Халқаро кузатувчилар: Ўзбекистон Президенти сайловида овоз берувчилар фаоллиги миллатнинг бирдамлигини намоён этади
  • 25 Ноябрь 2016

Халқаро кузатувчилар: Ўзбекистон Президенти сайловида овоз берувчилар фаоллиги миллатнинг бирдамлигини намоён этади

Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловига кўп сонли халқаро кузатувчилар келиши кутилмоқда. Уларнинг иштироки ҳам сайлов жараёнлари очиқлиги ва шаффофлигини тасдиқлайди. Айни чоғда хорижий экспертларнинг мазкур муҳим сиёсий тадбирнинг тайёргарлик босқичи юзасидан билдираётган фикр-мулоҳазалари дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаяпти.

Давид ГЕЕРТС, Бельгия Вакиллар палатаси депутати:

— Мен Ўзбекистондаги сайловларда халқаро кузатувчи сифатида аввал ҳам иштирок этганман, бу йил иккинчи бор қатнашишни ният қилиб турибман. Шу ўринда айтишим -керакки, 2015 йилда бўлиб ўтган Президент сайловида овоз берувчиларга ўз конституциявий ҳуқуқларини теран англаган ҳолда, хоҳиш-иродаларини эркин ва очиқ амалга оширишлари учун кенг имконият берилгани, сайловни ўтказиш бўйича миллий қонунчиликка риоя этилгани ҳамда халқаро андозаларга амал қилингани, сайловчилар учун барча шароит яратилганига гувоҳ бўлган эдим.

Аҳолининг кенг иштироки, фуқаролик институтлари, айниқса, овоз берувчиларга ҳар томонлама кўмаклашган ва мазкур муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни муваффақиятли ўтказишга катта ҳисса қўшган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаоллигига қойил қолдим.

Шу йил 4 декабрда бўладиган Ўзбекистон Президенти сайлови ҳам миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган демократик тамойил ҳамда меъёрларга тўла мувофиқ равишда ўтишига ишонаман.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг дунёда мамлакатнинг келажакдаги тақдири билан боғлиқ ташвишли ҳол юзага келди, бироқ мамлакат раҳбарияти ва ўзбек халқи Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши ҳамда ўз тўғри йўлидан оғишмаслигини намоён қилди.

Умид қиламанки, сайланадиган Ўзбекистон раҳбари мамлакат аҳолисининг фаровон турмушини таъминлаш учун ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш йўлини давом эттиради. Фурсатдан фойдаланиб, сайловнинг муваффақиятли ўтишини ва мамлакатингизнинг янада гуллаб-яшнашини тилаб қоламан.

Доминик ТИЛЬМАНС, Бельгия фахрий сенатори, “EURISY” Европа уюшмаси президенти:

— Ўзбекистонга бир неча марта борганман, халқаро анжуманларда қатнашганман. Шу билан бирга, 2014-2015 йилларда бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этганман.

Ўзбекистонни яхши билганим боис мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар муваффақиятли олиб борилганлигини таъкидлашни истар эдим. Ислом Каримов буюк давлат арбоби, ўзбек халқининг муносиб раҳбари эди, деб ҳисоблайман.

Ўтган давр мобайнида мамлакатда сайлов тизими соҳасида амалга оширилган янгиланишлар сайловларни тенглик, шаффофлик муҳитида, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларига тўла мос ҳолда ўтказилишига мустаҳкам замин яратди.

Биз Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ушбу муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик ҳамда уни ўтказиш борасида изчил ва кенг кўламли тадбирларни амалга ошираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бўлиб ўтадиган сайловда қатнашиш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлақонли миссиясининг юборилгани ҳам алоҳида эътиборга молик.

Ўзбекистонга равнақ, халқининг барча эзгу мақсадлари рўёбга чиқишини ҳамда бўлиб ўтадиган сайловда муносиб етакчи сайланишини тилайман.

Ханс-Йоахим КНАУПЕ, Берлин шаҳар Халқаро иқтисодиёт академияси директори (ГФР):

— Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Шу боис республикада жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Президент сайловида Германиянинг халқаро кузатувчиси сифатидаги ўз миссиямга катта масъулият билан ёндашаман.

Айтишим керакки, 2009 йили Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган эдим. Ўшанда мен Хоразм вилоятидаги бир неча сайлов участкаларида бўлиб, барча сиёсий партия ва жамоатчилик ҳаракатларининг вакиллари билан учрашиш ҳамда суҳбатлашиш имконига эга бўлгандим. Сайловнинг бориши бўйича ўз кузатишларимга таянган ҳолда, улар очиқлик ва демократия асосида ўтганига ишонч ҳосил қилгандим. 

Ўзбекистон тўплаган улкан тажрибани ҳисобга олиб, шуни ишонч билан таъкидлашим мумкинки, олдинда турган мамлакат Президенти сайлови ҳам юқори ташкилотчилик кўринишида, фуқароларнинг фаол иштирокида, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилган ҳолда ўтади. 

Абдул Ҳалим бин Абд САМАД, Малайзия парламенти Сенати президентининг ўринбосари:

— Ўзбекистон Президенти сайлови боришини мониторинг қилиш учун тўрт нафар сенатордан иборат Малайзия делегациясига раҳбар бўлиш менга катта масъулият юклайди, айни чоғда, бу — шараф. Ушбу масъулиятли миссияга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистоннинг сайлов тизими ва Президент лавозимига қўйилган номзодларнинг дастурларини батафсил ўрганиб чиқдим. Фикримча, Ўзбекистон сайлов тизими ўзбек давлатчилиги анъаналарини ҳамда барча сайловчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ўзида тўла акс эттирган. Ирқи, жинси, миллати ва диний эътиқоди қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро бир овозга эга эканлиги сайлов жараёни максимал даражада демократия асосида ўтишини таъминлайди. Номзодларнинг сайловолди дастурлари хусусида гапирадиган бўлсак, улар мамлакат аҳолисининг барча ижтимоий қатламлари манфаатларини ўзида кенг акс эттирган.  

Роберт ИЛАТОВ, Кнессет депутати (Исроил):

— Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари сайлов қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла мувофиқ ҳолда ўтмоқда. Шу нуқтаи назардан, Марказий сайлов комиссияси профессионал иш олиб бораётганини қайд этиш зарур. 

Президент сайлови мониторинги кўп сонли халқаро кузатувчилар томонидан амалга оширилади. Улар учун барча шароит яратилган, кузатувчилар истакларига қараб, барча сайлов участкаларига эркин боришлари таъминланган. 

Шулар асосида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда Президент сайлови миллий ва халқаро демократик тамойиллар асосида, сайловчиларнинг юқори даражадаги иштирокида ўтади. Сайловчилар фаоллиги миллат бирдамлигини, ҳукуматга бўлган ишончни, юритилаётган сиёсат қўллаб-қувватланишини, шунингдек, мамлакатни изчил ривожлантириш йўли сақлаб қолиниши борасида халқнинг хоҳиш-иродасини яққол намоён этади. 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn