Кейинги икки йилдаги ўзгариш
  • 29 Декабрь 2016

Кейинги икки йилдаги ўзгариш

Шу йилнинг учинчи чорагида АҚШда ялпи ички маҳсулот ҳажми 3,5 фоиз ўсди. Мамлакат савдо вазирлиги эълон қилган расмий маълумотда келтирилишича, бу сўнгги икки йил давомидаги энг яхши кўрсаткичдир.

Аввалроқ “Bloomberg” ахборот агентлиги томонидан ўтказилган сўровда таҳлилчиларнинг асосий қисми июль — сентябрь ойларида Америка Қўшма Штатларида ЯИМ 3,3 фоизга ошишини билдиришганди. Кўриниб турибдики, амалда бундан яхшироқ натижа қайд этилди.

Истеъмол талаби, бизнес соҳасига йўналтирилган инвестициялар миқдори, шунингдек, экспорт ҳажмининг ортгани ва бошқа яна бир қанча омиллар туфайли ана шундай ютуқ қўлга киритилди.

 

Кемалар «манзили»га етди

Франция қирғоқларида Даниянинг “Moller-Maersk” компаниясига тегишли иккита кема чўкиб кетди.

Воқеанинг келиб чиқиш сабаби ва аниқ манзили ҳозирча номаълум. Шуниси аёнки, мазкур сув транспортларининг яроқлилик муддати аллақачон якунига етиб бўлган эди. Шу туфайли улар утилизация қилиниб, темир-терсак сифатида фойдаланиш учун жўнатилганди. Кемаларда экипаж бўлмаган. Резервуари ҳам ёқилғидан бутунлай тозалангани боис экологик хавф мавжуд эмас.

 

«Нок-тен» синови

Филиппинда табиат билан боғлиқ ҳодиса жиддий хавф туғдирди.

Гап шундаки, мамлакат ҳудудига “Нок-тен” тўфони кириб келди. Шамолнинг тезлиги сониясига 70 метргача етаяпти. Тўққизта провинцияда вазият мураккаблиги айтилмоқда. Қарийб 100 минг кишини эвакуация қилиш зарурати юзага келган. Кемалар ҳаракати, самолётлар парвози ва поездлар қатнови вақтинча тўхтатилган.

 

Жаҳон чемпионатига 48 йўлланма

ФИФА футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этадиган терма жамоалар сонини 32 тадан 40 тага эмас, балки янада кўпроқ — 48 тага ошириш масаласини кўриб чиқаяпти.

Бу янгиликни 2026 йил Шимолий Америка ҳудудида ўтказиладиган мундиалда татбиқ қилиш кўзда тутилаётир. Ташкилот президенти Жанни Инфантинонинг фикрича, шу орқали трансляциялар фаоллиги янада кучаяди ва “миллионлар ўйини”нинг оммавийлиги оширилади.

Агар янги форматдаги чемпионат йўлга қўйилса, ФИФАнинг даромади 20 фоиз, яъни 640 миллион АҚШ долларига ортиши мумкин, дейилади “Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарида. Ўз навбатида, ташкилотчилик билан боғлиқ харажатлар 2 миллиард доллардан 2,3 миллиард долларга кўпаяди.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn