Зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди
  • 23 Январь 2017

Зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди

2010 — 2016 йиллар мобайнида авиадиспетчерларнинг иш ташлаши натижасида Европа Иттифоқи мамлакатлари иқтисодиёти 12 миллиард евро миқдорида зарар кўрди.

Бу ҳақда Европа авиакомпаниялари ассоциацияси маълум қилди. Бой берилган маблағларнинг 59 фоизи туризм соҳасига, биринчи навбатда, ресторан ва меҳмонхоналар ҳиссасига тўғри келди. Авиакомпанияларнинг ўзига эса қарийб 6 фоиз зиён етказилган. Авиадиспетчерлар фаолияти билан боғлиқ энг салбий кўрсаткич Францияда қайд этилди. Греция, Италия ва Португалияда иш ташлашларнинг давомийлиги ўртача 10 — 25 кунни ташкил қилган.

Ассоциация мутасаддилари келгусида шундай ҳолатларнинг иқтисодиётга таъсирини кескин камайтириш мақсадида янги тартиб-қоидалар жорий этишни кўзлаяпти.

 

Роботнинг илк мақоласи

Хитойда яратилган Сяо Нань исмли робот-мухбирнинг илк мақоласи маҳаллий “Southern Metropolis Daily” газетасида чоп этилди.

300 та иероглифдан иборат материал ушбу мамлакатнинг Янги йил байрами арафасида саёҳатлар кўламининг ортиши мавзуига бағишланган бўлиб, уни ёзиш учун робот атиги 1 сония сарфлади. Пекин университети профессори Вань Сяоцзюннинг таъкидлашича, Нань маълумотларни жуда юқори тезликда таҳлил қилиб, шу асосда кичик ва катта ҳажмли мақолалар тайёрлаш имкониятига эга.

“Лекин бу технология журналистлар ўрнини боса олмайди. Чунки у интервью чоғида суҳбатдошининг жавобидан келиб чиқиб, қўшимча саволлар беришни эплолмайди. Мазкур турдаги роботлар келгусида нашрларда фақат ёрдамчи сифатида фаолият юритиши мумкин”, дея қўшимча қилди мутахассис.

 

Пасайишда давом этмоқда

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият кўрсатувчи “IBM” компаниясининг даромади кетма-кет 

19 чоракдан буён пасайиб бормоқда.

Жумладан, у 2016 йилнинг сўнгги уч ойида аввалги йилнинг шу давридагига нисбатан 1 фоиз кам, яъни 21,8 миллиард доллар ишлаб топди. Таҳлилчилар тўртинчи чоракда компания 4,88 миллиард долларга тенг ҳажмда соф фойда кўради, дея тахмин қилишган эди. Амалда эса бу рақам 4,5 миллиард доллар бўлди.

 

Бошланмай якунланган парвоз

Нью-Йорк шаҳридаги Ла-Гуардиа халқаро аэропортида бахтсиз ҳодиса рўй берди.

Маълумотларга кўра, учиш-қўниш йўлаги томон ҳаракатланаётган самолётнинг қаноти кутилмаганда ёнилғи ташийдиган машинага тегиб кетган. Ўша вақтда унинг бортида 129 нафар йўловчи бор эди. Воқеа учувчининг айби билан юзага келгани айтилмоқда. Гап шундаки, у мўлжални тўғри ҳисобга олмаган. 

Тўқнашувдан кейин йўловчилар ўз манзилларига бошқа самолётда жўнаб кетишди.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn