Ўзбекистон ва Япония ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтирмоқда
  • 26 Январь 2017

Ўзбекистон ва Япония ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганига 25 йил тўлди — 1992 йил 26 январь куни мамлакатларимизнинг самарали ҳамкорлигига тамал тоши қўйилган эди.

Япония Ўзбекистоннинг муҳим стратегик шериги ҳисобланади. 2002 йил 29 июль куни имзоланган “Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма баёнот” ҳамда 2015 йил 25 октябрда имзоланган “Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнот” асосида икки томонлама алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.

Ишонч, очиқлик ва ўзаро ҳурматга асосланган олий даражадаги фаол сиёсий мулоқотлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга кўмаклашмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом -Каримовнинг 2011 йил февраль ойида Японияга ҳамда Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрида мамлакатимизга расмий ташрифи давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юқори даражага олиб чиққани баробарида уларни янгича мазмун билан бойитди.

Ана шундай ижобий ўсувчанлик мамлакатларимизнинг парламентлараро алоқаларига ҳам хосдир. Кунчиқар юрт қонунчилик органида “Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси” тузилган. Ўз навбатида, республикамизда “Олий Мажлис — Япония парламенти” парламентлараро гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. 

Шу билан бирга, икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги маслаҳатлашувлар ҳам мунтазам тус олган. Мазкур маслаҳатлашувларнинг сўнгги — ўн олтинчи учрашуви 2016 йил 24 март куни Токиода бўлиб ўтди. 

Халқаро ташкилотлар доирасида ҳам самарали ўзаро ҳамкорликни кузатиш мумкин. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик бўлган долзарб масалалар юзасидан ўхшаш нуқтаи назарларга таянган ҳолда, икки давлат бир-бирининг халқаро ташаббусларини ҳамда кўп томонлама тизимларнинг вакиллик органларига бир-бирининг номзодларини қўллаб-қувватламоқда. “Марказий Осиё + Япония” шаклидаги алоқалар фаоллик билан ривожланиб бораяпти.

Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг муҳим қирраси ҳисобланади. 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 200 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Япониянинг 13 та компанияси ҳамда 10 та қўшма корхонаси ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида “Isuzu”, “Itochu”, “Toyota Tsusho”, “Marubeni”, “Mitsubishi”, JOGMEC (Japan Oil, Gas and Metals National Corporation) сингари компаниялар бор.

Бугунги кунда Япония Ўзбекистон иқтисодиётининг энг йирик сармоядорларидан бири ҳисобланади. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамда Япония ташқи савдо ташкилотининг (JETRO) минтақавий идоралари ишбилармон ва жамоатчилик доиралари ўртасида алоқалар ўрнатилиши ҳамда беғараз ва техникавий ёрдам кўрсатилишига кўмаклашмоқда. Республикамизга тақдим этилган молиявий маблағларнинг умумий ҳажми 4,1 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилади. 

Япониянинг республикамизга кўрсатган молиявий-техникавий кўмаги билан соғлиқни сақлаш, таълим,  энергетика, транспорт, телекоммуникация соҳалари ҳамда бошқа йўналишларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бир қатор инфратузилмавий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Ҳозирги пайтда “Қарши — Термиз темир йўлини электрлаштириш”, “Навоий иссиқлик электр станциясини кенгайтириш. II босқич”, “Толимаржон иссиқлик электр станциясини модернизациялаш”, “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши”, “Электроэнергетика жабҳаси салоҳиятини ошириш” ва “Аму — Бухоро машина канали тизимини қайта тиклаш” лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

Ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари билан бирга, икки давлат ўртасида маданий-гуманитар алоқалар ҳам изчил кенгайиб бормоқда. 2 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик мутахассислар JICA ташкилотчилигида бизнес, банк-молия жабҳаси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, телекоммуникация, менежмент, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқшунослик  ва сайёҳлик йўналишлари бўйича Японияда малака оширди. Кунчиқар мамлакат ҳукумати гранти доирасида ҳар йили 15 нафар юртдошимиз Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда.

Токиода буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилгани ҳамда Тошкентда Япон боғининг ташкил қилингани, шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида очилган Халқаро маданият карвонсаройига япон олими ва рассоми Икуо Хираяманинг номи берилгани халқларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ҳамда яқинликни яққол намоён этади. 

Таниқли археолог олим Кюдзо Като (2016 йил 12 сентябрь куни Термизда вафот этди) ўзбек халқининг бебаҳо меросини ўрганишга, мамлакатларимиз ўртасидаги самарали муносабатларнинг ривожига улкан ҳисса қўшди. Япон профессорининг кўпгина тадқиқотлари Буюк Ипак йўлини ўрганиш ва қадимги Бақтрия давлатини тадқиқ этишга бағишланган эди. У Мирзо -Улуғбек, Бобур ва бошқа буюк аждодларимизнинг асарларини япон тилига таржима қилди. Шубҳа йўқки, олимнинг илмий-ижодий ишлари ўз долзарблигини йўқотмагани ҳолда, келгуси авлодлар томонидан ҳам қизиқиш билан ўрганилади.   

Чорак аср ўтиши билан Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар камолот ҳамда барқарорликнинг янги босқичига кирди. Томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимизни икки халқ фаровонлиги йўлидаги узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорликнинг янада ривожланиши кутаётганига асло шубҳа йўқ. 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn