Инвестиция жамғармаси
  • 24 Январь 2017

Инвестиция жамғармаси

Хитойда IT-технологиялари соҳасини янада ривожлантириш мақсадида умумий капитали 100 миллиард юань (14,56 миллиард АҚШ доллари)га тенг бўлган янги инвестиция жамғармаси ташкил қилинди.

“Синьхуа” ахборот агентлиги хабарида таъкидланишича, унинг фаолияти интернет лойиҳаларини амалга оширишга қаратилади. Шу орқали яқин келажакда мамлакатни мазкур глобал бозорнинг асосий иштирокчиларидан бирига айлантириш кўзда тутилган. “ICBC” банки, “China Mobile” ва “China Unicom” мобиль алоқа операторлари томонидан жамғарма ҳисобига 30 миллиард юань ҳажмидаги дастлабки маблағ тақдим қилинди.

Зарар ўрнини қопламоқчи

Япониянинг электроника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Toshiba” компанияси асосий бизнеси — чиплар тайёрланадиган бўлимининг бир қисмини сотиш ҳаракатида.

Ушбу жараённи молиявий йил якунигача, яъни жорий йил март ойи охиригача тўлиқ тугаллаш режалаштирилган. Бундай шошилинч чора-тадбирнинг сабаби шундаки, АҚШдаги айрим лойиҳалари муваффақиятсизлиги натижасида компания 6 миллиард АҚШ доллари атрофида зарар кўрган. Энди унинг ўрнини қоплаш учун “Toshiba” айнан яримўтказгичли маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган бўлимининг бир қисмини сотувга қўйишга мажбур бўлаяпти, дейилади “Рейтер” ахборот агентлиги хабарида.

Харидорлар орасида АҚШнинг “Western Digital” ҳамда Япониянинг “Canon” компаниялари асосий даъвогар сифатида келтирилаяпти. Мутахассислар фикрича, океанорти вакили билан савдо музокаралари узоқ вақтга чўзилиши мумкин. Бу эса “Toshiba”га маъқул эмас. Шу боис “Canon” билан келишувга эришилиши ҳақиқатга яқинроқ.

Рекорд натижага эришди

Франциянинг “Airbus” авиаконцерни 2016 йилда 82 та буюртмачисига 688 та самолёт етказиб бериб, фаолиятидаги янги рекорд натижага эришди.

Бу 2015 йилда қайд этилган энг яхши кўрсаткичдан 8 фоиз зиёддир. Сотилган ҳаво лайнерларининг 40 фоизи тор фюзелажли (ўриндиқлар сони қисман кўпайтирилган) “A321” русуми ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, харидорлар “A320neo”, “A330”, “A350 XWB” ва “A380” самолётларидан сотиб олишган.

Сабаби ўрганилмоқда

Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатидаги Кунера станцияси яқинида темир йўл ҳодисаси рўй берди.

Ушбу ҳудудда ҳаракатланиб келаётган поезд рельсдан чиқиб кетган. Ҳозирча бунга нима сабаб бўлгани аниқ эмас. Воқеа оқибатида 39 киши ҳаётдан кўз юмди, яна бир қанча одам жароҳатланди. 

Мазкур давлатда темир йўл ҳодисалари тез-тез кузатилиб туради. Масалан, 2016 йилнинг 20 ноябрида “Индаур — Патна” йўналишида қатновчи поезднинг изидан чиқиб кетиши 140 нафардан ортиқ йўловчилар умрига зомин бўлган эди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn