Давлат ва ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарига ташриф буюрди
  • 08 Сентябрь 2016

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарига ташриф буюрди

2016 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи оғир жудоликка учради: машҳур давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон ­Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳаётдан кўз юмди. Бу қайғули воқеа нафақат мамлакатимизни, балки бутун ­дунёни ҳам қалқитди.

Ислом Каримовнинг ­вафоти муносабати билан мотам изҳори сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳи ­биноси ёнидаги БМТ ­байроғи туширилди. ­Худди шундай тадбирлар БМТ бўлимлари жойлашган ­Женева (Швейцария) ва Рим (Италия) шаҳарларида ҳам ўтказилди. Шу ­билан бирга, ташкилотга аъзо барча давлатларнинг байроқлари туширилди.

Ўзбекистоннинг ­Латвия Республикасидаги элчихонасига мазкур мамлакат Президенти Раймонд Вейонис ташриф буюриб, қуйидагиларни қайд этди:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг вафоти ­муносабати билан Ўзбе­кистон халқига латвия­ликлар ва ўз номимдан ­чуқур ҳамдардлигимни билдираман.

Ислом Каримов 25 йил давомида давлат раҳбари сифатида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни жадал ­ривожлантиришга бебаҳо ҳисса қўшди.

Биз Латвия ва Ўзбекистоннинг икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва ­илгари суриш учун бундан ­кейин ҳам мамлакатингиз билан биргаликда саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш ниятидамиз”.

Озарбайжон Республикаси Президенти ­Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг Бокудаги элчихонасига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ўзбек халқига ­ҳамдардлик изҳор этиш асносида қуйидагиларни баён қилди:    

“Ислом Каримов мус­тақил Ўзбекистоннинг ­Биринчи Президенти ­сифатида тарихдан жой олди, — деди И. Алиев. — Мамлакат мустақиллиги ва суверенитетининг қўлга киритилиши, ривож­ланиши ҳамда мустаҳкамланиши, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларда ­эришилган муваффақиятлар, қардош Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви унинг номи билан чамбарчас боғлиқдир.

Ислом Каримовни Озарбайжонда кўп асрлик дўстлик ва бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарини мустаҳкамлашга, икки томонлама муносабатларни шакллантириш ҳамда изчил ривожлантиришга ҳисса қўшган самимий дўст сифатида билишади ва чуқур ҳурмат қилишади.

Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу сақланиб қолади”.

Хитой Халқ Респуб­ликаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян Ўзбекистоннинг ­Хитойдаги элчихонасига ташриф буюрди.
У Президентимиз вафоти муносабати билан Ислом Каримов портрети пойига Хитой ҳукумати номидан гулчамбар қўйди ва ­таъзия китобига ҳамдардлик сўзларини ёзиб, чуқур ­қайғудалигини изҳор этди.

“Ислом Каримовнинг вафоти нафақат Ўзбе­кистон халқи учун улкан йўқотиш, балки Хитой ­халқи учун ҳам самимий дўстдан жудо бўлишдир. Хитой ҳукумати ва халқи унинг вафоти муносабати билан чуқур қайғуда. Биз Хитой ва Ўзбекистоннинг кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланишини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш ва илгари ­суриш ниятидамиз”, деди Ли Кэцян.

Ўзбекистон Респуб­ликасининг Биринчи ­Президенти Ислом ­Каримов вафоти муносабати билан мамлакатимизнинг Исломободдаги элчихонасига Покистон Бош вазири Навоз Шариф ташриф буюрди. У таъзия изҳор этар экан, қуйи­дагиларни таъкидлади:

“Президент Ислом Каримов мустақил сиёсат йўлидан борди ва ўз халқининг ҳақиқий Йўлбошчисига айланди. Унинг донолиги, узоқни кўра билганлиги туфайли Ўзбекистон улкан муваффақиятларга эришди. Ислом ­Каримовнинг республика тараққиёти ва фаровонлигига қўшган ҳиссаси мамлакат аҳлининг қалбидан алоҳида жой эгаллаган.

Ислом Каримов билан
1992 йилнинг июнь ойидаги ­биринчи учрашувимиздан буён унга ишончли ҳамкор сифатида муносабатда бўлиб келдим. Унинг ҳаётдан кўз юмиши ­Покистон учун буюк ва самимий дўстдан жудо бўлишдир. 

Унинг оиласига ва ўзбек ­халқига бу мусибатни енгиб ўтиш  йўлида сабр-бардош тилайман”.

Мамлакатимизнинг Кобулдаги элчихонасига Афғонистон ­Ислом Республикаси миллий бирлик ҳукумати Ижроия ­кенгашининг раиси Абдулла Абдулла ташриф буюрди:

“Ислом Каримов ўз халқининг фаровонлиги учун жуда кўп ­меҳнат қилган нуфузли раҳбар ва севимли арбоб эди.

Ўзбекистон халқига сабр-­тоқат, бардамлик ва фаровонлик тилайман”.

Республикамиз Биринчи ­Президенти Ислом Каримовнинг вафоти тўғрисидаги хабар ­Японияда ҳам чуқур қайғу билан қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонасига Бош вазир ўринбосари, молия вазири Таро Асо ташриф буюриб, қуйидагиларни таъкидлади:

“Жуда қаттиқ қайғудаман. ­Ислом Каримов буюк инсон ва Япониянинг ҳақиқий дўсти эди. Мамлакатингизга бир неча ­маротаба борганман ва у киши билан суҳбатлашганман. Бизга чин дўст бўлган Ўзбекистоннинг шаклланиши ва изчил ривож­ланиши буюк давлат арбоби ­Ислом Каримовнинг номи билан боғлиқдир. Унинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатда ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорлик сақланиб турибди. Республика бундан кейин ҳам муваффақиятларга эришишига ва ­Япония билан дўстона муносабатларини сақлаб қолишига ­ишонаман”.

Таиланд  Қироллиги Бош ­вазири ўринбосари, мудофаа ­вазири Правито Вонгсуван ­бошчилигидаги ҳукумат ­аъзоларининг бир гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг Банкокдаги Бош консулхонасига ташриф ­буюрди. 

Бош консулхона вакиллари билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида  Ўзбекистон мустақиллик йилларида Ислом Каримов раҳбарлигида эришган муваффақият­ларга юқори баҳо берилди. Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўз­лаган сиёсати туфайли мамлакатимиз жаҳонда ҳукм сураётган мураккаб шароитда ҳам тинчлик ва ­барқарорликни таъминлаш, ­иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларига эришганлиги ­таъкидланди.

Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонасига Туркманис­тон ­Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ташриф буюрди. “Бугун бутун Туркманистон халқи қардошлари — Ўзбекистон фуқаролари билан бирга мотам тутмоқда. Ислом Каримов мамлакатимиз ва ­халқимизнинг катта дўсти эди. У давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги тарихий, анъанавий қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшди.

Ўзбекистоннинг Биринчи ­Президентини дунёда нуфузли ва машҳур сиёсатчи, деб билишар эди. Унинг халқаро миқёсдаги ­ташаббус ҳамда таклифлари глобал ва минтақавий аҳамиятга молик кенг қамровли ва узоқ муддатли ­дастурларга асос бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ­Биринчи Президентининг порлоқ хотираси Туркманистон халқининг қалбида абадий сақ­ланиб қолади”.

Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири ­Сирожиддин Аслов мамлакатимизнинг Душанбе шаҳридаги элчихонасида бўлиб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти сиймосига юксак баҳо берди.  

“Ислом Каримов янги суверен давлат вужудга келган муҳим паллада республикага етакчилик қилгани ҳолда, мамлакат ривожланишининг хусусияти ва мазмунини белгилаб берган машҳур давлат арбоби сифатида тарихдан жой олди. Донишмандлиги ва узоқни кўра олгани туфайли  юксак эътирофга сазовор бўлди ва мамлакат ташқарисида дунё тан олган сиёсатчи номини қозонди”, деди Тожикистон ­ташқи ишлар вазири.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Пекиндаги Котибиятида ушбу қайғули воқеа муносабати билан мотам маросими ташкил этилди. ШҲТ Котибияти жамоаси бир дақиқа сукут сақлагани ҳолда, Ислом Каримовнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасига ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ташриф буюрди. У атоқли ­давлат арбоби вафоти муносабати билан чуқур қайғу изҳор этар экан, қуйидаги фикрларни билдирди:

“Ислом Каримов ўз халқининг қалбида ва жаҳон сиёсатида жуда чуқур из қолдирди. Биз унинг номини, эзгулиги ва оқиллигини доимо ёдимизда сақлаймиз. Тарих ва авлодлар бу ­машҳур давлат арбобининг ­юксак салоҳиятига муносиб баҳо ­беришига ишонамиз.

Биз Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда самарали сиёсий тизим яратилиши ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишидаги хизматларини қадрлаймиз. Ана шундай омиллар туфайли республика дунёнинг изчил ривожланиб бораётган мамлакатига айланди. Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни ­сақлашда Ўзбекистон раҳбари катта ўрин тутганини алоҳида таъкидлаш керак.

Ўзбекистон Биринчи Президентининг ШҲТ ривожига қўшган ҳиссаси юқори баҳога сазовордир. Унинг сиёсатчи сифатида узоқни кўра билиши ва дипломатик маҳорати Ўзбекистоннинг 2015-2016 йиллари ШҲТдаги ­раислиги даврида ҳамда ташкилотнинг Тошкент саммити юқори савияда ўтказилганида яққол ­намоён бўлди. Ҳиндистон ва ­Покистоннинг ШҲТга аъзо ­давлат мақомини олиш йўлидаги ­мажбуриятлари тўғрисидаги ­меморандумлар имзоланиши Тошкент саммитининг муҳим ­воқеаларидан бўлди”.

Ўзбекистон Республикасининг Париждаги элчихонасига ЮНЕСКО Бош директори ўринбосари Эрик Фолт ташриф буюриб, қуйидагиларни айтди:

“Ислом Каримовнинг ҳаётдан кўз юмгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қарши олдим. Бу ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотиш муносабати билан ЮНЕСКО Бош директори ва ўз номимдан Ўзбекистон халқига ва Президент оиласига чуқур ҳамдардлик ­билдираман.

ЮНЕСКО Ўзбекистон ва ташкилот ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Президент Ислом Каримовнинг кўп йиллик саъй-ҳаракат­ларини юқори баҳолайди. Давлатин­гиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий жабҳа, шу жумладан, таълим тизимини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини дунёга кенг тараннум этиш борасида муваффақиятларга эришилгани эътиборга сазовордир”.

Япония мудофаа вазири ­Томоми Инада Ўзбекистон Йўлбошчисининг хотирасини ёдга олиб, республикамизнинг Токиодаги элчихонасига келди.

“Ўзбекистонда мустақиллик йилларида Биринчи Президент раҳбарлиги остида мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Бундай йўқотишга қарамасдан, биз Япония ва Ўзбекистон ­ўртасидаги ҳамкорликни бундан кейин ҳам янада мустаҳкамлашга интиламиз.

Халқингизнинг қайғусига ­шерикмиз ва японияликлар ­номидан Президентнинг оила аъзолари ҳамда Ўзбекистон ­халқига ­чуқур таъзия изҳор ­этаман”.  

Ўз навбатида, Сингапур ­Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг давлат вазири Жозефин Тео Ўзбекистон ­Республикасининг Сингапурдаги элчихонасига келиб, ҳамдардлик китобига ўз таъзияномасини ёзиб қолдирди.

Корея Республикасининг собиқ Президенти Ли Мён Бак бир гуруҳ ҳукумат вазирлари ҳамроҳлигида Ўзбекистоннинг ­Сеулдаги элчихонасига келди. Мамлакатнинг собиқ раҳбари шундай деди:

“Менинг чуқур таъзиямни қабул этгайсизлар. Мен ҳеч қачон дўстимни унутмайман. Яратган унинг оиласи ва Ўзбекистон ­халқини ўз ҳимоясида асрайди.

Биз Ислом Каримов билан яқин дўст эдик, тез-тез кўришиб турардик. Рўй берган ҳодиса мен учун сира кутилмаган воқеа бўлди. Мен яқин дўстимдан ­айрилдим”.

Ислом Каримов вафоти муносабати билан Қирғизистон ­Республикасининг собиқ ­Президенти Роза Отунбаева ҳам чин дилдан таъзия билдирди:­

“Сўнгги 25 йил давомида биз мураккаб тарихий йўлни босиб ўтдик. Бугун минтақамиз умумжаҳон миқёсида катта аҳамиятга молик эканлигининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Ислом Каримов минтақамизнинг энг машҳур ­сиёсатчиларидан бири, десак, хато қилмаган бўламиз. Мен у билан Қирғизис­тон ва Ўзбекистонда, хорижий давлатларда, нуфузли тадбирлар, олий даражадаги учрашувларда кўп марта учрашганман. Хусусан, биз Қирғизистон учун қийин ва хатарли даврлар — 2005 — 2010 йиллар оралиғида бир неча бор ­юзма-юз мулоқотда бўлганмиз. ­Президент Ислом Каримовнинг қарорлари биз учун ўта муҳим  аҳамиятга молик эди. Қирғизистоннинг ўша ­мушкул вазиятдан чиқиб кетишига Ўзбекистоннинг Биринчи ­Президенти шароит яратди, ­десам, асло хато қилмаган ­бўламан. Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг тиним билмай ­ишлаганига қойил қоламиз. Биз минтақамизда шундай раҳбар бўлгани билан фахрланишимиз керак”.

Мамлакатимизнинг Токиодаги элчихонасига ташриф буюрган Япониянинг собиқ Бош вазири, 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпиада ўйинларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ­раиси Йоширо Мори Ислом ­Каримов портрети олдида бош эгиб, гул қўйди ҳамда ўз ҳамдардлигини  таъзия китобида ёзиб қолдирди ва ­қуйидагиларни таъкидлади:

“Мустақиллик йилларида ­Ислом Каримов республикани самарали бошқарди ва халқнинг катта ишончини қозонди. Шахсан мен Ўзбекистон Президенти билан бир неча марта учрашганман ва у кишини матонатли ҳамда буюк сиёсатчи сифатида ҳурмат қилганман. Ислом Каримов ­менга ҳадя этган иккита миллий зарчопон бор. Ҳанузгача уларни ­асраб-авайлайман, шахсий музейимда бебаҳо бойлик сифатида ­сақлаяпман.

Ўзбек дўстларимнинг қайғусига шерикман. Ислом Каримовнинг қариндошларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлигимни ­билдираман”.

Республикамизнинг ­Мадриддаги элчихонасига келган Испаниянинг собиқ ­ташқи ишлар вазири Михель Анхель Моратинос қуйидаги фикрларни билдирди:

“Мен хизмат юзасидан турли даврларда Ислом Каримов ­билан учрашганман ва ҳамиша унинг халқаро майдондаги вазиятни ­чуқур билиши ҳамда турли маданиятлар ўртасида келишувни топиш ва мулоқот қилиш ­қобилиятига қойил қолганман. У замонамизнинг бутун дунёга оид мураккабликларидан, шунингдек, сиёсий ва иқтисодий хавф-хатарларидан воқиф эди. Ислом ­Каримов мамлакатда ва минтақада хавфсизликни таъминлаш йўлларини тинимсиз қидирган. Унинг вафоти — буюк йўқотиш”.

Шу кунларда Ўзбекистон ­Президентининг вафоти муносабати билан Греция жамоатчилиги ҳам ўзбек халқининг қайғусига шерик. Ушбу давлатнинг ­ижтимоий-сиёсий, илмий-академик, ишбилармон доираларининг кўплаб вакиллари мамлакатимизнинг Афинадаги Бош консулхонасига келиб турибди. Улардан миллий парламент ­депутати, “Греция — Ўзбе­кистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Хайза Зейбек қуйидаги сўзларни ­изҳор этди:

“Ўзбекистоннинг Биринчи ­Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан ўзимнинг чуқур таъзиямни билдираман. Мамлакатнинг гуллаб-яшнаши ва Ўзбекистон халқининг фаровонлиги йўлида давлат раҳбари бошлаган эзгу ишлар келажакда ҳам давом этишини тилаб ­қоламан”.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасига келган Бирлашган Қироллик парламентининг Лордлар палатаси аъзоси, Британия — Ўзбекистон жамияти президенти ­Фредерик Понсонби Ўзбекистон раҳбари хотирасига ҳурмат бажо келтириб, қуйидагиларни айтиб ўтди:

“Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда етакчи давлат бўлиб ­шаклланишида Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёсдир. Мамлакат бой маданий меросга эга, ўзининг демократик институтларини ривожлантирмоқда. Мустақилликнинг 25 йили давомида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда улкан тараққиётга эришилди. Ўзбекистоннинг айнан ўзи Президент ­Ислом Каримовга қўйилган ҳайкалдир”.

Буюк давлат арбобидан жудо бўлган ўзбек халқининг мусибатига шерик бўлган Женева ­Дипломатия клуби президенти Роберт Блум БМТ Женева бўлими ҳузуридаги мамлакатимизнинг доимий ваколатхонасига келиб, Ўзбекистон суверен давлат ­сифатида шаклланишида Ислом Каримовнинг хизматларига юқори баҳо берар экан, қуйидаги фикрларни айтди:

“Ўзбекистоннинг Биринчи ­Президенти мамлакатни демократлаштириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича улкан ишларни амалга оширдики, ўша даврнинг реалликлари ҳисобга олинадиган бўлса, бу шубҳасиз, мураккаб ва фавқулодда аҳамиятга молик бўлган миссия эди. Қисқа давр ичида Ислом ­Каримов республикани том ­маънодаги мус­тақил мамлакатга айлантирди.

Ўзбекистон Биринчи ­Президентининг вафоти республика аҳолиси учун жуда катта йўқотишдир. Ўзбек ­халқига мамлакатда мустаҳкам тинчликни асрагани ҳолда, ўзининг Етакчиси аниқ-равшан белгилаб берган йўлни давом эттиришини ­тилайман”.

 

Шаҳриёр ТУРҒУНБОЕВ,

«Жаҳон» АА шарҳловчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn