Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни — жаҳондаги энг демократик конституциялардан бири
  • 16 Декабрь 2016

Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни — жаҳондаги энг демократик конституциялардан бири

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан хорижий давлатлар экспертлари “Жаҳон” ахборот агентлиги учун берган интервьюлари чоғида Асосий Қонунимизнинг мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Дидье МОС, Конституция ҳуқуқи халқаро ассоциациясининг фахрий президенти (Франция):

— Мен бир неча маротаба Ўзбекистонда бўлиб, Конституция ҳуқуқи ва парламентаризмни ўрганиш масалаларига бағишланган халқаро тадбирларда қатнашганман. 

Мамлакатнинг Асосий Қонуни илғор жаҳон тажрибаси, ўзбек халқининг анъаналари ҳамда менталитети асосида ишлаб чиқилган. Унинг қабул қилиниши туфайли парламентаризм институти яратилди ва сезиларли даражада мустаҳкамланди, икки палатали парламент шаклланиб, муваффақият билан фаолият кўрсатмоқда, жамиятнинг сиёсий ҳамда ижтимоий ривожланишида унинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда.  

Конституция шарофати билан Ўзбекистонда қонунчилик ва ижро ҳокимияти органларининг самарали ҳамкорлиги, кенг қамровдаги демократик ҳамда ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилаётир. Ушбу қомусий ҳужжат ўзбек халқи танлаган демократия йўлига асосланган ҳолда, мамлакатнинг изчил ривожланишини таъминламоқда. 

Республикада тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро ҳамда динлараро ҳамжиҳатликни асраш ва мустаҳкамлашда ҳам Ўзбекистон Конституцияси муҳим ўрин тутаётганини алоҳида қайд этишни истар эдим.

Роле ЛОРЕТАН, Маъмурий фанлар халқаро институтининг бош директори (Бельгия):

— Жорий йилда Ўзбекистон Конституция қабул қилинганининг 24 йиллигини нишонлади. Дунёнинг демократик мамлакатлари конституциялари сингари Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ҳам давлатнинг ривожланишидаги муҳим ва фундаментал асос ҳисобланади.

У барча соҳанинг сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий жиҳатдан муваффақият билан ривожланиши заминини мустаҳкамлади. Асосий Қонунда ўз ифодасини топган мазкур меъёр ва тамойиллар билан таниш бўлган мутахассис сифатида шуни ишонч билан айтишим мумкинки, у фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, адолатли сайловлар таъминланиши, фуқаролик жамияти институтлари ривожланишининг кафолати ҳамда мамлакат демократик тараққиётининг устувор асоси ҳисобланади. 

Фулвио МАРТУШЕЛЛО, Европа парламенти депутати: 

— Мустақил ривожланиш йиллари давомида Ўзбекистон халқаро майдонда ўзини нафақат ишончли шерик сифатида намоён этди, балки ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиш борасида ҳам жуда салмоқли муваффақиятларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бунда дунёга “ўзбек модели” сифатида танилган, беш тамойилга асосланган давлат ривожланиши стратегиясини ишлаб чиққан  мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хизмати алоҳида эътиборга сазовор. Конституция ҳамда унинг заминида яратилган мустаҳкам қонунчилик, 2010 йилдан буён ҳаётга татбиқ этилаётган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси давлат институтларининг шаклланиши ҳамда тўлақонли фаолият кўрсатишини, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда мулкчиликнинг барча шакли  ҳимоясини, давлат бошқарувида фуқароларнинг фаол иштирок этишини таъминлади.   

Дитер ЗАЙП, Германия етакчи экспертлар хизматининг ижрочи директори:

— Сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар учун ҳуқуқий асосни яратиш ҳар қандай давлатнинг ривожланишида жуда муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Асосий Қонунида фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари, давлат ва ноҳукумат идоралари ҳамда ҳокимият уч бўғинининг вазифа ва мажбуриятлари аниқ-равшан муҳрлаб қўйилган.  

Республикада ҳаётга татбиқ этилаётган сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан хабардорлигим ва Марказий Осиёдаги хизмат фаолиятим билан боғлиқ тажрибамдан келиб чиққан ҳолда шуни ишонч билан айтишим мумкинки, мамлакат ривожланишнинг тўғри йўлидан бормоқда. 

Хван Санг ЧОЛ, Корея Республикаси Давлат қонунчилиги вазирининг ўринбосари: 

— Ўзбекистон Конституцияси давлатдаги ҳозирги ҳолат ўлчовининг мезони ҳамда республиканинг бундан кейинги тараққиёти калити ҳисобланади. У келажакда ҳам мамлакатнинг янада равнақ топишига кўмаклашади. Чунки Конституция амалдаги қонунчиликка мувофиқ равишда ҳаётга самарали татбиқ этилиши лозим бўлган давлат қурилишининг кенг қамровли мақсад ва тамойилларини ўзида ифода этади.  

Дато Сри Хайруддин САМАД, Малайзия сенаторлари Кенгашининг президенти:

— Конституция Ўзбекистоннинг барқарор ва муваффақиятли ривожланиши таъминланишида, суверенитет мустаҳкамланишида ҳамда мамлакат халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашида жуда муҳим ўрин тутди.

2017 йил мамлакатда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани, шубҳасиз, Ўзбекистон Конституциясининг мазмуни ҳамда моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, давлат ва жамоатчилик институтларини халқнинг ҳаёт даражасини оширишга устувор даражада эътибор қаратишга, инсоннинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига риоя қилишга даъват этади. Бу йўналишда аллақачон қатор амалий қадамлар ташланган. Хусусан, халқ билан очиқ мулоқот олиб бориш учун давлат ҳокимияти вакилларининг виртуал қабулхоналари фаолият кўрсатаётгани аҳолининг уларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Пракаш КЕЖРИВАЛ, “Indorama Industries” компаниясининг вице-президенти (Сингапур):

— Сўнгги ойлар давомида халқ ҳаётини янада яхшилаш бўйича  мамлакат раҳбарияти томонидан ташланган қадамлар, менинг назаримда, Конституция асосидаги давлат сиёсатини ҳаётга татбиқ этишга бўлган содиқликдан далолат беради. Бу келгуси йиллар мобайнидаги муваффақиятли ривожланишнинг бардавомлиги учун ҳам жуда кучли ҳуқуқий асосдир.

Капил ГУПТА, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари уюшмаси директорининг ўринбосари:

— Ўзбекистон Конституцияси демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, инсоннинг ҳақ-ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муҳофазаси ва мамлакатда тинчлик ҳамда бирдамлик муҳити ҳукмрон бўлишини таъминлаш сингари мақсадларга эришишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва кафолати ҳисобланади.

Асосий Қонунга мувофиқ, мамлакатда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар эътиборга сазовордир.

 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn