Кутилаётган натижалар таҳлили
  • 18 Январь 2017

Кутилаётган натижалар таҳлили

Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, 2017/2018 йилларда жаҳон иқтисодиётида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланади.

Жумладан, жорий йилда ўртача 3,4, келгуси йилда эса 3,6 фоиз ўсиш қайд этилиши кутилмоқда. Ташкилот ўтган йилнинг октябрь ойида эълон қилган тахминларида ҳам худди шундай рақамларни келтирган эди. Бундан англаш мумкинки, глобал иқтисодиётда аҳвол  ижобий томонга силжиётганига ишонч ортган.

Аэропортдаги ҳодиса

Душанба куни кечки пайт Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳридаги халқаро аэропортда ёнғин келиб чиққани туфайли йўловчилар ва хизмат кўрсатиш ходимлари зудлик билан эвакуация қилинди.

Ҳеч ким жабрланмагани айтилмоқда. Мамлакатнинг асосий “ҳаво дарвозаси” фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шу боис бу ерга қўниши керак бўлган самолётлар шаҳарга яқин жойдаги Эсейса халқаро аэропортига йўналтирилди. Ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Унинг келиб чиқиш сабаби эса ҳозирча аниқ эмас.

Реалликка айланмоқда

Франциянинг “Airbus” авиасозлик компанияси шу йил охиригача энг замонавий маҳсулоти — учадиган машинасини синовдан ўтказмоқчи, дейилади “Рейтер” ахборот агентлиги хабарида.

Мазкур турдаги инновацион технологияни яратиш ва унинг ҳаракатланиш тартибини ишлаб чиқиш учун компания “Urban Air Mobility” деб номланган янги бўлими фаолиятини йўлга қўйган.  Парвозга мўлжалланган транспорт воситасини ҳавода бошқаришни ўзлаштириш қийин ҳамда узоқ вақт талаб қиладиган жараён бўлгани боис мутахассислар уни тўлиқ автоматлаштиришни режалаштиришган. “Airbus” бош директори Том Эндерс ҳам бу борада фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Келгусида учувчисиз аэротакси хизмати йўлга қўйилса, ундан фойдаланиш учун мижоз махсус илова дастури ёрдамида буюртма берса, кифоя. Худди фантастик фильмларда кўрганимиз каби автомобиль ўзи келиб, ҳаво йўли орқали белгиланган манзилга элтиб қўяди.

Вулқон яна «уйғонди»

Мексикадаги “Колима” вулқони яна фаоллашди.

Унинг кратерида уч бор портлаш кузатилган. Вулқондан ажралиб чиқаётган тутун 3,5 километр баландликкача кўтарилган. “Колима” ўтган йилнинг октябрь ойида “уйғонган” эди ва ҳанузгача сусайгани йўқ.

Мамлакат ўарбида, денгиз сатҳидан қарийб тўрт километр баландликда жойлашган мазкур вулқон сўнгги 450 йил давомида 30 мартадан кўпроқ ҳаракатга келган.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn