«Ўзбекистонда сайлов жараёни соғлом рақобатга асосланган кураш муҳитида ўтмоқда»
  • 30 Ноябрь 2016

«Ўзбекистонда сайлов жараёни соғлом рақобатга асосланган кураш муҳитида ўтмоқда»

Ўзбекистонда Президент сайлови яқинлашгани сари сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича мамлакатимиз қўлга киритган муваффақиятлар хорижий давлатлар ижтимоий-сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари ўртасида кенг муҳокама этилмоқда.

Эни ФАЛЕОМАВАЕГА, собиқ конгрессмен, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Халқаро муносабатлар қўмитасининг Осиё, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари ва атроф-муҳитни глобал муҳофаза қилиш кичик қўмитаси раиси:

— Бугун Ўзбекистон муҳим воқеа — Президент сайлови арафасида турибди. 26 йилдан зиёдроқ давр мобайнида АҚШ Конгресси аъзоси сифатидаги фаолиятим давомида дунёнинг кўпгина шаҳарларига боришга муваффақ бўлганман. Бу борадаги сўнгги расмий ташрифим тарихий шаҳар — Самарқандга бўлган эди.

Республикангиз кенг қамровли сиёсий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш борасида улкан муваффақиятларга эришди. Хусусан, сиёсий партиялардан мамлакат Президентлигига номзодларни илгари суриш учун зарур бўладиган имзолар сонини 5 фоиздан 1 фоизга камайтириш тўғрисидаги қарор юқори баҳога лойиқдир.

Шунингдек, мен Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг сайловда қатнашиш учун халқаро кузатувчиларни таклиф этиш тўғрисидаги қарорини ҳам қўллайман. Бу Ўзбекистоннинг сайловни очиқлик ва шаффофлик муҳитида ўтказишга тайёрлигини ҳамда уни умумқабул қилинган демократик сайлов меъёрлари асосида ташкил этишга бўлган содиқлигини намоён қилади.

Вели ЮКСЕЛЬ, Бельгия вакиллар палатаси депутати:

— Ўзбекистон сайлов тизимининг такомиллашуви республикада амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг натижаси ҳисобланади. Улар давлат сиёсий тизими шаклланиши ва ривожланишида фуқаролик жамияти вакилларининг фаол иштирокини кўзда тутади.

Олдинда турган сайлов ҳақида фикр юритилар экан, Марказий сайлов комиссияси сайловни ташкил этиш ва унинг юқори даражада ўтказилиши учун барча зарур чора-тадбирни кўрганлигини таъкидлаш жоиз. Ишончим комилки, ўзбек халқи аҳоли фаровонлиги ва мамлакат равнақи йўлида астойдил ишлайдиган, шунингдек, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни чуқурлаштиришни давом эттирадиган муносиб етакчини сайлайди.

Шу ўринда Ўзбекистон Бельгиянинг яқин шерикларидан бири эканлигини қайд этишни истар эдим.

Биз Марказий Осиёда хавфсизлик ва фаровонлик таъминланишида мамлакатингиз энг муҳим ўринни тутишда давом этишига умид қиламиз, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда самарали ҳамкорлигимизни давом эттириш ниятидамиз. Шубҳа йўқки, бизнинг яқин ҳамкорлигимиз бундан кейин янада мустаҳкамланади.

Профессор Астрид ЧЕРНИ, мустақил эксперт (Германия):

— Мен Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарликнинг боришини диққат билан кузатиб келмоқдаман. Республикада барпо қилинган сайлов тизими фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин ифодалашини, сайлов жараёни очиқ-ошкоралигини кафолатлайди ва у халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик тамойилларига жавоб беради. Шу билан бирга, мамлакат илғор халқаро тажрибани ҳар томонлама ҳисобга олганини ҳам таъкидлаш зарур.

Республикада фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, овоз беришнинг барча жиҳати, шунингдек, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида аҳолини хабардор қилиш юзасидан изчил ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганимда, бунга тўла ишонч ҳосил қилганман.

Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, шу жумладан, сайлов жараёнида ёшларнинг фаол қатнашиши алоҳида эътиборга моликдир. Чунки фаол фуқаролик нуқтаи назари ҳамда юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёшлар мамлакат электоратининг салмоқли қисмини ташкил этади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига олдинда турган сайловни муваффақиятли ўтказишини тилайман. Бундан ташқари, тобора яқинлашиб келаётган қутлуғ сана — Конституция куни муносабати билан ҳам ўзимнинг энг эзгу тилакларимни йўллайман. Ишончим комилки, Ўзбекистон бундан кейин ҳам кучли фуқаролик жамиятини барпо қилиш тамойилларига содиқ қолади.

Товфик АББАСОВ, Боку халқаро мультикультуризм маркази Медиа департаменти директори (Озарбайжон):

— Ўзбекистондаги 4 та сиёсий партия ҳам Президентлик лавозимига ўз номзодини илгари сургани алоҳида эътиборга сазовордир. Сайлов жараёни очиқлик, адолатли рақобат муҳитида ўтмоқда.

Мустақил ривожланиш йиллари давомида республикада тинчлик ва барқарорлик таъминланди, интеллектуал салоҳият сезиларли даражада мустаҳкамланди.

Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишим ва бутун сайлов жараёни бўйича холис баҳо беришим мумкинлигидан жуда мамнунман.

Абдураҳмон ал-ХАМИСИ, Миср Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Миср — Ўзбекистон» дўстлик жамияти фаоли:

— 2014 йили парламент сайловлари мониторингида қатнашиш учун Ўзбекистонга биринчи маротаба келишга муяссар бўлдим. Ўшанда ўзбек халқининг оқкўнгиллиги, меҳмондўстлиги ҳамда маърифат ва маданияти даражаси юқори эканлиги менда катта таассурот қолдирган эди. Мамлакатда сиёсий партия ва ҳаракатлар ўрни мустаҳкамланиши жараёнида фуқаролар фаоллик кўрсатаётгани, айниқса, эътиборга молик.

Президент сайлови мониторингида иштирок этиш Миср делегациясига мамлакатингиз сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, сайлов тизими ишчанлиги, барча номзод учун тенг ҳуқуқлилик тамойилини таъминлаш ва ОАВ ўрнини ошириш юзасидан тўплаган тажрибаси билан яқиндан танишиш учун яхши имконият яратади.

Ўзбекистон сайлов тизими халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, миллий менталитет ҳисобга олинган ҳолда, ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибаси асосида шаклланган. Масалан, мамлакатингиз Конституциясига мувофиқ, фуқаролар давлат ва жамият ишларининг бошқарилишида бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказилиши ва давлат органларининг демократик шакллантирилиши ҳамда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини такомиллаштириш воситасида амалга оширилади. Шу ўринда фуқаролик жамиятининг эътиборга молик субъектларидан бири бўлган маҳалла институтининг аҳамиятини қайд этишни истардим. Чунки фуқаролар йиғинлари, том маънода, адолатлилик кафолати бўлиб, аҳоли эҳтиёжларига холисона баҳо беришда ҳам айни муддаодир.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn