«Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳога лойиқдир»
  • 20 Январь 2017

«Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳога лойиқдир»

Ригада “Ўзбекистон — Латвия ҳамкорлиги. Латвия учун янги имкониятлар” мавзуида бизнес-семинар бўлиб ўтди.

Латвия сармоя ва тараққиёт агентлиги (LIAA) томонидан мамлакатимизнинг Ригадаги элчихонаси билан ўзаро ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур тадбирда юртимиз ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорликдан манфаатдор бўлган сайёҳлик, тўқимачилик, озиқ-овқат ва енгил саноат, транспорт, логистика, ахборот-коммуникация технологиялари, сут, гўшт ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳаларга ихтисослаштирилган элликка яқин корхоналар раҳбарлари ҳамда вакиллари, Латвия давлат идоралари ходимлари ва журналистлар ҳозир бўлди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар, республикамизда фаолият кўрсатаётган, алоҳида божхона ҳамда солиқ имтиёзлари берилган эркин иқтисодий зоналар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Бизнес-семинар қатнашчилари икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар, ўзаро борди-келдилар тобора ривожланиб бораётгани томонларнинг узоқ муддатли ва ҳар икки томонга бирдек наф келтирадиган муносабатлардан манфаатдор эканлигини тасдиқлашини қайд этдилар. Булар иқтисодиётнинг турли жабҳаларида фаол ҳамкорлик учун катта имкониятлар ҳамда салоҳият мавжудлигидан далолатдир. Маълумки, Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Хусусан, икки давлат ўртасида савдо-саноат, сармоя, транспорт ва юк транзити, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сайёҳлик, стандартлаштириш, фан-таълим каби соҳалар бўйича ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланган. Иқтисодиёт, савдо ҳамда саноат соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий этилган. Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олишга оид келишувлар амал қилмоқда.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамлангани алоҳида таъкидланди.

Латвиялик ишбилармонлар юртимиз билан сайёҳлик соҳасида, жумладан, саёҳатчиларга хизмат кўрсатадиган транспорт компанияларини тузишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Хусусан, бизнес-семинарда сўзга чиққан “Де Фонте Групп” компанияси раҳбари А. Буковскис “Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳога лойиқ” эканлигини айтди.

— Мамлакатда дунё давлатлари билан ўзаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда хорижий сармояларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда, — деди у. — Саноатни модернизациялаш ва янгилаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Чет эллик сармоядорлар учун қулай шароитлар яратилган. Бизнинг компаниямиз ҳам Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни  ҳаётга татбиқ этаётир. Улар орасида спорт кийимларини ишлаб чиқарадиган қўшма корхона ҳам бор.

Шунингдек, Латвия компанияси раҳбари бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча вилоятида давр талабларига жавоб берадиган юқори сифатли, рақобатдош маҳсулотлар тайёрланаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

А. Буковскис тадбир иштирокчиларининг эътиборига республикамизнинг қиймати 2 миллиард 300 миллион АҚШ доллари бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш дастурида қатнашиш имкониятларини ҳам ҳавола қилди.

Ўзбекистон — Латвия амалий ҳамкорлик кенгаши раиси, “Sonora” компанияси раҳбари Я. Мозга ўз маърузасида мамлакатимизда истиқболли лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари тобора кенгайиб бораётганини ҳисобга олиб, маҳаллий бизнес ҳамжамияти аъзоларини Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада фаоллаштиришга чақирди.

— Латвия фуқаролари учун Ўзбекистонда соддалаштирилган виза тартиби амал қилмоқда. Ресурсларга сарф-харажатлар эса Латвиядагига нисбатан сезиларли даражада кам. Бундан ташқари, хорижлик бизнесменларга имтиёзли божхона ва солиқ тизими йўлга қўйилган. Бу мамлакатда қўшма корхоналарни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларда қатнашиш учун улкан салоҳият бор. Ўзбекистондан товарларни, масалан, тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилиш учун ҳам кенг шароитлар яратилган. Бундай имкониятларни қўлдан чиқармаслик керак, — деди Ўзбекистон — Латвия амалий ҳамкорлик кенгаши раиси.

Ўз навбатида, “CleanTech Latvia” экологик тоза технологиялар бирлашмаси ижрочи директори Э. Пудане бугунги кунда Ўзбекистон — Латвия савдо-иқтисодий алоқалари даражаси юқори эканлигини таъкидлади. Ўзаро ишончга асосланган олий даражадаги сиёсий мулоқот, давлат идоралари, ишбилармонлар ҳамда ижтимоий доираларнинг учрашувлари мунтазам тус олгани ҳам буни яққол тасдиқлайди.

— Ўзбекистонда чет эллик сармоядорларга барча зарур шарт-шароит яратилган, — деди Э. Пудане. — Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, у ҳар жиҳатдан жуда бой мамлакатдир. Бу эса хорижлик сармоядор учун катта истиқбол демак.

Республика раҳбарияти муқобил энергетика соҳасидаги халқаро ҳамкорликка катта эътибор қаратиб, бу борада хорижий компаниялар учун қулай шароитларни яратмоқда. Ўзбекистонда “Clean Tech Latvia” компаниясининг ваколатхонаси рўйхатдан ўтказилган бўлиб, соҳага алоқадор сармоявий лойиҳаларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш учун аллақачон ишга киришилган. Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳамда қонунчиликдаги ҳар қандай ўзгаришлардан жамоатчиликни хабардор қилиш борасидаги масалалар тезкорлик билан ҳал этилиши ҳам алоҳида эътирофга сазовордир.

Латвиялик хусусий тадбиркор Э. Страздиня мамлакатимиз фермер хўжаликларига халқаро сертификатлар расмийлаштирилишига кўмак кўрсатаётганини, бунинг натижасида эса Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари Европанинг чакана савдо бозорига кириб боришаётгани ва Европа Иттифоқи мамлакатларига -“соғлом” озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришаётганини айтди.

— Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ишлаш борасида узоқ йиллик тажрибамдан ҳамда мамлакат ҳосилдор ер ва қулай иқлим шароитига эга эканлигидан келиб чиққан ҳолда, бизнинг ишбилармон доиралар вакилларига ўзбек шериклар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйишни маслаҳат бераман, — деди у.

 

«Жаҳон» АА.

Рига

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn