Рақобатчисини сотиб олмоқчи
  • 30 Апрель 2014

Рақобатчисини сотиб олмоқчи

АҚШнинг “Pfizer” фармацевтика компанияси ўзининг Буюк Британиядаги асосий рақобатчиси саналган “AstraZeneca” компаниясини сотиб олиш ниятида.

Бунинг учун у 100 миллиард доллардан воз кечишга тайёр, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида. Агарда ушбу савдо амалга ошса, бу фармацевтика соҳаси тарихидаги энг йирик бирлашув битими сифатида қайд этилади. Бироқ, “AstraZeneca” мутасаддилари иккинчи томондан аниқ бир таклиф бўлмай туриб бундай келишув ҳақида сўз юритиш ўринсиз, дейишмоқда.

Айтиш жоизки, дунё бозоридаги ўзгаришлар туфайли сўнгги вақтларда йирик фармацевтика компанияларининг ўзаро бирлашиши кузатилаяпти. Масалан, яқинда Швейцариянинг “Novartis” ва Буюк Британиянинг “GlaxoSmithKline” компаниялари шу ҳақда маълум қилганди.

Савдо ҳажми ошди

Жорий йилнинг март ойида Японияда чакана савдо ҳажми 6,3 фоизга ошди.
Бу февралдаги кўрсаткичга нисбатан сезиларли даражада юқори бўлиб, бундай тез суръатда ўсиш ҳолати сўнгги 17 йил ичида биринчи марта кузатилмоқда.

Изоҳланишича, мамлакатда шу йилнинг 1 апрелидан савдо солиғи ставкалари кўтарилиши муносабати билан истеъмолчилар олдиндан турли техника воситалари, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ харид қилишга ошиқишди. Чунки солиқ оширилгандан кейин нархлар ҳам ўзгариши табиий.

Таҳлилчилар апрель ойида чакана савдо ҳажми пасайишини, май ойидан эса яна меъёрига қайтиши мумкинлигини билдиришаяпти.

Акциядорлар кўмагига муҳтож

Германиянинг камбюджетли “Air Berlin” авиакомпанияси молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.

Масалан, у ўтган йилни 230 миллион евро миқдоридаги зарар билан якунлаганди. “Air Berlin” мутасаддилари ҳозирги қийин шароитдан чиқиб кетиш йўлларини излашаяпти. Жумладан, улар акциядорларга мурожаат этиб, капитални ошириш зарурлигини билдиришди. Шу мақсадда куни кеча қиймати 300 миллион еврога тенг облигациялар чиқарилди. Ана шу қимматбаҳо қоғозларни аллақачон “Air Berlin”нинг асосий акциядори — “Etihad Airways” сотиб олишини маълум қилди.

Немис авиакомпаниясининг қайта оёққа туриши учун жами 450 миллион евро зарурлиги айтилмоқда. Тез орада “Air Berlin” яна 150 миллион еврога тенг облигацияларни сотувга чиқаради.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn