Бельгияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди
  • 27 Январь 2017

Бельгияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди

Лёвен шаҳрида Бельгиянинг етакчи сайёҳлик ташкилотларидан бири — “Hobo Rеisen” компанияси томонидан ташкил этилган туризм ярмаркаси бўлиб ўтди.

Бу йилги тадбирда дунёнинг 50 дан зиёд давлатларининг сайёҳлик имкониятлари намойиш этилди. Улар орасида мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган Ўзбекистоннинг ранг-баранг экспозицияси ҳам ўрин олди. Бу ерда меҳмонлар ўзбек халқининг маданияти ва амалий санъати намуналари билан танишиб, мамлакатимизнинг кенг сайёҳлик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олишди.

Ярмарка доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Шу билан бирга, Европа жамоатчилиги эътиборига халқимизнинг бой маданий-тарихий мероси, мамлакатимизнинг табиий-иқлим шароити ва диққатга сазовор масканлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди.

Бельгияликларнинг Ўзбекистонга бўлган катта қизиқишини ҳисобга олган ҳолда, кўргазма ташкилотчилари тадбирга юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш имкониятига эга бўлган туристлар учун мамлакатимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлари хусусида фламанд, француз ва инглиз тилларида сўзлаб берувчи ҳамда алоҳида сайёҳлик йўналиши уюштирувчи ходимларни жалб этдилар.

Лёвен туризм ярмаркаси европаликларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатди. Тадбир ташкилотчилари ва меҳмонларининг “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбати чоғида билдирган мулоҳазалари фикримизни тасдиқлайди.

Жумладан, “Hobo Reisen” компанияси президенти Одри Готц Ўзбекистоннинг мазкур йирик сайёҳлик анжуманида мунтазам қатнашиб келаётганини  эътироф этди.

— Ўзбекистон Бельгия ҳамда Европанинг бошқа давлатлари сайёҳларида катта қизиқиш уйғотаётган улкан туризм салоҳиятига эга, — деди О. Готц. — Мамлакатингиз ўзининг қадимий тарихи ва бетакрор маданиятига эга. Шу билан бирга, маҳобатли меъморий ёдгорликларга ҳам бойдир. Бундан ташқари, Ўзбекистонда сайёҳликнинг турли замонавий йўналишлари ривожланмоқда, чет эллик меҳмонлар учун зарур барча шарт-шароит яратилган. Шунинг учун юртингизга борган одамлар унутилмас таассуротлар ҳамда ёрқин хотиралар билан қайтишмоқда.

2017 йилда ҳам меҳмондўстлик анъаналари тобора ривожланаётган Ўзбекистонга Европа давлатларидан борувчи сайёҳлар оқими кўпайишига ишонаман. Биз ўзбек ҳамкасбларимиз билан самарали ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунмиз.

“Hobo Reisen” компаниясининг махсус сайёҳлик йўналиши уюштирувчи етакчи -ходими Пол Раска бутун инсоният тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган Мусо Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби ўзбек халқининг етук ва дунёга таниқли олимлари, мутафаккир ва файласуфлари ҳақида сўз юритар экан, уларнинг ўлмас асарлари дунё илм-фани, маданияти ва санъати хазинасидан муносиб ўрин эгаллаганини алоҳида таъкидлади.

— Мен бетакрор Самарқандни “Шарқнинг Парижи”, Бухорони — ноёб илм-фан маркази, Хивани эса эртакмонанд шаҳар, деб атайман. Европада ушбу манзилларни бориб кўриш истагида бўлганлар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Умид қиламанки, бу йил менда Шарқнинг тарихий дурдоналари — бутун дунёда қизиқиш уйғотган Шоҳи Зинда мажмуаси ҳамда Амир Темур мақбарасига яна бир марта бориш имконияти бўлади, — деди П. Раска.

Фландрия туризм компаниялари уюшмаси менежери Карин Жирофли хоним мамлакатимиз сайёҳлик хизматининг ҳозирги даражасини яхши баҳолади.

— Биз Ўзбекистонда мустақиллик йилларида туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини кузатдик, — деди К. Жирофли хоним. — Кўплаб замонавий меҳмонхоналар барпо этилди, хизмат кўрсатиш тизими тубдан янгиланди. Аминманки, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган бетакрор тарихий обидалар келгусида ҳам мамлакатингизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилаверади. Буни турли иқтисодий қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистонга боришни истовчи бельгиялик сайёҳларнинг сони барқарор равишда ортиб бораётгани ҳам тасдиқлайди.

«Жаҳон» АА.

Брюссель

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn