Тахмин қилинганидан кўпроқ
  • 17 Январь 2017

Тахмин қилинганидан кўпроқ

Ўтган йилнинг ноябрь ойида евроҳудудга аъзо давлатларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми прогноз кўрсаткичларидан кўпроқ, яъни 1,5 фоиз ошди.

Европа Иттифоқи статистика бошқармаси — Евростат маълумотига қараганда, октябрда ушбу жабҳада атиги 

0,1 фоиз ўсишга эришилган эди. Ўн биринчи ойдаги ижобий натижада Янги йил байрами олдидан истеъмол товарлари, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар тайёрлаш миқдорининг ортиши муҳим омил бўлди. Масалан, Германияда саноат ишлаб чиқариш ҳажми охирги беш йилдаги энг максимал даражага етди. Италия ва Францияда ҳам ўсиш кузатилган. 

 

Сайёҳликда юқори кўрсаткич

2016 йил Испанияда туризм соҳасида янги рекорд натижа қайд этилди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Гап шундаки, мазкур даврда мамлакатга 75 миллиондан ортиқ хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Испания энергетика, туризм ва рақамли технологиялар вазирлигининг дастлабки хулосасига кўра, бу борадаги ўсиш аввалги йилдагига нисбатан 9,9 фоизни ташкил қилган. Чет эллик меҳмонлар саёҳатлари давомида 77 миллиард евро маблағ сарфлашган. Ушбу кўрсаткич ҳам 2015 йилдагига қараганда 8,3 фоиз юқоридир.

Туристлар, асосан, Балеар ва Канар ороллари, Каталония ҳамда Андалусия маъмурий ҳудудларига сафар уюштиришган.

 

Бандликка ҳисса қўшмоқчи

АҚШнинг интернет орқали хизмат кўрсатувчи “Amazon” компанияси мамлакатда бандликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш ҳаракатида.

Манбада айтилишича, ташкилот 2018 йилнинг ўрталаригача икки юз саксон мингдан ортиқ иш ўринлари очишни режалаштирган. Меҳнат жойлари “Amazon”нинг нафақат Сиэтл шаҳридаги бош қароргоҳида, балки АҚШ ҳудудидаги бошқа филиалларида ҳам ташкил қилинади. Янги ходимлар мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматидан тортиб, буюртмаларни бажариш марказларигача жалб этилади. 

 

Кучли қор ёғишининг нохуш таъсири

Японияда кучли қор ёғиши йўл ҳаракати ҳодисаларига, шунингдек, поездлар ва самолётлар қатновининг издан чиқишига сабаб бўлди.

“Ёмиури” газетасининг ёзишича, табиат синови оқибатида етти киши ҳаётдан кўз юмди. Уларнинг аксарияти автоҳалокатлар чоғида қурбон бўлган. Хиого префектурасида юзага келган қор уюмлари туфайли 

50 га яқин оила истиқомат қиладиган посёлка ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолди. Ана шу аҳолига ёрдам кўрсатиш учун полиция вертолётлари юборилган.

Ноқулай об-ҳаво шароити боис мамлакат шимоли ва марказий ҳудудларида маҳаллий йўналишдаги 

40 та авиарейс бекор қилинди. Тезюрар поездлар қатнови ҳам вақтинча тўхтатилган эди. Сўнгги хабарларга кўра, уларнинг ҳаракати қайта тикланган.

 

Кўлами кенгайиб бораяпти

Таиланд жанубида жорий йил бошидан буён кузатилаётган сув тошқинлари талафотлари кўлами тобора кенгайиб бораяпти.

Шу пайтгача 40 киши ҳалок бўлди. “Бангкок пост” нашри душанба — 16 январь куни мамлакатнинг айрим жойларида ёмғир яна кучайганини хабар қилди. Табиий офат натижасида 20 та давлат ташкилоти биноси, 135 та йўл ва 

191 кўприкка зарар етган.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn