«The Seoul Times»: «Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида инсон манфаатлари устувордир»
  • 23 Январь 2017

«The Seoul Times»: «Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида инсон манфаатлари устувордир»

Жанубий Кореянинг инглиз тилидаги “The Seoul Times” интернет-газетасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари ҳамда республикамиз прокуратура ходимлари билан учрашувларидаги фикрлари асосида салмоқли мақола эълон қилинди.

Нашр Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2017 йил мамлакатда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлангани ҳақида ёзар экан, давлат сиёсатида инсон манфаатлари, шу жумладан, халқ саломатлиги ҳамда унинг фаровонлиги масаласи биринчи ўринга қўйилганини ўқувчилар эътиборига ҳавола этган.

Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси тарқатган матбуот хабарномаси асосида “The Seoul Times” журналистлари томонидан тайёрланган мазкур мақолада маълум қилинганидек, тиббиёт мутахассислари билан учрашувда Ўзбекистон раҳбари соғлиқни сақлаш тизимини чуқур таҳлил этар экан, соҳада эришилган муваффақиятлар билан бир қаторда, ҳал қилинмаган масалалар хусусида ҳам атрофлича фикр юритганини алоҳида таъкидлайди. Шу ўринда тиббиёт ходимлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш, соҳага замонавий технологиялар ва даволашнинг илғор услубларини қўллаш зарур экани қайд этилади.

“Шавкат Мирзиёев тиббиёт жабҳасини такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Улар орасида қишлоқ врачлик пунктларининг самарали ишлашини таъминлаш ва уларда ишлайдиган врачлар учун уй қуриб бериш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириш, қизлар ва аёллар учун поликлиникалар ташкил этиш, ихтисослаштирилган тиббий марказлар ходимларининг минтақаларга чиқишлари ва жойларда тиббий хизмат кўрсатиш тажрибасини қўллаш сингари ташаббуслар мавжуд”, деб ёзади “The Seoul Times”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг прокуратура органлари ходимлари билан учрашуви хусусида тўхталаркан, нашр жорий йил 8 январдан эътиборан, ушбу сана Прокуратура органлари ходимлари куни сифатида нишонланишини ўз ўқувчиларига маълум қилган.

Нашр Шавкат Мирзиёевнинг мазкур учрашувда билдирган фикр-мулоҳазаларидаги муҳим жиҳатларга эътибор қаратиб, прокуратура органлари ходимлари зиммасига масъулиятли вазифа юклангани ва бу улардан фидойилик ҳамда холислик талаб қилишини -келтирган. “Шу боис ҳар томонлама пухта ўйланган ва вазмин қарорлар қабул қилиш улар фаолиятидаги асосий мезон бўлмоғи лозим. Бу тизим жамиятда қонун устуворлиги таъминланишида, ҳуқуқий давлат қурилишида юқори обрў-эътибор касб этиши, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя этилишига ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалишига хизмат қилиши керак”, деган сўзларни ҳам қаламга олган.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси ҳар йили Бош прокурор ҳисоботини эшитади. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб мамлакатда барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисоб бериши тизими қўлланилади, деб ёзади Жанубий Корея нашри.

“The Seoul Times” 2016 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланганини ҳам ўқувчиларга маълум қилар экан, бу прокуратура органлари ходимлари олдига қонунчилик ҳужжатларининг тўғри ҳамда тўла ижросини назорат қилиш, қонунбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, бизнеснинг жадал ривожланишини таъминлаш юзасидан янада масъулиятли вазифалар қўйишини қайд этган.

 

«Жаҳон» АА.

Сеул

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn