Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти
  • 23 Январь 2017

Германияда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг тақдимоти

“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ва қатор ишлаб чиқариш компаниялари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Франкфуртда бўлиб ўтган “Heimtextil — 2017” халқаро енгил саноат кўргазмасида қатнашди. Ушбу йирик тадбирда мамлакатимиз енгил саноатининг экспорт ҳамда сармоявий имкониятлари намойиш қилинди.

Мазкур кўргазма енгил саноат жабҳасидаги энг нуфузли халқаро форумлардан бири ҳисобланади. Жорий йилда 42-маротаба ўтказилган тадбирда дунёнинг 67 мамлакатидан қарийб 3 мингта компания иштирок этди.

Республикамизнинг пахта толасини чуқур қайта ишлаш ва юқори сифатли тўқимачилик -маҳсулотларини ишлаб чиқариш салоҳияти юқори эканлиги билан боғлиқ маълумотлар Ўзбекистон бўлмаси меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Немис компаниялари вакиллари мамлакатимиз енгил саноат корхоналари билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш ҳамда уларнинг маҳсулотларини Германия бозорида илгари суриш юзасидан ҳамкорликка тайёр эканликларини маълум қилдилар.

Делегация сафари доирасида Ўзбекистон Республикасининг Берлиндаги элчихонасида мамлакатимиз енгил саноатининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда юртимиз -ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, хорижлик сармоядорларга тақдим этилган имтиёз ва енгилликлар ҳамда давлатимиз иқтисодиётини, шу жумладан, тўқимачилик тармоғини модернизациялаш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича фикр -юритилди. 

Маросим якунида “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири тақдимотнинг айрим ташкилотчилари ва қатнашчилари билан суҳбатда бўлди.

Юрген ВЕРЦ, “Messe Frankfurt” кўргазмалар марказининг минтақавий директори:

— Ўзбекистоннинг улкан иқтисодий ва сармоявий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, биз 2014 йили Тошкентда марказимиз ваколатхонасини очдик. Мақсадимиз ўзаро шерикликни, жумладан, енгил саноат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга яқиндан кўмаклашишдир.

Биз “Heimtextil — 2017” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон вакилларининг муваффақиятли иштироки билан табриклаётганимиздан мамнунмиз. Бундан ташқари, келгуси “Heimtextil — 2018” кўргазмасида ҳам республикангиз ўз стенди билан иштирок этиши юзасидан келишувга эришдик. Ишончим комилки, бу Европа ҳамда дунёнинг бошқа минтақаларига ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилиш ҳажмини муттасил -оширишга кўмаклашади.

Йоханнес ЗАНДЕР, “Pro  Baltikum”  компаниясининг лойиҳалар раҳбари (Росток шаҳри):

— Бугун Ўзбекистон тўқимачилик компанияларининг менежерлари билан ўтказган музокараларимиз жуда фойдали ва мазмунли бўлди. Юртингизда ишлаб чиқарилган тайёр тикувчилик ҳамда трикотаж маҳсулотларининг намуналари билан танишар эканмиз, тўқимачилик саноати республика иқтисодиётининг энг истиқболли тармоқларидан бири эканлигига амин бўлдик. Намойиш этилган товарлар сифати халқаро андозаларга тўла жавоб беради. Улар Европа бозорларида рақобатдошлигини тўла намоён қилишга муносибдир. Биз ўзбек шерикларимизнинг тўқимачилик буюмлари экспорти ҳажмларини оширишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Салим ХОЛИД, “Sartex  Quilts  &  Textiles  Ltd.” компанияси директори  (Буюк Британия):  

— Кейинги йигирма йил давомида ушбу халқаро тўқимачилик кўргазмасида мунтазам қатнашиб келамиз. “Heimtextil” янги алоқалар ўрнатиш ҳамда ўзаро манфаатли шартномалар тузиш учун жуда яхши минбар ҳисобланади. Ушбу йирик ва нуфузли кўргазмада Ўзбекистон вакиллари иштирок этаётганидан мамнунмиз. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрмиз.

 

«Жаҳон» АА.

Берлин

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn