Владимир Спиваков. — Шу маънода, бугун ёшларингиз ҳам турли халқаро танловларда ўз иқтидор ва салоҳиятини кенг намойиш қилаяпти. Бундай олижаноб халқингиз олдида концерт бериш бизга катта масъулият юклайди.

Кўтаринки ҳамда байрамона руҳда ўтган кечада Россинининг “Севильялик сартарош”, Доницеттининг “Дон Паскуале”, Вердининг “Сицилия оқшоми”, “Риголетто”, “Травиата”, Бизенинг “Кармен” каби операларидан намуналар янгради.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn