Рейтингини кўтарди
  • 29 Апрель 2014

Рейтингини кўтарди

“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Италиянинг кредит бўйича рейтингини “ВВВ+” даражасига кўтарди.

Яъни иқтисодий жиҳатдан Европада учинчи ўринда турадиган ушбу мамлакат “барқарор” рейтинг даражасини олди. Изоҳланишича, Италия молиявий инқироз келтириб чиқарган рецессия ҳолатидан чиқишга муваффақ бўлгани туфайли агентликнинг ана шундай баҳосига муносиб кўрилди.
Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, айни пайтда Италиянинг давлат қарзлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 132 фоизга тенг бўлиб турибди. Бу дунё бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Барча чоралар кўрилмоқда
Жорий йилнинг март ойида Франция меҳнат биржасига 1600 киши иш сўраб мурожаат қилди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Шу тариқа мамлакатда ишсизлар сони 3 миллион 349 минг кишига етди. Бу февралдаги кўрсаткичга нисбатан 0,2 фоиз, ўтган йилнинг иккинчи ойидаги ҳолат билан таққослаганда эса 4,1 фоиз кўпдир. Вазият янада мураккаблашмаслиги учун Франция ҳукумати барча чораларни қўллашга уринмоқда. Масалан, январь ойида мамлакат президенти штат жадвалини кенгайтирган компанияларга солиқ бўйича имтиёзлар берилишини назарда тутувчи дастурни тақдим этганди. Экспертларнинг фикрича, бундай саъй-ҳаракатлар, секин-аста бўлса-да, самарасини кўрсатади. Мамлакат расмий доира вакиллари ҳам жорий йилда меҳнат бозори барқарорлашишига катта ишонч билан қарашаяпти.

Торнадо талафотлари
АҚШнинг Оклахома штати Шимоли-шарқий ҳудудларида юз берган торнадо оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди.
Табиий офат етказган моддий зарар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Бунгача эса торнадо мамлакатнинг Шимолий Каролина штатига жиддий талафот келтирганди. Хусусан, ўн беш киши тан жароҳати олган ҳамда 140 га яқин бино зиён кўрган эди.
Синоптиклар кучли довул йўналиши Канзас, Миссури, Миссисипи, Небраска, Айова, Арканзас, Техас ва Луизиана штатлари томон ҳаракатланаётганини билдириб, мазкур ҳудудлар аҳолисини юз бериши мумкин бўлган хавфдан огоҳлантирган.

Энг яхши футболчилар
Англия профессионал футболчилари ассоциацияси (PFA) “Ливерпуль” ҳужумчиси Луис Суаресни мамлакат премьер-лигасида жорий мавсумнинг энг яхши ўйинчиси, деб топди.
Шундай бўлишини аввалданоқ жуда кўпчилик тахмин қилаётганди. Чунки Суарес 2013/2014 йилги футбол мавсумини юксак савияда ўтказаяпти. Жумладан, у 31  ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига
30 та гол киритишга муваффақ бўлди. Шунингдек, 17 та голли узатмани амалга оширди. “Ливерпуль” жамоаси айни пайтда 80 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.
Иккинчи ўринни “Челси” ярим ҳимоячиси Эден Азар эгаллаган бўлса, кучли учликни “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Яя Туре якунлаб берди. Дарвоқе, Эден Азар мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида ҳам эътироф этилди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn