Ўзбекистоннинг ИҲТ доирасидаги ташаббуслари Вашингтонда муҳокама этилди
  • 31 Декабрь 2016

Ўзбекистоннинг ИҲТ доирасидаги ташаббуслари Вашингтонда муҳокама этилди

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасида Америка Қўшма Штатлари ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ўртасидаги биринчи маслаҳатлашув мулоқоти ҳамда Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислиги мавзуига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Учрашувда ИҲТ билан маслаҳатлашувга жалб этилган Америка маъмурияти, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг катта даражадаги вакиллари ва АҚШда аккредитациядан ўтган ИҲТга аъзо давлатлар дипломатия миссияларининг раҳбарлари қатнашди.
Тадбирда иштирокчилар 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунлари ҳамда Ўзбекистоннинг мазкур тизимда раислигидаги устуворликлар билан батафсил таништирилди. Юртимиз томонидан таклиф этилган сессия кун тартибининг асосий ғояси — “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиорининг мазмун-моҳияти тилга олинди. Шунингдек, республикамиз раҳбариятининг ташкилот доирасида, жумладан, Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий ҳамда маънавий мероси ҳисобга олинган ҳолда, ислом динига хос бўлган маърифат ва бағрикенглик қадриятларини илгари суришга бўлган интилиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир қатнашчилари юқоридагилар билан бирга, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтган сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида ўз ифодасини топган муҳим жиҳатлар, хусусан, ташкилот шафелигида Самарқандда Имом Бухорий -халқаро тадқиқот марказини ҳамда Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) махсус кафедрасини ташкил этиш ташаббуслари билан ҳам танишдилар.
Учрашувда Ўзбекистонда шаффофлик шароитида, демократиянинг барча тамойилига риоя этилган ҳолда ўтган Президент сайловининг якунлари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбе-кистон Республикаси ташқи сиёсатнинг асосини тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келадиган зиддият ҳамда қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш, мамлакатимизнинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан очиқ ҳамда прагматик муносабатларга содиқ эканлиги таъкидланди.
Тадбирда сўзга чиққан Америка Қўшма Штатларининг ИҲТдаги махсус вакили вазифасини бажарувчиси А. Сулеман элчихонада ушбу анжуманни ташкил этгани ва самимий меҳмондўстлик учун ўзбек томонига миннатдорлик билдирди.
— Яқинда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтган сессиясида қатнашиш учун Ўзбекистонга уюштирган сафарим доирасида жаҳон цивилизациясининг ганжиналари — Самарқанд ҳамда Бухорога боришга муяссар бўлдим. Турли кучлар халқлар ўртасига низо-нифоқ солишга уринаётган ҳозирги мураккаб даврда Ўзбекистоннинг маънавий мероси улкан аҳамият касб этади. Ана шундай маҳобатли шаҳарлар ўзларининг мавжудлиги билан дунёга бирдамлик ҳамда бағрикенгликни сақлаш зарур эканлигини эслатиб туради. Уларда қарор топган илм масканлари жаҳонга буюк олиму мутафаккирларни етказиб берди, уларнинг илмий кашфиётлари инсоният цивилизацияси жадал ривожланишига кўмаклашди. Бугун биз дунёда турли интилишлар мавжудлигига қарамасдан, мазкур меросни авайлаб асрашимиз зарур.
Шунингдек, А. Сулеман АҚШ ва ИҲТ ўртасидаги биринчи маслаҳатлашув муваффақиятли кечганини айтиб ўтди. Турли низоларни ҳал этиш ҳамда экстремизм билан курашишдан тортиб (ўқитиш ва диний арбоблар нуфузини ошириш, интернетда радикал ғоялар тарқатилишига қарши туриш, ёшлар учун маърифий дастурларни йўлга қўйиш), то гуманитар инқирозларни барқарорлаштириш (кенг ҳудудларга тарқаладиган эпидемик касалликларга қарши кураш, донорларни жалб этиш, инсонпарварлик ёрдамларини тарқатиш) сингари аниқ-равшан соҳаларда томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим эканлиги тилга олинди.
Учрашув доирасида Ўзбекистоннинг ўзининг бой меросидан, жумладан, диний тадқиқотлар соҳасидаги меросидан фаол фойдаланиш юзасидан жаҳон ҳамжамиятига берган таклифларига катта қизиқиш билдирилди. Тошкентнинг мазкур ташкилот доирасидаги таклифлари ўз вақтида илгари сурилгани ҳамда уларнинг моҳиятан янги эканлиги, хусусан, Имом Бухорий халқаро тадқиқот марказининг ташкил қилиниши ва маърифий, бағрикенг ислом тарғиботига катта аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Кўпгина мусулмон мамлакатлари аҳолига диний таълим бериш тизимини модернизациялаш ҳамда янгилашга эҳтиёж сезиб турган бир даврда ташланган бу қадамларнинг долзарблиги янада ошиши алоҳида қайд этилди. ИҲТ ҳудудида ёшларнинг радикаллашуви муаммоси, жумладан, исломшунослар етарли малакага эга эмаслиги инобатга олинган ҳолда, сифатли диний таълимга эҳтиёж ортиб бормоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ўарб мамлакатлари ўртасида ҳақиқий ислом қадриятлари ва тамойилларини илгари суришда алоҳида ўрин тутиши айтиб ўтилди. Бу дунёвий давлат ҳисобланадиган мамлакатимиз маданий-тарихий меросни асраб-авайлашга улкан эътибор қаратаётгани, катта қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган республикамиз аҳолиси эса ҳақиқий ислом издошларининг энг яхши намунаси эканлиги билан изоҳланади.


«Жаҳон» АА.
Вашингтон

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn